Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№30 дан: 23.07.2015

ҚАРИНДОШЛИК РИШТАЛАРИНИ МУСТАҲКАМЛАЙЛИК!

Бугунги кунда орамизда арзимаган сабаблар туфайли ўз яқинлари, ҳатто, туғишганлари билан юз кўришмас бўлиб кетаётган айрим кишиларни кўриб таажжубга, қайғуга тушамиз. Бу ҳолат одамийликка ҳам, диний таълимотларимизга ҳам зид эканлиги барчамизга кундек равшан.

Ваҳоланки, Аллоҳ таоло жамиятнинг барча аъзолари ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ришталарини қарор топтириш улуғ ва савобли иш эканини баён этади. Жумладан, Қуръони каримда шундай дейилади: "Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз".

Аллоҳ таоло мазкур ояти каримада ҳар бир банда инсонларга қандай муносабатда бўлиш лозимлигини баён этади. Яъни, эҳсон қилиш, инсонларни яхшиликка, ўрталарини ислоҳ қилишга чорловчи бу таълимот замирида Аллоҳнинг ризолигини топиш мужассамдир.

Динимизда барча инсонларга доимо меҳр-мурувват, дўстлик ва ҳурмат билан муомалада бўлиш, шу билан бирга, қон-қариндошлик ҳақ-ҳуқуқларига қатъий риоя қилишлигимиз алоҳида таъкидланган. Ҳар бир инсон ўз оиласи, яқинлари билан қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаши ва бу борадаги бурчларини асло унутмаслиги лозим.

Инсон табиатан ана шу риштага суянади ва ундан куч-қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишда қариндошларга таянади, улар билан ҳаёти тинч, осойишта ва мазмунли кечади. Исломда қариндошлар ўртасидаги муносабатларни олиб боришда дўстлик, раҳм-шафқат, ўзаро манфаатлар мослиги асосида бўлишлигига асосий омил сифатида қаралади. Жумладан, Қуръони каримда: "Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир".

Аллоҳ қариндошчилик ришталарини баланд тутади. Яъни, Ўзига ибодат қилишдан кейин ота-онага яхшилик қилишни буюради. Яъни, "Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди".

Ҳақ таоло қариндошчилик ришталарига риоя қилиш ҳақ-ҳуқуқини оқил, донишманд кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолади: яъни: "Улар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва "ал-Мийсоқ"ни (ваъдани) бузмайдиганлардир. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар".

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: "Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир".

Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсон ризқи ва умрига таъсир этиши мумкинлиги ҳақида ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: яъни: "Кимни ризқи рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлишини хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин".

Таъкидлаш жоизки, қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳ ва ёмон амаллардан биридир. Қариндошлар билан яхшит алоқада бўлмаган инсон бемеҳр, тошбағир ва оқибатсиз бўлади. Ундай кимсалардан бирон бир яхшилик кутиб бўлмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналарга қандай яхшилик қилиши мумкин. Улар ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, бошқаларга янада бемеҳр бўлмайдими? Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади. Чунки унинг оқибати лаънат ва гумроҳликдир. Аллоҳ таоло айтади: яъни: "Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) "кар", кўзларини "кўр" қилиб қўйгандир".

Бирон-бир киши "Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, лекин улар мендан узилиб кетадилар, қанчалик уларга яхшилик қилсам, менга ёмонликни раво кўрадилар, уларга яхши муомалада бўлсам, буни асло эътиборга олмайдилар", деган ўйда силаи раҳмни узиб қўймасин. Пайғамбаримиз (с.а.в.) баъзи саҳобалар шундай шикоят қилишган вақтда уларни ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришга амр қилмаганлар, балки уларга чиройли муомалада бўлишга, қариндошлик ришталарини асло узмасликка чорлаб, шундай деганлар: "Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб қолган қариндошлик алоқаларини тикловчи одам қариндошдир".

Ҳар вақт қариндошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиб, ўзаро қавму-қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали Парвардигор раҳматига сазовор ва Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг шафоатларига сазовор бўлиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизда Аллоҳ ўзи мададкор бўлсин! Бир-биримизга қанчалик ўзаро яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалик яқин бўлади. Зеро, У марҳамат қилиб айтади: "...Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир".

Аллоҳ таоло барчаларимизни рушду ҳидоятидан адаштирмасин. Қариндошлар орасидаги силаи раҳмнинг мустаҳкам бўлишини ҳамда барчаларимизни Ўзининг розилигини топадиган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

Салимжон ШОКИРОВ,

Андижон шаҳридаги "Хонақо" жомеъ масжиди имоми.

Ҳайрулло СУЛАЙМОНОВ,

Андижон шаҳридаги

"Пистамозор" жомеъ

масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди