Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№27 дан: 02.07.2015

Бугуннинг гапи

ЯНА ТЕЛЕФОНДА СУҲБАТЛАШИШ ОДОБЛАРИ ҲАҚИДА

Давримиз тараққийлашиб боргани сари ҳаётимизга техника ва технология билан боғлиқ янгиликлар тобора чуқурроқ кириб келмоқда. Хусусан, бугунги кунга келиб, мобиль телефон ва интернет нафақат жамиятимизнинг, балки ҳар бир шахс ҳаётининг ажралмас қисмига айланди.

Ҳаётда ҳамма нарсанинг яхши ва ёмон томонлари бўлгани каби биз айтиб ўтган телефон ва интернетнинг ҳам ижобий ва салбий томонлари бор. Улар ҳақиқатдан узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилади, ишларимиз тез ва сифатли бўлишини таъминлайди. Бироқ уларнинг саломатлигимизга, халқимизнинг одоб-аҳлоқ меъёрларига ҳамда маънавиятимизга салбий таъсирини ҳам унутмаслигимиз керак.

Бугун мобиль телефондан деярли ҳар бир инсон фойдаланмоқда. Демак, ундан оммавий тарзда фойдаланяпмиз. Аммо телефондан фойдаланиш жарааёнида сўзлашиш маданиятига, одоб-аҳлоқ меъёрларига амал қиляпмизми, деган савол туғилиши табиий. Минг афсуски, ушбу саволга қатъий тарзда ижобий жавоб айта олмаймиз. Келинг, яхшиси, бу ҳақда мулоҳаза юритиб кўрайлик.

* * *

Йўловчи дамасда ишдан уйга қайтаётгандим. Олд ўриндиқдаги аёлнинг телефони жиринглаб қолди. Аёл қўнғироқ эгаси билан номигагина саломлашди. Жамоат жойда экани ёдидан кўтарилди. Ўзини бемалол тутиб, овозига эрк бериб гаплаша бошлади. Бирдан қўнғироқ эгасининг гаплари ёқмади, шекилли, тутоқиб кетди. Афтидан гўшакнинг нариги томонидаги одам аёлнинг турмуш ўртоғи бўлиб, хорижда ишлаши йўловчи ҳамроҳимизнинг тергашларидан шундоққина билиниб турарди. Аёл машинада кетаётганини буткул унутди. Пул жўнатмаётган эрига телефон орқали шундай ҳақоратли сўзлар гапирардики, унинг ўзини тутиши, гап-сўзларидан уялиб кетдим. Ҳатто, телефонда "суҳбатлашаётгани"ни унутган бу аёл жамоат жойда эканини, сўзлашиш маданиятидан умуман бехабар эканини намо-йиш қилди.

* * *

Бир танишимга иш юзасидан қўнғироқ қилмоқчи бўлдим. Ҳадеганда рақам банд бўлаверди. Орадан ярим соатга яқин вақт ўтгач, яна қайта қўнғироқ қилдим. Аммо ҳамон банд. Бироздан сўнг унинг ўзи телефон қилди. Мен унинг рақами тинмай банд бўлганини айтсам, у хотиржамгина дугонаси билан суҳбатлашганини айтди.

Қизиқ, телефон зарурий мулоқот воситаси экани, унда сўзлашиш маданиятига амал қилиш лозимлигини айрим одамларга қандай тушунтириш керак?! Айрим маънавияти паст шахслар ҳатто, ўзаро ҳал қилиниши керак бўлган масалаларни ҳам жамоат жойларда, транспортда телефон орқали муҳокама этишлари бизнинг маънавиятимизга умуман, мос эмас. Бу калтафахмлик, ўз ҳурматини билмасликдан бошқа нарса эмас.

Гоҳида ёши улуғ инсонлар бундай маданиятсизликка чидолмай, "бу телефон деганлари роса сиз учун ўйлаб топилган экан-да", дея юмшоқлик билан дакки берганларининг гувоҳи бўламиз. Бироқ ўзимиз ёнгинамизда телефонда сўзлашиш жараёнида ҳурмат чегараларини бузаётган айрим кимсаларни тартибга чақирмаймиз. Ўз кўнглимизда биз ҳам "одоб сақлаймиз". Аслида эса бу андишамиз билан тарбиядан, одоб-аҳлоқдан тобора узоқлашиб бораётганлигимизни сезмаймиз. Бу жараён назаримда "оммавий маданият"нинг тобора илдиз отиб, ҳаётимизга кўрсатаётган таъсиридир.

Шу ўринда мавзу доирасида мутахассис фикрига қулоқ тутайлик:

- Бугунги кунда мамлакатимизда 26 миллиондан ортиқ аҳоли уяли алоқа воситаларидан фаол фойдаланмоқда, - дейди АДУ психология кафедраси мудири, доцент Наима ҲАЛИМОВА. - Мобиль телефондан фойдаланишга бўлган эҳтиёж аниқ ва мақсадли бўлса, бу жараён шахс руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. Вилоятимизда қўл телефонидан фойдаланувчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил этиши, ҳатто айрим ўсмир ёшлар 2 тадан мобил телефонидан фойдаланишлари ушбу матоҳ ёшлар ҳаётига қанчалик чуқур кириб борганидан дарак беради.

Мобиль телефондан фойдаланиш кўламини ўрганиш мақсадида ўтказилган сўровномада, иштирок этганларнинг 70 фоизи телефондан асосан алоқа-алмашинув мақсадида фойдаланишларини, қолган қисми эса "смс" хабарлар жўнатиш, ўйинлар ўйнаш, соатдан, интернетдан фойдаланиш мақсадида ишлатаётганликларини айтиб ўтганлар.

Энди телефонда сўзлашиш маданияти масаласи ҳам муҳим жиҳат эканлигини асло унутмаслигимиз лозим. Суҳбат жараёнида қўл ҳаракатлари, имо-ишоралар ва образли кўринишларнинг ишлатилиши ноўрин ҳисобланади. Агар атрофда одамлар бўлса, овоз баланд-пастлиги, эмоционал ҳолатлар (кулиш, ғазабланиш) мутлақо мумкин эмас. Бундан ташқари, йиғилишларда, дарсхоналарда мобил телефондан фойдаланиш қатъиян маън этилади. Жамоат жойларда, айниқса, транспорт воситаларида имкони борича телефонда гаплашмаслик лозим, агар зарурат юзасидан гаплашишга тўғри келса, бир, бир ярим дақиқадан ортиқ суҳбатлашиш атрофдагиларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади, уларга нисбатан ҳурматсизлик ва маданиятсизлик ҳисобланади. Қолаверса, шифокорларнинг эътироф этишича, мобиль телефонда узоқ суҳбатлашиш асаб тизимига кучли таъсир қилади. Хотиранинг сусайиши, кўзнинг кўриш қобилиятининг заифлашишига ва инсон жисмининг нурланишига олиб келади. Шунингдек, уяли алоқа воситалари орқали суҳбатлашилганда, маълумотларни саралаш, тушуниш, таҳлил қилиш учун имкон қолмайди. Натижада киши миясида зўриқиш юзага келади. Бу эса янги "хасталик"ни - "ахборотдан толиқиш"ни келтириб чиқаради.

* * *

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшлар мобиль телефон орқали суҳбатлашиш маданиятига эга бўлиши керак. Бунинг учун эса тарғибот ишларини кучайтиришимиз, хусусан, ёши катталар, ота-оналар, ўқитувчи-мураббийлар томонидан панд-насиҳат тарзидаги тушунтиришлар кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Азиз юртдош! Телефонда сўзлашиш жараёнида одоб-аҳлоқ меъёрларини асло унутмайлик.

Зилола РАҲМОНОВА.

Таҳририятдан: муштарийларимизда мавзу доирасида фикр ва мулоҳазалар бўлса, биз билан ўртоқлашади деган умиддамиз.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди