Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№30 дан: 23.07.2015

ҲАЁТ - ИБРАТ МАКТАБИ

ОМАД КУЧЛИЛАРГА БОҚАДИ

Ирода - инсоний фазилатлар орасида эркагу аёлга бирдек зийнат бўладиган хусусият. Иродали инсон сабрдан сарпо кияди, тоқат тоғини забт этиб, аҳдига вафодор, сўзида собит, мақсад йўлида тетик туради. Бу фазилат билан сийрати зийнат топган аёл эса дунёдаги энг гўзал, энг лобар аёл бўлади десак, муболаға бўлмайди. Таассуфки, айрим аёллар иродасизлик қилиб арзимаган қийинчиликлар олдида енгиладилар. Ақл ва фаросат билан осонгина ечим топадиган муаммоларни бир умрга етгулик фожеага айлантирадилар. Оқибатда эса...

Эр масъулиятсиз бўлса...

Зилола эри билан севишиб-синашиб турмуш қурганди. Аммо инсоннинг қандайлиги у билан бир том остида яшаганда билинар экан. Эри Мақсуд меҳнатга бўйни ёр бермайдиган, танбал, беҳуда орзу-хаёлларга берилувчан инсон чиқди.

Мақсуд пул топиш, бойиб кетиш ҳақида ширин орзулар қилардию, орзусини амалга оширишга келганда, имкониятлар йўқлиги ва яна нималарнидир рўкач қиларди. Бора-бора рўзғорнинг барча оғир-енгили Зилоланинг гарданига тушди. Зилола бир-икки марта эрига рўзғорни таъминлаш, бошқариш эркак кишининг вазифаси эканини тушунтирмоқчи бўлди, эплолмади. Охири тақдирига тан берди. Бирин-кетин болали бўлишди, болалар улғайгани сари сарф-харажат кўпайиб боради. Зотан, инсоннинг барча орзу-ҳаваси фарзандлари билан боғлиқ.

Қимматга тушган таклиф

Шундай кунларнинг бирида яқин бир дугонаси Зилолага хорижда ишлаб келишни таклиф қилди:

- Эрта-индин қизинг, ўғлинг бўйга етиб келади,- деди дугонаси ғамхўрлик оҳангида. - Бирига сарпо-сеп, бирига уй-жой қилишинг керак, ўқитишинг, касб-кор ўргатишинг керак. Мен ҳам болаларимни ўкситмай, орзу-ҳавасларини рўёб қилишим керак. Хуллас, хоҳласанг мен билан юр, уч-тўрт йил чет элда ишлаб қайтсак, ҳаммаси изига тушади. Менинг болаларимга онам қарайдилар, сен ҳам болаларингни ота-онангга топшириб кетсанг бўларди.

Зилола уйдагиларининг қаршилигига қарамай, болаларни ота-онасига қўйиб, дугонаси билан хорижга кетди. Машаққат ва қийинчилик билан топган пулларини тийин-тийинигача онасига жўнатиб турди. Шу алфозда икки ярим йил тишини тишига босиб ишлади. Онасининг қўлидаги жамғарма ҳам анчагина бўлди. Болаларини соғиниб, дугонасининг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай юртга қайтди. Болалари соғ-саломат, бўйлари чўзилиб қолибди. Онаси қизига уч йил мобайнида юборган пулларини тийин-тийинигача санаб берди.

- Болаларга харажат қилмадингизми, онажон?- деди Зилола пулни кўриб.

Отанг иккимизнинг нафақамиз, томор-қадан чиққан мева, сабзавотларнинг пули ҳали иккита экан-ку, ўнта болани боқишга ҳам етади қизим. Буёғидан хавотир олма, болаларингни еб-ичиш, кийинишдан кам қилмадик. Энди ҳеч қаёққа кетмай, болаларингни ўзинг тарбияла, меҳрингга муҳтож қилма, - деди онаси негадир қизидан кўзларини олиб қочиб. Зилола болалари ва ота-онасини соғингани учун авал ўз уйига бормай, тўғри онасиникига келди. Кейинги пайтларда эрининг телефонига қўнғироқ қилиб тушолмас, олти ойдан бери атиги уч марта Мақсуд билан СМС орқали гаплашишганди. Зилола онаси дамлаган ошни еб бўлганларидан сўнг болаларига "нарсаларингизни йиғиштиринг, энди ўзимизни уйга кетамиз" деганди, болалар бир бувисига, бир онасига қараб мунғайиб қолишди. Шунда онаси минг истиҳола билан эри бундан етти ойча аввал ўтириб қолган бир қизга уйланганини айтди. Зилоланинг кўз олди хиралашиб, нафаси сиқди, боши айланиб ҳушидан кетди...

"Энди нима бўлади?!.."

Касалхонада кўзини очган Зилола тақдирнинг бешафқат зарбасидан қаттиқ ўксинган, ҳаётдан буткул совуган эди. Ҳеч ким билан гаплашмас, онаси мажбурлагани учун овқатга истар-истамас қўл урар, шу топдаям деразага музтар тикилиб эрини, бир пайтлар уни еру кўкка ишонмай севган Мақсуд акасини кутарди.

Касалхонадан чиққач, бир муддат нима қилишни билмай боши қотиб қолди. Хорижда ишлаган пулига фақат икки хонали уй олиши мумкин, хўш ундан кейин-чи? Уй олгандан сўнг ҳам тирикчилик, болаларнинг сарф-харажати бор-ку, уларни нима қилади? Зилоланинг кучи фақат кўз ёшига етар, ўйлаб ўйига етмасди. Шундай кунларнинг бирида уйда зерикиб ўтирган Зилолани маҳалладош дугоналари йўқлаб чиқди. Қизлар орасидан Сабоҳат дегани Зилолалар билан тенгдош, аммо ногирон бўлгани учун тенги топилмай узатилмаган қиз ҳам бор эди. Авваллари Сабоҳат одамларга қўшилмас, ҳеч ким билан гапирмас, тўй-тўйчиқларга аралашмас, одамлардан қочиб юрарди. Энди эса бир гапириб ўн кулади, тўлишиб, аввалги сўлғин қиёфасидан асар ҳам қолмабди. Боз устига дугоналари Сабоҳатнинг фотиҳа тўйи бўлганини, яқинда тўй бўлишини, уни тўйга айтиб чиққанларини айтишганди, Зилоланинг ҳайрати минг чандон ошди.

"Иродамга суяниб "текинхўр" деган маломатдан қутулдим!"

- Зилол, меҳнат одамни даволар экан, пул - белнинг қуввати деганлари рост экан, дугонажон, - деди Сабоҳат ҳам дугонасининг ҳайратини фаҳмлагандай. - Уйда зерикиб ётиш, келинаяларимнинг "текинтомоқ" деган маломатидан ўксиниш жонимга тегиб, шаҳримиздаги ўқув марказларидан бирига ўқишга бордим. Аввал бошида жуда қийналдим, лекин иродамга суяниб, текинхўр деган тамғадан халос бўлиш учун тиришдим. Ҳунар ўргандим, бир эмас, бир неча ҳунарларни ўзлаштирдим. Кийим-кечак, келин либослар тикишни, келинчаклар сочини турмаклаш, бўяб-безашни ўргандим, ҳатто тортлар тайёрлашни ҳам билиб олдим. Ота-онамнинг тикув машинаси ва электр печ совға қилганлари катта ёрдам бўлди. Икки йилча ўзим буюртмалар олиб уйда ишладим, оз-моз пул жамғардим. Ўтган йили банкдан тадбиркорлик учун кредит олдим. Ҳозир тўй либослари салоним, пишириқ тайёрлайдиган цехим бор. Хуллас, энди менга ҳеч ким текинхўр деб маломат қилмайди. Яқинда хотини вафот этган бир эркакдан сўраб келишди, ота-онам кўнглимни сўраб, фотиҳа қилишди. Яхшиям ўқув марказида қийналган кезларим иродасизлик қилиб ўқишни ташлаб кетмаган эканман. Уйда ўтирган пайтларим келинаяларимнинг маломатлари жонимдан ўтиб ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўлгандим...

Фақат кучлилар енгади!

Зилола ўз-ўзидан хижолат чекди. Иродасизлик қилиб, мўмай пул топишга учиб четга ишлагани кетиб, болаларини отасиз қилиб қўйганидан ўкинди. Ногирон дугонасининг шаҳду шижоатига ҳаваси келди. "Энди иродасизлик қилиб осон йўлдан манзилга тез етиб бориш ярамайди. Етар шунча йўқотишларим, кучли бўлишим керак.. Энди ожизликдан халос бўлишим керак!" У қаддини тик тутди ва дадиллик билан олдинга қадам ташлай бошлади...

Рухшона ФАРРУХ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди