Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№32 дан: 06.08.2015

БИЗНИНГ СУҲБАТ

Одинахон АКБАРОВА:

"БИЗДА ОРАСТАЛИК ЭТИКАСИ ШАКЛЛАНГАН"

Хотин-қизлар ўртасида замонавий пардоз усуллари тобора кенг урфга кириб бормоқда. Бугунги кунда татуаж ҳам кўпчиликни қизиқтираётган пардоз воситаларидан бири саналади.

Татуаж ўзи нима? Бу саволга жавоб олиш учун Андижон шаҳридаги "Ойгулой" гўзаллик салони директори Одинахон АКБАРОВА билан суҳбатда бўлдик.

- Бугунги кунда кўпчилик татуаж қилдиришга ҳавасманд. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?

- Татуаж қилдиришга келаётган хотин-қизларнинг кўпчилиги турли соҳаларда ишлайдиган аёллар ҳисобланади. Айрим аёлларнинг иши шу даражада кўп, вақти тиғизки, ҳатто кўзгу қаршисида сочини тараб, ўзига оро беришга ҳам улгуришолмайди. Татуаж қилдириш улар учун айни муддао. Ахир у аёллар ҳуснига ҳусн қўшувчи, кераксиз нуқсонларни яширувчи пардоз усули ҳисобланади. Бунда турли ранглар (пигментлар) воситасида кўз, лаб ва қошларга мос шакл берилади. Пигментлар ёрдамида қош, кўз, лаб, исталган шаклга келтирилиши мумкин. Қарабсизки, аёллар ҳар куни эрталаб пардоз ойнаси қаршисида соатлаб вақт йўқотмайди. Тинимсиз пардоз воситаларини харид қилиб овора бўлишмайди. Татуаж - ҳар қандай ҳолатда ҳам хотин-қизларнинг гўзал ва жозибали кўринишини таъминлайди.

Шу билан бирга, татуаж қилдиргач, аёллар бемалол душ қабул қилишлари, ёмғир остида сайр этишлари мумкин. Татутаж сув билан ювилиб кетмайди. Айниқса, пардоз воситаларига аллергияси бор аёлларга қўл келади. Кун давомида тинимсиз иш ва иш юзасидан бўладиган учрашувларда банд аёлларимиз учун кун давомида ўзини қулай ва ораста тутишини таъминлайди. Шу боис ҳам бугун кўпчилик татуажни танламоқда.

- Агар татуаж тарихига назар ташласак, ундан тўрт минг йиллар аввал Миср фиръавнлари ҳам фойдалангани ҳақидаги маълумотларга дуч келамиз. Малика Клеопатра даврида ҳам татуаж кенг ривожланган дейишади...

- Ҳа, тарихий манбааларда ёзилишича, Миср фиръавнлари кўзи атрофига ўткир бамбук қаламчалар билан бўёқ торттиришган экан. Дунёга машҳур Миср маликаси Клеопатра даврида татуаждан олий насаб хонимларгина фойдаланган, деган маълумотлар бор.

- Эндиликда у бутун дунё мамлакатларида урфга кирган...

- Тўғри айтасиз, перманентли макияж яъни татуаж ХХ асрнинг 80- йиллари бошларида Францияга Тайвандан кириб келган бўлиб, Европа мамлакатларига пардоз усулининг қулай тури сифатида ёйилди. 90- йилларнинг бошларида АҚШда янги усул - таркиби глицериндан иборат пигментлар (ранглар) пайдо бўлди. Улар барча санитар-эпидеомологик талабларга жавоб берган ҳолда, қирқдан ортиқ ранглар асосида яратилганди. Аср охирига келиб, микропигментлаш, яъни татуаж учун махсус электр асбоблар яратилди.

Микропигментлаш (татуаж) соҳасида бугунги кунда АҚШ ҳамда Тайван етакчи ўринда турса-да, Испания давлати перманентли макияж учун махсус асбоблар ва пигментлар(ранглар) ишлаб чиқариш бўйича улардан сўнг учинчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Ҳозирги пайтда қулоққа чалинадиган - перманентли макияж, дермография, дермопигментлаш, пигментлар билан микроплантация қилиш, микропигментлаш, татуаж, косметик татуаж каби косметик терминлар ушбу тушунчанинг синонимлари ҳисобланади.

- Бугунги кунда қизларимиз орасида татуажга кўр-кўрона ружу қўяётганлар ҳам учраб турибди. Ҳатто, айрим аёллар аввалига уч ёки беш йиллик татуж қилдиришгач, бирданига қоши ёки лабидаги шаклнинг нотўғри танланганидан афсусланиб юришади.

- Бизнинг аёлларимиз табиатан жуда чиройли, юзидаги ҳар бир чизиқ, қошу кўзи, киприкларию лаблари ўрни жойида, ҳеч бир нуқсонсиз яратилган. Озгина пардоз қилишса бас, ҳурлиқодай гўзал бўлиб кетишади. Кекса онахонларимиз ҳамиша қошидан ўсмаю кўзидан сурма, қўлларидан хинани узишмайди. Айтмоқчиманки, шу пайтгача аёлларимизда бу пардоз усулига эҳтиёж бўлмаган. Чунки халқимизда табиий орасталик этикаси юксак даражада шаклланган. Онангни отангга бепардоз кўрсатма, деган нақл ҳам бежизга айтилмаган-ку, ахир. Гўзаллик ва ороланиш борасида момоларимиздан тортиб бугунги қизларимизгача, табиий усуллардан унумли фойдаланишни биладилар. Бу эса ўз навбатида аёл ҳуснига ҳусн қўшади.

Қизларимизнинг татуажга қизиқиши ортиб бораётган экан, менимча, охирги хулосани уларнинг ўзлари чиқаргани маъқул. Аммо шу ўринда қизларимизга бир маслаҳат берган бўлардим: ёшликнинг ўзи бетакрор гўзалликдир. Аввало, терингизни яхшилаб парвариш қилинг. Қош-кўзингизга бувиларимиздан мерос ўсма ва сурмалар билан оро бериб ойнага қаранг, ана шунда бир ҳуснингизга юз ҳусн қўшилганига ўзингиз амин бўласиз. Агар шунда ҳам ҳуснингиздан кўнглингиз тўлмай, татуаж қилдиришни ўйлаётган бўлсангиз, у ҳолда ёдингизда тутингки, перманентли макияж сизни бир умрга гўзал қилиб қўймайди, у узоғи билан беш олти йилга мўлжалланган бўлади. Бу муолажани қўллашда ўз ишининг устаси бўлган яхши мутахассис топмагунингизга қадар, соғлигингиз ва кўркингизга зарар етмаслиги учун, яхшиси, табиий ҳуснингиз билан қолганингиз маъқул.

Шу ўринда яна таъкидлаш жоизки, татуаж кўп йиллик амалий тажрибага эга малакали мутахассис томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Агар ушбу жараёнда хатога йўл қўйилса ёки игна орқали юзга микроб тушиб қолса, бу салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ана шуни ҳисобга олиб, бугун ана шу фаолият билан шуғулланаётган мутахассислар махсус курсларда таҳсил олган, муайян малакага эга бўлишлари мақсадга мувофиқ. Тажрибасиз мутахассис хизматидан фойдалансангиз, чиройингизга ўз қўлингиз билан тиғ тортиб, бир умр афсусланиб яшашингиз мумкин. Шу боис бу борада эҳтиёт бўлганингиз маъқул.

Нима бўлганда ҳам, муҳтарама аёлларимиз ўзларининг табиий гўзалликларини йўқотмасликларини истар эдим.

Муштарий КАТТАБОЕВА

суҳбатлашди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди