Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№26 дан: 25.06.2015

"УРРА, ЧЎМИЛИШГА БОРАМИЗ"

ёхуд чўмилиш пайтида фарзандингизни назоратсиз қолдирманг!

Ҳар фаслнинг ўзига хос шукуҳи, завқу гашти бор. Сўлим ёз пишиқчилик ва сероблик

мавсуми бўлиши билан бирга, йил давомида сарфланган қувватни қайтариш учун

яхшигина имконият даври ҳам ҳисобланади.

Айниқса, жазирама ёз қуёши остида тип-тиниқ зилол сувда чўмилиб, офтобда тобланганга нима етсин? Ёз фаслини болажонлар катталардан кўра кўпроқ яхши кўришига шубҳа йўқ. Ёзги таътилда уч ой мазза қилиб дам олиш, қишлоқдаги момо-бобони кўриб келиш баҳонасида ариқ-анҳорларда, хиёбонлардаги фаввораларда қийқириб-яйраб чўмилишни хуш кўрмайдиган боланинг ўзи топилмаса керак.

Юртимизга кўз тегмасин, ҳордиқ чиқариш учун каттаю кичикка бирдек ёқадиган шароитлар муҳайё этилган. Бироқ очиқ чўмилиш ҳавзалари, ариқ-зовурлар сувининг сифати кўнгилдагидекми? Дуч келган очиқ сув ҳавзасида чўмилиш мумкинми? Турли даражадаги ифлосланган сув инсон организмига, айниқса, болаларга чўмилиш чоғида нечоғлик таъсир кўрсатади?

ҚОИДАЛАРГА РИОЯ ҚИЛИНГ

Чўмилиш кишига ғайрат ва шижоат бахш этади. Кайфиятни кўтаради. Шу билан бирга, саломатликка ҳам фойдали жиҳатлари кўп. Бироқ ҳар нарсада бўлгани каби чўмилишда ҳам меъёр ва чўмилиш билан боғлиқ қоидаларни асло унутмаслик керак.

Фавворалар ёки бошқа турғун сув ҳавзаларида чўмилиш гигиена қоидалари ҳамда маданиятга хос эмас. Айрим ота-оналар фарзандларига фавворалар ёки ифлосланган сув ҳавзаларида чўмилиш нотўғри эканини тушунтирмайдилар. Қайтанга уларнинг чўмилишини томоша қилиб, завқланиб тураверадилар. Бу мутлақо нотўғри. Фавворалардан отилаётган сувларнинг тозалигига ҳеч ким кафолат бермайди. Чунки улар кўча ва хиёбонларнинг кўркини яна-да очиш ва атрофга салқинроқ ҳарорат беришга мўлжалланган. Шу жумладан, хиёбонлардаги кўл ва ҳовузларда ҳам чўмилиш мақбул эмас. Фақат сузиш ва чўмилиш учун мўлжалланган махсус жойларда чўмилиш тавсия этилади.

ДИҚҚАТ, БУНИ ЁДДА ТУТИНГ!

Турғун ёки лойқа, оқмас сувда ва ариқда сурункали чўмилиш натижасида болаларда ичак ва тери касалликлари пайдо бўлиши мумкин. Лойқа сув ўз номи билан бўтана ва тозаланмаган сув. Унда турли тери касалликларига мойиллик туғдирувчи бактериялар, замбуруғлар бўлади. Боланинг танаси нозик бўлгани учун тез зарарланади. Чўмилиб бўлгач, узоқ вақт офтобда тобланиш ҳам зарарли. Тоғдан оқиб келувчи оқар сув ёки ҳар куни тозаланадиган сув ҳавзаларида чўмилиш фойдали. Чўмилиш ҳавзаларига борганда эса, албатта, шифокор кўригидан ўтиш зарур. Айниқса, болаларнинг шифокор кўригидан ўтмай туриб чўмилишлари тавсия этилмайди. Агар чўмилиш ҳавзасида шифокор фаолияти йўлга қўйилмаган бўлса, у ерда чўмилмаган маъқул.

ҲУШЁРЛИКНИ УНУТМАНГ!

Айни ёз мавсумида чўкиш билан боғлиқ мудҳиш ҳодисалар кам бўлса-да, учраб туради. Бундай фожеага асосан ота-оналар, катталар томонидан назорат бўшаштирилгани, ёшлар орасида тушунтириш ишлари қониқарсиз олиб борилаётгани, шунингдек, айрим сузишни билмайдиган болаларнинг назоратсиз чўмилишлари ёки спиртли ичимлик ичиб олиб чўмилиш сабаб бўлади. Бундай нохуш ҳолатлар "бахтсиз ҳодиса" дея тавсифлангани билан, уларга йўлиқмаслик инсоннинг ўз қўлида. Бунинг учун тақиқланган жойларда, турғун сув ҳавзаларида чўмилмаслик ва тез оқар, жуда чуқур анҳор ҳамда сойларда мавзуд қоидаларга амал қилган ҳолда чўмилиш керак.

Оқар сувда чўмилиш жараёнида ўта ҳушёрлик талаб этилади. Агар сиз сузишни билмасангиз, яхшиси, тез оқар сувда чўмилмаганингиз маъқул. Ёки чўмилишга, албатта, бирор бир ҳамроҳ билан бориш, қолаверса, чўмилишга боришдан аввал сузиш қоидалари билан танишиб, имконини қилиб бассейн ёки бошқа чўмилиш ҳавзаларида сузиш борасида ўзингизни синаб кўришингиз тавсия этилади.

СУЗИШ ҚОИДАЛАРИ

Болалар ёки биринчи маротаба сувга тушган катта ёшдагиларни сузишга ўргатиш жойи 60 - 90 сантиметргача чуқурликда бўлиши керак. Бундай чуқурликда одам сувдан чўчимайди, чунки оёғи таянч нуқтага эга бўлади. Очиқ сув ҳавзаларида сузишга ўрганишда, албатта, сувнинг чуқурлиги билан бирга, оқим тезлигини ҳам эътиборга олиш лозим. Оқим тезлиги дақиқасига 10 метрдан ошмаслиги зарур. Ёз ойларида фарзандларимизни сузишга ўргатиш вақтини тўғри танлаш керак. Айрим ота-оналар куннинг иссиқ пайтидагина (соат 13:00-15:00) сузишга ўргатишга ёки чўмилишга рухсат беришади. Аслида эса эрталаб соат 10.00 дан 12:00 гача ва кечқурун соат 17:00 дан 19:00 гача қуёшнинг ультрабинафша нурлари кўп бўлади ва ана шу соатларда чўмилиш жуда фойдали. Чўмилиш муддати 5 дақиқадан 25-30 дақиқагача давом этиши мумкин, унда боланинг ёши, сузишга тайёргарлиги, сувнинг ҳароратига эътибор бериб, сузиш муддати аста-секин ошириб борилади. Ёз пайтлари катта ёшдаги болалар сув ҳарорати Қ18 бўлганда, кичик ёшлардагилар Қ20 Қ28 дан кам бўлмаганда очиқ сув ҳавзаларида чўмилишлари мумкин. Агар сувнинг ҳарорати 16 дан паст бўлса, чўмилиш тавсия этилмайди. Сувга тушишдан аввал бош ҳамда кўкракни ҳўллаб, сўнг шўнғиш керак. Чўмилиш жойини чеклайдиган, кўпириб оқаётган сувга шўнғиш мумкин эмас.

МУМКИН ЭМАС...

Чарчаган, сувда узоқ вақт қолиб кетган, оч қолган ҳолда, шунингдек, спиртли ичимлик истеъмол қилган, чанқаган ёхуд қандайдир касаллик безовта қилаётган пайтда чўмилиш мумкин эмас.

Айрим инсонлар сув ҳавзаларига спиртли ичимликлар ичган ҳолда келишади. Маълумки, спиртли ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш натижасида инсон танасини бошқара олмай қолади. Маст ҳолатда чўмилишнинг оқибати яхшиликка олиб бормаслиги тайин.

"ЁРДАМ БЕРИНГ,

ЧЎКЯПМАН!"

Чўкиш нафас йўлларининг сув ва бошқа суюқликлар билан тўлиб қолиши оқибатида юзага келадиган ҳолатдир. Чўкаётган одамни сувдан олиб чиқиш ҳам катта маҳорат талаб этади. Чўкаётган кишига орқа томондан сузиб яқинлашиш, сочи ва қўлтиғи остидан ушлаб, юзини тепага қаратиб, ўзингизни ушлаб олишга йўл қўймаган ҳолда қирғоққа қараб сузиш керак. Ҳаракат усулларидан бири чўкаётган кишининг чангак қучоғидан ушлаб олишдир.

Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чўккан кишининг аҳволига боғлиқ. Агар у ҳушини йўқотмаган, юрак фаолияти ва нафас олиши сақланган бўлса, бошини пастга эгган ҳолда қуруқ қия жойга ётқизиш ва шундан кейин уни ҳўл ёки қуруқ сочиқ билан артиш керак. Имконияти билан унга иссиқ ичимлик (чой, қаҳва) ичириб, иссиқ кўрпага ўраш ва тинчлантириш талаб қилинади.

Агар жабрланувчининг мустақил нафас олиши йўқолиб, юрак фаолияти сақланиб қолса, унинг нафас йўллари тозаланиб, иложи борича тезроқ сунъий нафас олдиришга киришилади. Вақтида ва малакали кўрсатиладиган биринчи тиббий ёрдам жабрланувчининг ҳаётини асраб қолади.

ХУЛОСА

Чўмилиш ҳавзаларидан фойдаланганда ҳушёр бўлиш, бу борада маълум қоидаларга амал қилиш ҳамда фарзанд-ларимизнинг таъқиқланган жойларда чўмилмаслигини назорат қилишни унутмаслигимиз даркор. Ёзни соз ўтказиш ўз қўлимизда.

Минурахон БОЗОРОВА, болалар шифокори.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди