Жаннатга ўхшайсан, жон Андижоним!
Кўнгилда жўш урар ажиб ифтихор,
Ғурурга кўмилар тандаги жоним.
Ҳатто номинг айтсам, ёзилар ғубор,
Жаннатга ўхшайсан, жон Андижоним!
Ободликдан олиб файз-тароватни,
Яшнайсан чамандай гулларга коним.
Сендан ўрганамиз бор саховатни,
Меҳрингни тўшайсан, жон Андижоним!
Юксалиш, ривожнинг тутиб қўлидан,
Чирой очмоқдасан гўзал маконим.
Бахт сабоси эсиб ўнгу сўлидан,
Мағрур яшагайсан, жон Андижоним!
Биз сенинг муносиб ўғил-қизингмиз,
Мадҳинг куйлайверар дилим, забоним.
Келажак эгаси, ёруғ юзингмиз,
Мангу яшнагайсан, жон Андижоним!
Гулзиё ЖЎРАЕВА.
|