Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№32 дан: 06.08.2015

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

НАДОМАТ

Ҳаммаси менинг бетоб бўлиб қолишимдан бошланди. Ўша тонг бутун вужудим зирқираб оғриб, тўшакка михланиб қолибман. Иситмам кўтарилиб, бошимдаги оғриққа чидаб бўлмас эди. Хўжайиним менга нисбатан жуда эътиборли ва ғамхўр.

Дарров аччиқ чой дамлаб келиб берди. Кейин, "Ҳозир, дори олиб бераман", - деганди, шу пайт қайнонам ўғлининг бесаранжом бўлиб юрганидан бир нимани пайқади, шекилли, деразамиз тагига келиб, ичкарига мўралади. Ҳолсиз ётганимни кўриб, эрталабдан жанжал чиқарди:

-Ҳм! Ҳали йил тўлмасдан бурнингдан ип ўтказиб олибди-да, а? Э, хотин қули бўлмай кет! Ҳамма қўшниларнинг кўчаю, ҳовли юзи топ-тоза супирилган, сув сепилган. Ҳа, бу ҳовлини мен супурайми энди? Нонуштани ҳам ўзим тайёрларман-а?!

-Келинингиз шамоллаб, оғриб қолибди, онажон...

Хўжайнимнинг гапи оғзида қолди.

-Нима?! - баттар жаҳли чиқди қайнонамнинг. - Таманно хотининг ёнидан қуш учиб ўтса ҳам дарров шабадалаб оғриб қолади. Биласанми шуни?

Ҳеч йўқ нонушта тайёрлай, деб ўрнимдан базўр турдим. Қайнонам ёнига дастурхон ёзиб, чой дамлаб келтирдим. Лекин ҳолим қуриб, яна уйга кириб ётиб олдим. Хўжайиним эса ҳатто нонушта қилмай ишга кетиб қолди. Уни кузатишга чиқолмадим. Кетиш олдидан менга қаттиқ тайинлаб: "Оғирроқ бўл, онам кексайиб қолган", - деб қўйди.

Одам "юмшоқ" бўлиб қарисин экан. Аксинча бўлса, минг асаби соғлом одам ҳам чидаш бермайди экан. Шу куни то пешингача тинмай бир нималар деб ҳовлида ғудраниб юрди. Тўғриси, тўйиб кетдим ҳаммасидан. Охири чидамай, телефондан онамга қўнғироқ қилдим.

Бетоблигимни эшитиб, онам тез фурсатда етиб келди. Қайнонам билан гаплашди. "Уйга олиб кетиб, ўзимиз даволатамиз", деб рухсат сўраганди, қайнонам унамади. Аксинча, "Мендан берухсат нега ота-онангизга қўнғироқ қилдингиз?" - дея мени роса койиди.

Она барибир она экан-да, хасталаниб ётганимни кўриб, ташлаб кетолмади. Бир амаллаб қайнонамни кўндирди.

...Ўша куни ўз уйимга келиб, бир неча кун даволандим. Бироқ хўжайиним мендан бирор марта ҳам хабар олмади. Қадримга ачиндим. Онам эса мени юпатди: "Яхшилаб даволаниб ол, кейин уйингга кетасан", деди.

Бир куни кичик укам кўчадан кириб келаркан, поччасини учратганини айтиб қолди. Унинг номини эшитиб, кўнглим алланечук ғалати бўлиб кетди. Аммо... Хўжайиним: "Онам кексайиб феъли тор бўлиб қолди, лекин сен сабр қил, оғир бўл", деб уқтиришимга қарамай, ишдан қайтгунимча уйига кетиб қолибди. Менинг гапимни икки қиладиган, онамни эса ҳурмат қилмайдиган аёлни менга ҳам кераги йўқ", дебди...

Аслида, хўжайиним билан севиб-севилиб турмуш қурганмиз. Бир-биримизни жуда ҳурмат қилардик. Бироқ қайнонам нимагадир мени ёқтирмади, тўйга қаршилик кўрсатди. Хўжайиним эса ўшанда онасига ялиниб-ёлбориб базўр розилигини олганди. Тўйдан кейин ҳам қайнонамнинг мендан ҳеч ичи чиқмай юрди. Тез-тез жанжал кўтарар, ҳаммамизни ҳаётдан бездирарди.

Баъзида ўйлаб қоламан, наҳотки, арзимаган сабаб туфайли оиламдан ажралиб кетсам, деб. Хасталаниб ётиб қолганимда фарзандимга ҳомиладор бўлган эканман, шунинг учун кўнглимга чироқ ёқса ёришмайдиган ҳолатга келиб қолгандим. Афсуски, ўйламай босган қадамим ўзимга қимматга тушди. Агар ўша куни онам билан уйга кетиб қолмасдан, турмуш ўртоғимнинг айтган сўзини бажариб, ҳеч йўқ ишдан келишини кутиб турганимда эди, балки ҳозир надомат ичида қолмаган бўлармидим?

Мана, фарзандим дунёга келди. Туғруқхонадан ҳам чақалоғимни ёлғиз ўзим кўтариб чиқдим. На мен бош эгиб бордим қайнонамларникига, на хўжа-йиним келди. Иккимиз ҳам бир-биримизга мағурурлигимизни намойиш этиб юравердик.

Гоҳида турмуш ўртоғимнинг менга кўрсатган меҳрибончилиги-ю эътиборини эсласам, соғинчдан ўртаниб кетаман. Кейин, айб ўзимда эканини тан оламану, баттар эзиламан. Шу ҳақда сўз очилса, онам ҳам афсус билан: "Эринг яхши инсон эди, қадрига етмадинг, қизим, - дейди. - Ахир, у болага ҳам осон эмас, бир томонда онаси, бир томонда севган инсони. Ҳар нима бўлганда ҳам ориятли ўғил онасига ён босади. У севгисини ҳимоя қилиб, сенга уйланди. Аммо сен эрингни онаси олдида уятга қолдирдинг..."

Онажоним тўғри гапирди. Бироқ энди бу гаплардан фойда борми менга? Қандай йўл тутсам бўлади? Нима қилай? Хаёлимда мана шундай саволлар ғуж-ғуж бўлиб мени қийноққа солмоқда. Қаттиқ афсусдаман. Агар ўша - дард чекиб ётган куним қайта келиб қолганида эди, хўжайинимнинг гапини ҳаргиз икки қилмаган бўлардим...

Аёлнинг кўнгил кечинмаларини оққа кўчирувчи Салима РУСТАМОВА,

Шаҳрихон тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди