Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№30 дан: 23.07.2015

Шервуд АНДЕРСОН, Америка ёзувчиси.

ГУНГ ОДАМ

Сизга айтадиган бир ҳикоям бор. Аммо уни айтиб берадиган тилим йўқ - мен гапиролмайман. Бу ҳикоя тез-тез хаёлимдан кўтарилиб кетса-да, бироқ аҳён-аҳёнда барибир эсимга тушаверади.

Ҳикоям қаҳрамонлари битта кўчада, битта уйда яшаган одамлар. Қанийди, гапира олсам эди, балким ҳикоямни ашула қилиб айтган бўлармидим... Мен уни барча аёлларнинг, барча эркакларнинг қулоғига шивирлаб-шивирлаб айтиб берардим. Ҳамма кўчаларга кириб, қайта-қайта сўзлайверардим. Бироқ тилларим жонсиздай, қотиб қолган, у тинмай тишларимга урилиб келиб-кетаверади, аммо бир сас чиқара олмайди. Шундан мен ноиложман, жуда ночорман.

Қаҳрамонларим битта уйда ҳаёт кечирувчи уч нафар киши эди. Улардан бири ёш ва ниҳоятда башанг кийинарди. У ҳаётдан хурсанд ва тинимсиз хандон отиб куларди.

Иккинчи эркак эса соч-соқолига оқ оралаган, ёши ўтинқираб қолган кимса эди. У негадир атрофга бироз шубҳа ва хавотир ичида назар солар, лекин ўқтин-ўқтин мудраб, ухлаб қоларди.

Ва ниҳоят, учинчи эркак аламли кўзларини теваракка қасд билан тикканча, хона ичида қўлларини бир-бирига ишқалаб, у ёқдан-бу ёққа саросар бориб-келарди. Ҳар учала қиёфа ҳам кимнидир кутиш билан умр ўтказарди.

Уйнинг юқори қаватидаги нимқоронғу хона ичида бир аёл деворга суянганича деразадан ташқарига тикилиб турарди. Дарвоқе, эҳтимол ҳикоямнинг асосий қаҳрамони ана шу аёлдир. Балким, мен ҳамма нарсани пойинтар-сойинтар қилиб юборгандирман. Ҳа, майли. Нима бўлганда ҳам, тилсиз ва сўзсиз бўлсам ҳам, ушбу ҳикоямни барча одамларга етказиб беришим лозим.

Эсимда, бир маҳал уйга тўртинчи одам ҳам кириб келди. У босиқ ва хотиржам эди. Уй бамисоли тунги денгиз каби ниҳоятда осуда эди. "Тиқ" этган товуш ёки бошқа бир овоз йўқ. Ҳаммаёқ сув қуйгандай жимжит эди.

Нотаниш эркак уч нафар қаҳрамоним овоз чиқармай ўтирган хонага яқинлашди.

Уй ичида ҳадеб у ёқдан-бу ёққа бориб келаётган учинчи асабий эркак худди қафасга тушиб қолган жонивордай питирлаб, безовталаниб қолди. Ўрта ёшли иккинчи эркак эса соқолини тутамлаганча бироз каловланиб турди.

Уйга кутилмаганда кириб келган эркак ҳеч кимга қарамасдан, тўғри юқорига - аёлнинг олдига чиқиб кетди.

Аёл уни анча вақтдан бери муштоқ кутаётган эди.

Бутун уй сукунат оғушида, фақат деворларга осиб қўйилган турли соатларнинггина тўхтовсиз "чиқ-чиқ"и бу жимликни бузиб турарди.

Юқори хонадаги аёл эса қачонлардан бери бутун борлиғи билан муҳаббатга ташна эди, у севиб-севилиш бахтини интиқиб кутаётганди. У кимдандир меҳр кутар, ниманидир бетоқат пойлар ва қачондан бери ўз муҳаббатини яратишни орзу қилиб яшарди. Бояги эркак унинг ҳузурига кириб келиши билан аёл сапчиб ўрнидан турди. Лаблари жуда узоқ вақтдан бери сақлаб келган сўз учун аста очилди. Аёлнинг лабларида масъуд, хушнуд, ўзгача табассум зоҳир эди.

Бироқ эркакдан ҳеч садо чиқмади. Унинг кўзларида на бир ифода, на бир сўроқ акс этарди. Эркакнинг кўзлари хира юлдузлар каби совуқ ва маънисиз эди.

Пастда эса безовталаниб турган учинчи эркак гўё йўқолиб қолган оч кучукдай бенажот шумшайиб турарди. Иккинчи эркак ҳам унинг ёнида чорасиз қалтирарди. У қўрққанидан охири ҳушидан кетди-ю, полга йиқилиб тушди. Шу алфозда ухлаб қолди-да, қайтиб кўзини очмади.

Пўрим кийинган ёшгина йигитча ҳам шулар билан бирга эди. Бироқ у ўзини йўқотмаган, фақат хушбичимгина қора мўйловини текислаш билан овора эди.

Бўлди, жуда чарчадим. Энди ҳикоямнинг бу ёғини давом эттира олмайман. Ахир мен гапиролмайман. Ҳа, одам боласи учун битик қилиб яратилган азал тақдир синоатларини мен эмас, бошқа ҳар қандай инсон ҳам тушунтириб беролмайди. Қисмат ёзуқлари олдида ҳамма одам ҳам гунгдир.

Уйга кириб келган охирги эркак бу Ўлим эди.

Юқорида уни пойлаётган гўзал санамнинг исми эса Ҳаёт деб аталарди.

Учала эркак эса одамзод умрининг турли босқичлари - инсоннинг ёшлиги, ўрта ёшлиги ва кексалик паллалари. Лекин мен қанчалик тиришиб-тирмашмай, барибир, уларни муфассал баён қила олмас эдим. Ахир инсон тақдири ҳеч қачон биргина ҳикоя ичига жо бўла олмайди.

Ҳаёт эса жуда гўзал, у ҳамиша гўзаллик ва яна гўзаллик истайди. У меҳр кутади, муҳаббатга интилади. У бутун борлиғи билан севиб-севилишни орзу қилади.

Аммо Ўлим ҳамиша ҳақ. У сира кутилмаганда пайдо бўлади-ю, хотиржам ҳолда ўз ўлжасини чурқ этмай олиб кетаверади. Инсоният учун яралган битик шу экан, одамзод бунинг олдида ҳаммавақт чорасиздир.

Мен сизга жуда гўзал бир ҳикояни сўзлаб бермоқчи эдим. Аммо, афсус, уддалай олмадим. Негаки, мен гунгман. Фалак нега менинг забонимга биргина сўз ато этмаган экан? Нега мен тилсиз бўлиб яралган эканман? Нега ҳаёт ҳикоясини сўзлаб бермоқлик учун тилимга биргина келима келмас экан?

Йўқ, аслида, биз - ҳаммамиз ҳам гунг бўлиб туғилганмиз. Биз Ҳаёт ва Ўлим орасида унсиз яшаяпмиз.

Инглиз тилидан

Қандилат ЮСУПОВА таржимаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди