Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№32 дан: 06.08.2015

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

КЕКСАЛАР БОР БЎЛСИН

Улар не кунларнинг гувоҳи, деймиз,

Сабру бардошлари осмондай чексиз,

Қанча-ёр дўстларин йўқотиб, эссиз,

Армон-аламлардан гирён кексалар.

Тилларида шукр бахтли кунларга,

Кундузи файзли, нурли тунларга,

Ҳар қанча эътибор камдир уларга,

Халқим карвонига сарбон кексалар.

Улар дуогўйлар, улар - фаришта,

Дуолари қалқон ҳар бир юмушда,

Аскияга чанқоқ бийрон кулишда,

Чойхона тўрида хандон кексалар.

Кўрсам кўзим қувнар, дилим яйрайди,

Чор атрофга мамнун кулиб қарайди,

Дунё тургунича мудом турсайди,

Суринг минг-минг йиллар даврон кексалар.

Баҳром РАШИД.

ОНА

Вужудда бир зурриёд жон томир берган,

Етмиш икки банди қон томир берган,

Оқ сутидан ҳаёт чашмасин тутган,

Онани яратган Аллоҳга шукр.

Ниҳол бола бўлса, илдизи - она,

Куннинг туни бўлса, кундузи - она,

Осмоннинг қуёши, юлдузи она,

Онани яратган Аллоҳга шукр.

Волида кўксида ялпизлар иси,

Пурҳикмат, нур-қувват ҳикматли сўзи,

Маккатилло, Момо Ҳаводир ўзи,

Онани яратган Аллоҳга шукр.

Осон эмас асли она бўлмоқлик,

Бир кўзи йиғласа, бири кулмоқлик,

Минг бора тирилиб, минг бор ўлмоқлик,

Онани яратган Аллоҳга шукр.

Йўлимга интизор кўзи толган ҳам,

Танамга тиконлар кирса олган ҳам,

Оғрисам, дардимга дармон бўлган ҳам,

Онани яратган Аллоҳга шукр.

Тиллога тортиқсиз она баҳоси,

Достонлар битсам гар топмам қиёси,

Алласидай бўлмас дилга шифоси,

Онани яратган Аллоҳга шукр.

Дунёда омонлик тилаган бир зот,

Узилган тор бўлса, улаган бир зот,

Ўзнимас фарзандин ўйлаган бир зот,

Онани яратган Аллоҳга шукр.

Мукаррама ҒАНИЖОН қизи.

ДАРЁСАН, АЁЛ!

Кимки боқса кўзларингга зиёсан, аёл,

Гўё гулсан, сертабассум ибосан, аёл.

Қошларингга, кўзларингга нур берса ҳам тун,

Дили поку мўъжизакор самосан, аёл!

Етти хил ранг камалакдан , гуллардан ифор

Олгансану мусаффосан, сафосан,аёл!

Оҳу каби нафиссану, нозиксан, ҳуркак,

Боларига бол берган - турфа гулсан аёл!

Булбул олган овозингдан андоза билсам,

Гуллар аро майин эсган сабосан, аёл!

Сочларингни ҳавас қилди мажнунтол кўриб,

Уялдими, қочди лола, жафосан, аёл!

Кимдан олдинг садоқатни, ким улашди ишқ,

Ишқингда ким адо бўлса, фидосан аёл!

Қачон кўрсанг Раҳимийни, эрка қушман деб,

Ҳар соҳада жавлон урган дарёсан, аёл!

Олимжон РАҲИМОВ.

АЙТАМАН

Ёнингга шамолдай учиб бораман,

Минг йиллик сирларим тилга оламан,

Қаршингда бир телба бўлиб қоламан,

Яширмоққа бардош тугаса агар.

Айтаман қанчалар суйганларимни,

Ёниб, мен ўртаниб куйганларимни,

Юрагимда асраб юрганларимни,

Айтаман, бардошим тугаса агар.

Ўзга ёр кўнглимни ололмаслигин,

Оловмас, бир чўғ ҳам сололмаслигин,

Ҳеч кимни сенингдек севолмаслигим,

Айтаман бардошим тугаса агар.

Унгача бепарво юравераман,

Ишқим пинҳон тутиб туравераман,

Кўнгил йиғласа-да, кулавераман,

Айтаман бардошим тугаса агар.

ДИЛАФГОР.

ОНАНГ БЎЛАРКАН

Хасталик бўғзингга тиқилган чоғда,

Омадинг ногаҳон йиқилган чоғда,

Муҳаббат туморинг қирқилган чоғда,

Ёлғизгина ҳамроҳ онанг бўларкан.

Ютуқлар юзини ўгирса ногоҳ,

Яқинларинг ҳатто бўлмаса огоҳ,

Ҳар амалинг бўлиб ўзингга гуноҳ,

Ёлғизгина ростинг онанг бўларкан.

Тунлари кеч келсанг, дийдоринг кутиб,

Сени деб ўзини буткул унутиб,

Бахтинг учун бори аламни ютиб,

Ёлғизгина дўстинг онанг бўларкан.

Наргиза МУҲАММАДСОДИҚОВА,

Марҳамат тумани.

ОНАЖОНГИНАМ

Узоқ толдингизми ўйга, онажон?

Шаҳло кўзлингиз намланди чоғи?..

Ўша қийнаётган ҳасрат, аламни

Тўкинг барисини, очай қучоғим.

Майли, юрагингиз бўшатинг менга,

Малҳам қилиб босай туйғуларимни.

Оппоқ тилакларим этиб поёндоз,

Йўлингизга сочай кулгуларимни.

Фақат нур порласин кўзларингизда,

Мусаффо қалбингиз чекмасин алам.

Иқбол бўлиб балқсин қарашларингиз,

О, менинг мўътабар онажонгинам...

Рўзихон ТОҲИРОВА.

ЎЙЛАТАР

Ул гўзал қоши камон, киприклари ўқ, ўйлатар,

Булбулзабон бўлиб шул кўзлари шўх, ўйлатар.

Мен нетай кўнгил бериб бир бағритош жанонага,

Кўзларимдан оқди ёш ул шафқати йўқ, ўйлатар.

Кўча-кўйда тентираб бўлдим адоси мен унинг,

Кўзларига мўлтирарман ул оташи чўғ, ўйлатар.

Гул терарман ҳар тонг саҳардин ёрим учун,

Бергани имкон тополмай қилмасми деб дўқ, ўйлатар.

Соядек кўп эргашарман, қолмайин жанонадан,

Бир назар солсанг етар, бу жон тасаддуқ, ўйлатар.

Хипча бел, нозик ниҳол, қадди алифдур нозанин,

Юзлари офтоб мисол юлдузми ёруғ, ўйлатар.

Комило, ўздин бугун кетдингми ҳеч ё билмадим,

Не сабаб ул маҳлиқо ҳар кимдин ортиқ, ўйлатар.

Комил КАМОЛ,

Шаҳрихон тумани.

ЁШЛИК

Болалик хотирага айланар шу чоқ,

Ёшлик қўлларидан тутаман дадил.

Ишқий хаёлларим бўлар овунчоқ,

Илм зиёсига чўмилади дил.

Мустақил ҳаётнинг остонасида,

Эзгу мақсадлардан оламан қувват.

Ёшликнинг энг ёруғ кошонасида,

Дўстим китоб билан қураман суҳбат.

Асли умримизнинг нурафшон чоғи,

Ром этар ўзига йўқдир бебошлик.

Кўнгилни яшнатар муҳаббат боғи,

Илм-ҳунар ичра тенгсиздир ёшлик.

Дилмурод СОТВОЛДИЕВ,

Андижон тумани.

ИШҚ БОҒИ

Ишқ осмонин қуёши сўнган,

Меҳр тафти билинмас энди.

Мурғак кўнгил барига кўнган,

Ишқ боғига куз ваҳми келди.

Соғинч ўзин ёмғирга тутар,

Ҳижрон тунда базм қуради.

Орзу дилда пинҳона кутар,

Айрилиқ ўз даврин суради.

Ишқ боғида очилган ғунчам,

Бағритошлар йиғлатиб кетди.

Оққушлардек беғубор дилчам

Манзили йўқ уммонга етди.

Муҳаббатнинг юзидир қаро,

Кўзларида қотиб қолган ёш.

Ўксик қалби соғинчдан яро,

Елкасида армон номли тош.

Саида ҚОРАҚУЛОВА,

Булоқбоши тумани.

АРМОН

Девонаман ҳажрингиздан алам ютган,

Фарёдларим осмон аро сарсон кезган,

Ахир, айтинг, англолмайман гуноҳимни,

Қайғуларнинг сабабкори - дард, оҳимни.

Афзалмиди мендан ўша суйганингиз,

Бўлолмадим ёнингизда суюк бир ёр.

Армон бўлар менга мен деб куйганингиз,

Нетай, бугун ишончларим ҳижронга ёр...

Нигора ЮНУСОВА, Асака тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди