Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№32 дан: 06.08.2015

2015 ЙИЛ - КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ ЙИЛИ

ДИЛКАШ ОНАХОН

Халқимизда "Қариси бор уйнинг - париси бор" деган ҳикматли гап бор. Ҳаётни кузатиб, ушбу ҳикмат бежиз айтилмаганлигига ишонч ҳосил қиламиз. Чиндан ҳам қариси бор хонадоннинг файзи ўзгача. Жалақудуқ тумани Бештол шаҳарчасидаги Тошлановлар хонадони ҳам ана шундай файзли хонадонлардан бири. Чунки бу уйда табаррук ёшли Патилахон она Тошлонова яшайди.

- Онам менинг давлатим, - дейди кенжа ўғил Иброҳимжон ака. - У туфайли уйимизда ўзгача қут-барака, меҳр-оқибат бор.

Дарҳақиқат, самимийлик, покизалик ҳукм сурган бу оилада Патилахон она берган тарбия туфайли аҳил-иноқлик биринчи ўринга қўйилади, оиладаги муаммоларни ҳал этишда зукколик билан иш тутиш, ҳамжиҳат бўлиш анъанага айланган. Хонадоннинг хушчақчақ ва дилкаш кенжа келини Муҳаббатхон опага "Шу келин онамизнинг ҳақиқий келини, худди ўзига ўхшайди", дея таъриф беришди.

Юз ёшни қаршилаётган Патилахон она эса эртаю кеч атрофида парвона келинини, фарзандларини алқаб дуо қилади, юртимиздаги тинчлик, тўкин-сочинликка шукроналар келтиради.

Фарзанд ва набиралари, маҳалла аҳли онахон билан суҳбатлашишга, унинг дуоларини олишга ошиқишади. Чунки онахон шу ёшда ҳам ўта хазилкаш, самимий, суҳбатдошини асло зериктирмайди. Онахон ана шундай самимийлиги, беғараз ва кўнгли поклиги учун ҳам узоқ умр кўриб, эл-юрт ардоғида яшаётган бўлса не ажаб.

Айни кунда Патилахон она фарзандлари, 31 нафар набира, 38 нафар чевараси ҳамда маҳалладошлари ардоғида яшамоқда. Ҳар қандай одамни ўзига тортадиган дилкаш суҳбатию шўх ҳазиллари билан ҳаётнинг пасту баландларидан ўтиш, ҳалол ва мақсад сари интилиб яшаш тўғрисида уларга сабоқ бериб келмоқда.

Онахон турмуш ўртоғи Эргашбой ота билан 6 нафар қиз, 3 ўғилни тарбиялаб вояга етказдилар. Уларни олий маълумотли қилиб, эл хизматига қўшдилар. Бугун улар турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб келмоқда. Уруш қатнашчиси бўлган Эргашбой ота эрта вафот этган бўлса-да, ўғилларига отасидан ўтган фазилатлари онахонга доимо умр йўлдошини эслатиб туради.

- Она, сизни топишимиз осон бўлмади, қизларингиз олиб кетишган экан. У ерга қидириб борсак, келинларингиз олиб қочибди, - деб Патила онадан юққан ҳазилимизга онахон ҳам ҳазил ва зукколик билан:

- Отасидан қолган мол-давлатни фарзандларимнинг қайси бири менга яхши қараса, ўшанга қолдиришимни, акс ҳолда бир чақа ҳам бермаслигимни айтиб қўрқитаман, - деб жавоб берди.

Даврада қувноқ кулгу кўтарилди. Ҳазил-мутойиба узоқ давом этди.

Ҳаётнинг турли синовларида, урушдан кейинги қийинчиликларда, фронт ортидаги оғир меҳнатда тобланган онахон фарзандларига, ёшларга бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етишни, меҳнат қилиш, ҳалол ва меҳр-оқибатли бўлиш кераклигини, шунда ҳаёт у истаган ҳамма нарсани беришини айтиб чарчамайди.

Ҳа, Патилахон она сингари табаррук инсонлар ҳаёти ҳамиша биз ёшларга ибратдир. Улар бор экан, ҳаётимиз доимо файзлидир.

Дилдора ХУШБАҚОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди