Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№32 дан: 06.08.2015

ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР

ОДДИЙЛИКДАН ЛИБОС КИЙГАН АЁЛ

Инсон ҳамиша ўзидан яхши ном қолдириш истагида эзгуликка интилиб яшайди. Кишининг хайрли ишидан таралган нур нафақат ўзининг, балки атрофидагиларнинг ҳам қалбини, ҳаётини ёритади. Баъзида қайсидир инсон ҳақида гап кетганда, унинг фазилатларини тўлиб-тошиб сўзлаймиз. Юзимизга беихтиёр табассум, кўнглимизга эса илиқлик югуради.

Азиза опа ҳам ана шундай нур чеҳрали, ширин забон, одамлар қалбига йўл топа олувчи инсонлардан бири. Бу аёл оддийликдан либос кийган, соддалик ва хушчақчақликдан чирой олган. Унинг қалбию иши бир...

Қаҳрамонимиз Азизахон Бузрукова халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш Марҳамат туман бўлимига қарашли 42- умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб фаолият юритаётганига ҳам қариийб 38 йил бўлди. Устозлик машаққатларидан завқ олиб ишлаётган бу жонкуяр муаллиманинг ҳаёт ва иш йўллари ҳавасга арзийди.

Тумандаги Бобохуросон қишлоғида туғилиб, вояга етган Азизахон опа болалигидан ўқитувчилик касбига меҳр қўйди. Бу меҳр бора-бора аниқ мақсадга айланиб, мактабни тамомлагандан сўнг уни педагогика билим юртига ўқишга етаклади. Сўнг олий ўқув юртида таҳсил олди. Иш фаолиятини тумандаги 25- умумтаълим мактабида бошлади. Бу ерда тажрибали устозлардан дарс ўтиш жараёнларини, машаққатларни енга билишни, талабчанликни ўрганди. Ўқувчилар юрагига кириб бориш нечоғли мураккаблигини ҳис этди.

Кейинчалик фаолиятини тумандаги 42- умумтаълим мактабида давом эттирди. Кечагина малакали ўқитувчиларга шогирд тутинган муаллима бугун ўзи кўп ёшларга устоз, касби сир-асрорларини, ўқитувчи ва ўқувчи муносабатларини қай йўсин йўлга қўйиш зарур - барчасини шо-гирдларига ўргатишдан толмайди.

Болаликдан китобга ошно бўлиб улғайган Азизахон опа табиатидаги дилкашлик, инсонлар билан тиллаша, диллаша олиш хусусияти, иродалиликни намуна сифатида кўрсатишга арзийди. Ота-онаси Фозилжон ҳожи ота ва Турсунхон ҳожи онанинг оилада тарбияга алоҳида эътибор қаратиб, фарзандларини ҳар бир ишга масъулият билан қараш, инсонларга эътиборли бўлиш руҳида улғайтирганликларини опа мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Азизахон Бузрукова дарс ўтиш жараёнида замонавий, илғор педагогик технологиялардан унумли фойдаланади. Ўқувчилар билан эркин суҳбатлашади. Қайси ўқувчисининг қандай муаммоси бор, қай бири фанларни ўзлаштириш борасида оқсаяпти, унга қандай ёрдам керак - бари унинг эътиборида бўлади.

- Ёш авлод бизнинг келажагимиз. Улар мактабга қадам қўйганларида ҳали болаликдан чиқиб кетмаган бўладилар. Уларнинг болалигини асраб қолган ҳолда дарс бериш керак. Шундагина ўқувчида илмга, билим олишга меҳр уйғота оламиз. Уларни худди ниҳол каби, асраб-авайлаб, муҳаббат билан парвариш этсак, бир куни, албатта, ўз ҳосилини беради, - дейди Азизахон опа.

Дарҳақиқат, бугун муаллима ана шу "ҳосил"ларнинг ютуқларидан завқ олади. Тумандаги кўплаб педагоглар опанинг шогирдлари. Улар устозларини йўқлаб, билмаганларини сўраб ўрганишдан чарчамайдилар.

Қаҳрамонимиз нафақат таълим-тарбия ва жамоат ишларида фаол, балки оила қўрғонини ҳам мустаҳкам тутган бахтли аёллардан биридир. Турмуш ўртоғи Алижон ака билан фарзандларини етук инсонлар қилиб тарбиялиб, элга қўшдилар. Бугун 14 набира, 4 чеваранинг қувончидан бошлари кўкка етади.

Таниқли ижодкор Абдунаби Бойқўзиевнинг шундай фикри бор: "Одамлар бор, уч-тўрт кун кўрмасанг, соғиниб қоласан. Кўришгандан кейин эса бир қанча вақт фаришталар қанотида сузгандек ҳаволаниб юрасан".

Қаҳрамонимиз Азизахон Бузрукова ҳам ана шу таърифга сазовор инсонлар сирасига киради, десак асло муболаға бўлмайди.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди