Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№24 дан: 11.06.2015

Юз билан юзлашганлар

МЕҲНАТ ИНСОННИ УЛУҒЛАЙДИ,

- дейди юз билан юзлашган ҳодисахон момо ҳамдамова.

Жалақудуқ тумани, Ёрқишлоқ шаҳарча фуқаролар йиғини Қашқар маҳалласида ўзининг муборак юз ёшини қарши олган Ҳодисахон Ҳамдамова исмли табаррук онахон яшайди.

Ходисахон момонинг болалиги юртимизда жамоалаштириш деган оғир бир даврга тўғри келган. Ўша йиллари оиласининг тирикчилик манбаи бўлган сигир-бузоқ ва бир нечта қўйлари ихтиёрий-мажбурий тарзда колхозга топширилди. Ана шу оғир пайтлардаги қийинчиликлар, оғир меҳнат ҳар қандай одамнинг тинка-мадорини қуритарди. Тонг саҳардан кеч оқшомгача фақат бир бурда нон учун тинимсиз меҳнат қилинарди. Кейинроқ бошланган Иккинчи жаҳон уруши эса халқимиз бошига беҳисоб кулфатлар келтирди.

- Қаҳатчилик даврларини, уруш йилларини эслашнинг ўзи азоб, - дейди Ҳодисахон момо. - Одамлар гўё мусибатхонада яшагандай кун ўтказардилар. Урушдан азият чекмаган бирорта оила бўлмаса керак.

Турмуш ўртоғим Йўлдошвой Ҳамдамов урушга кетиб, қайтмади. Дом-дараксиз кетди. Уни узоқ йиллар кутдим. Назаримда у киши билан дийдорлашиш Маҳшарга қолди. Уч нафар фарзандимнинг иккитаси, икки қизим болалигидаёқ сувчечакдан нобуд бўлди. Умримни, ҳаётимни ёлғиз ўғлим Қосимжонга бағишладим. Мен, умуман, мен тенгқур авлод не оғир кунларни кўрмадик. Илоҳим, ундай кунларни энди ҳеч ким кўрмасин.

Онахон бошига тушган мусибатлар аламини меҳнатдан олди. Ғўза чопди, ипак қурти боқди, пахта терди. Нимаики иш бўлса, бажарди. Тўғриликда, ҳалолликда умр кечирди, ёлғиз фарзандига тарбия берди.

- Эрта баҳордан дала ишларига шўнғиб кетардим, - дейди ёш инган кўзларини артган момо ҳикоясини давом эттириб. - Ғўза чиққач, чопиқ қилардик, кейинроқ, ҳатто кечалари ой ёруғида ғўза суғорардик, сувчи ҳам, пахтакор ҳам ўзимиз - биз аёллар эдик. Кўпинча далага ер уй қилиб ётиб ишлардик, ишлаганда ҳам зарбдор бўлиб ишладик. Халқимиз меҳнат инсонни улуғлайди, деб бежиз айтмаган. Меҳнат қилиб, кам бўлмадим. Эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топдим. Фарзандимни уйлаб-жойладим.

Бугунги тинч, фаровон ҳаётга етказганига беадад шукрлар қиламан.

Бугун Ҳодисахон момо 6 нафар набираси, 20 нафар чевараси, 18 нафар эвараси, маҳалла-кўй ардоғида тўкин, тинч ва фаровон ҳаётимизга шукроналар келтириб, умр кечирмоқда. Бирор кун йўқки, маҳалладошлари, қариндош-уруғлар табаррук онахонни йўқлаб келмаса.

Салкам саксонга кираётган келини Қундузхон она доимо момонинг ёнида. "Уч келиннинг қайнонаси бўлсам ҳам ҳалигача қайнонамнинг хизматидаман", дейди онахон суҳбатимизга кулгу киритиб.

Ҳа, орамизда Ҳодисахон момодек табаррук инсонларнинг борлиги бахтимиз. Улар бор экан, хонадонларимиз файзли, уларнинг дуолари ила ҳаётимиз тинч ва фаровондир. Шу боис ҳам уларга ҳар қанча эҳтиром кўрсатсак ярашади.

Дилдора ХУШБАҚОВА,Жалақудуқ тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди