Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№35 дан: 27.08.2015

ДИЛ ИЗҲОРИ

БОРЛИГИНГ УЧУН ТАШАККУР, ДУГОНАЖОН!

Мен ўз ҳаётимдан кўп нолийман. Ўзимни ҳозиргидан-да яхши ҳаётга муносиб деб билганим учун бугунги турмуш тарзимдан ҳеч қониқмайман. Доим нимадир етишмайди менга. Кўзларимга ҳамма бахтли, хотиржам, хушнуд, биргина мен бахтсиз ва ҳеч кимга кераксиздек туюлади. Тушкунликка тушиб, дунёимни зулмат қоплаганида беихтиёр сенга телефон қиламан. Телефондан:

- Ҳа, дугонажон?- деган жавоб эшитилади. Ана шу лаҳзалардаёқ тушкунлик, ёлғизлик ва бахтсизлик занжирлари узилиб, қоронғу қалбим узра қуёш чарақлайди - ҳаётда мени ўзидан ортиқ тушунган, ҳаммадан кўп мени ўйлаган ва ҳаммадан ортиқ мен учун куюнган азиз инсоним бор. Шундай дугонаси бор инсон ҳам тушкунликка тушиши мумкинми? Ахир бу ношукрлик эмасми?! Ҳаёт йўлимда менга йўлиққанинг учун Сенга ташаккур, дугонажон!

Гўшакдан овозинг эшитилган заҳотиёқ ёришган кўнглимнинг нурлари юзимда акс этади. Ўзимни бахтдан еттинчи осмонда учаётгандай ҳис қиламан. Сўнг фақат ўзим эшитиладиган овозда пичирлайман: "Мен ҳаммадан бахтлиман! Чунки менинг Сендай меҳрибон дугонам бор!"

Тақдир синовлари иккимизни ҳам обдон синаяпти. Бу машаққатлар олдида гоҳ тушкунликка тушамиз, гоҳида ҳаммасидан чарчаб қаерларгадир кетгимиз келади. Гоҳ курашавериб тинка-мадоримиз қурийди. Гоҳ номардларга хор келамиз, баъзан қадримиз қадр топмайди. Ўзимизни унутамиз, яқинларимиз учун яшаймиз. Кўп ҳолларда биз бошқаларга кўрсатган меҳр-оқибатнинг ярми ҳам ўзимизга қайтмайди. Ўксинамиз, куйинамиз, оғринамиз ва кўз ёш тўкамиз. Қайта оёққа туришимиз, яна атрофга, яқинларимиз қалбига нур сочишимиз учун бир-биримиздан қувват оламиз. Бу бевафо дунёда "қувват тўлдиргич"им бўлганинг учун Сенга ташаккур, дугонажон!

Дугонажон, дилимни оғритган одам душманинг, менга озор етказган одамни кўргани кўзинг йўқ. Орзулар қиласан мен учун - шундай кунлар келсаю, мени фақат бахтдан, севинч ва шукроналикдан йиғлаганимни кўришни, ҳамма менга ҳавас қилишини орзу қиласан. Таниш-нотанишларга мен ҳақимда ифтихор билан гапирасан. Бир куни ҳамкасбларингга мени таништираётиб кўзларинг ёнганини, ҳатто бироз ёшланганини кўриб, сени янаям қаттиқроқ яхши кўриб кетдим. Меҳр-муҳаббатинг, далдаларинг билан бундан-да зиёд муваффақиятларга эришишимга ундаётганинг учун ташаккур, дугонажон!

Сенга худди ўзимга ишонгандек, баъзан ўзимдан ҳам ортиқ ишонаман. Аввало бу муносабатимга арзийсан. Қолаверса, сендай сабрли, оғзига маҳкам, тош келса кемириб, сув келса симирадиган аёл дунёда ягоналигига ақлим етади. Ҳа, азизам, сен аёллар учун сабр намунасисан. Бошингдан нима кунлар ўтмади, ўтмаяпти, лекин бировга "чурқ" этиб оғиз очмайсан. Онангга, опа-сингилларинг-га дардингни дастурхон қилмайсан. Сенга ёмонлик қилганларга ҳам ҳеч оғринишсиз табассумингни ҳадя этасан. Беминнат ёрдам қўлини чўзасан. Инсоний туйғулар ва муносабатларда менга ибрат бўлаётганинг учун ташаккур, дугонажон!

Касбингни жуда ҳам севасан. Ўқитувчилик - ҳаёт-мамотинг. Ҳар бир ўқувчингни ўз фарзандинг каби ардоқлайсан. Ўз касбининг устаси, фидоий мутахассис бўлганинг учун ҳам ҳамма жойда сенга эҳтиёж сезишади. Билиминг, куч-ғайратинг, салоҳиятингга ҳамкасбларинг ҳавас қилади. Мен эса шундай уддабуррон, билимли, оқила аёл менинг дугонам эканлигидан фахрланаман.

Салафи солиҳлар кишига ўзидан ҳар жиҳатдан юксак турадиган инсонлар билан дўст тутинишни маслаҳат берадилар. Баъзан менга тўғри йўл кўрсатиб койиганингда, оқилона танбеҳлар берганингда кўзларим "ярқ" этиб очилади, буюкларнинг шу ўгитини эслайман. Ҳаётда адашмаслигим, хато қилмаслигим учун йўл бошловчилик қилаётганинг учун сенга ташаккур, дугонажон!

Ҳамма-ҳаммаси учун сендан миннатдорман!

Дил сўзларни оққа кўчирувчи ФАРЗОНА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди