Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№37 дан: 10.09.2015

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

ЎТСА ЖОНОН БИЗ ТОМОН

Йўлларига интизорман, ўтса жонон биз томон,

Қўлларига гул тутарман, ўтса жонон биз томон.

Телба кўнгил овворадир, ёр ишқида дил порадир,

Кўзёшларим фавворадир, ўтса жонон биз томон.

Неча баҳор, ёз, қиш ўтди, дилни интизор этди,

Ошиқман сабрла кутдим, ўтса жонон биз томон.

Ёрга етмасми бўйларим, етсин дардим, куйларим,

Кўкка чўздим-ку қўлларим, ўтса жонон биз томон.

Қўлларига гул ярашгай, ҳавас билан кўп қарашгай,

Кўкда юлдузлар сўрашгай, ўтса жонон биз томон,

Олам мунаввар бўлгай, бу дил шодликка тўлгай,

Комилжон умидла кутгай, ўтса жонон биз томон.

Комил КАМОЛ,

Шаҳрихон тумани.

МУҲАББАТНИНГ МАҚОМИ ГУЛМИ?..

Иккимизни узоқлаштирган,

Фироқларда қасдим бор менинг.

Тизларимни титроқлаштирган,

Ҳижронлардай дўстим бор менинг.

Муҳаббатнинг мақоми гулми,

Нега ифор таратар сўзим?

Киприкларим савалар йўлни.

Йўлингизни пойлайди кўзим.

Чумчуқларнинг шодон галаси,

Вужудимда недир уйғотар.

Гўзал бунинг ҳамма-ҳаммаси,

Тунлар ўтиб, яна тонг отар.

Негадир ҳеч кимга боққим йўқ,

Сизга ташна кўзларим билан.

Қидириб боришга ҳаққим йўқ,

Сизни кўргим келяпти бирам.

Саида ҚОРАҚУЛОВА,

Булоқбоши тумани.

ИСТИҚЛОЛ ШУКУҲИ

Мустақиллик - буюк неъмат эканлигин туйганим,

Азиз юртим мен сени чин онам дея суйганим,

Гоҳ соғинчинг ва и шқингда ўзим билдим куйганим,

Мен сен учун нима бердим кўҳна қадим Ватаним?!

Энг улуғсан, энг азизсан, истиқлолим, ҳурлигим,

Озод, обод элим юзи зиёлигим, нурлигим,

Юрагида шижоати, қалби осмон қўрлигим,

Мен сен учун нима бердим кўҳна қадим Ватаним?!

Фаробию Улуғбегу Яссавийлар дояси,

Тинчлик деган ифтихорнинг энг шавкатли қояси,

Эрк елида тебранган қутлуғ ҳатто пояси,

Мен сен учун нима бердим кўҳна, қадим Ватаним?!

Бугун замон ёшларники, келажаги буюкдир,

Юртбошимиз ворислари - ўғил, қизи суюкдир,

Шу истиқлол, ҳуррият-чун халқим жони куюкдир,

Мен сен учун нима бердим кўҳна, қадим Ватаним?!

Гавҳарой ЮЛДАШЕВА.

КИПРИГИМГА СУЯНГАНЧА ЖИМ...

Кел, армонга тутамиз мотам,

Кунларимиз бахтга ўраймиз.

Бу дунёнинг рангсиз тушларин,

Яшил, пушти, оққа бўяймиз.

Сени шу он кўргим келяпти,

Юрагимга қулади соғинч.

Кипригимга суянганча жим,

Ҳижронтушлар қўймаяпти тинч.

Ёлғон эмас, тескари эмас,

Ўнгдан келар тушларим энди.

Айрилиқдан бунча бўлдинг маст,

Бардошимни сабрлар еди.

Бегоналар шаҳрида ҳар кун,

Ишқ суратин чизиб яшадим.

Сенсизликни қучоқлаб беун,

Айтгин энди кимга ўхшадим?

Раҳима ЭРМАТОВА.

ГУЛЮЗ

Эй, гул юзинг яширма мендан,

Ғунча лабларинг қизғонма мендан.

Юрак сирларингни пинҳона тутма,

Шудир ўтинчим гулнигор сендан.

Ишқ ифор таратган ўзинг гулнорим,

Бўйнимга ярашган омад - туморим.

Муҳаббат боғларин бирга кезайлик,

Киприклари ханжар, кўзи ҳуморим.

Мен шукур қиламан сенинг борингга,

Севгингни изҳор эт, ошиқ зорингга.

Бир умр ёнимда қолгин севгилим,

Вафоли ёр бўлгин мендек ёрингга.

Азизбек АБДУРАЙИМОВ,

Асака шаҳри.

ЮРАК

Юрак, нега мени бунча қийнайсан?

Аҳволим кўрсанг-да ҳолим сўрмайсан.

Наҳот энди шунча бепарво бўлиб,

Менинг борлигимни асло кўрмайсан.

Биласан-ку ахир сен учун шодман,

Битта қувончингдан гулдек ободман.

Мени тушунишга уриниб кўргин,

Сен уриб турсанг мен қушдек озодман.

Мадинабону АСЛИДДИНОВА,

Балиқчи тумани.

ОНАЖОНИМ, СЕНИ СОҒИНДИМ!

Мана яна янги тонг отди,

Сени эслаб, ўксир юрагим.

Юрагимга соғинчлар ботди,

Дуогойим, соғ бўл тилагим!

Соғинчлардан ёмон оғриндим,

Онажоним, сени соғиндим!

Сени ёдга оламан ҳар он,

Ўша лаҳза ёнингга борсам.

Ич-ичимда ғамлар урар бонг,

Хаста кўнглим ўзингга ёрсам.

Соғинчлардан ёмон оғриндим,

Онажоним, сени соғиндим!

Яна менинг суратим силаб,

Йўлларимда кўзларинг гирён.

Менга эзгу тилаклар тилаб,

Кўргинг келиб, излайсан ҳар ён.

Соғинчлардан ёмон оғриндим,

Онажоним, сени соғиндим!

Гўёки вақт тўхтаб қолдими?

Кун санайсан биламан, она.

Йўлим кутиб кўзинг толдими?

Эрта шанба бораман яна!

Соғинчлардан ёмон оғриндим,

Онажоним, сени соғиндим!

Ўткирбек СОДИҚОВ,

Хўжаобод тумани.

ТОПОЛМАЙСИЗ

Кўнглингизда ўчмас бўлиб севгим қолур,

Қўмсаганда муҳаббатим тополмайсиз.

Юзингизга маъюс боққан кўзим қолур,

Дунё кезиб ўшал кўзни тополмайсиз.

Менсиз энди оромингиз йўқдир буткул,

Боғларимга келманг қайтиб сохта булбул,

Ҳали ишққа тўлмаган мен тиконсиз гул,

Афсус энди гулюзингиз тополмайсиз.

Атрофингиз ўраб олса турфа гуллар,

Бўйларига маст бўласиз, кундуз, тунлар.

Аммо билинг мендек меҳр бермас улар,

Афсус, энди мендай қизни тополмайсиз.

Наргиза МУҲАММАДСОДИҚОВА,

Марҳамат тумани.

ДИЛ НОЛАСИ

Йироқлашиб кетар ҳаловат,

Узоқлашиб кетди сендайин.

Юрагимга келяпти малол,

Хаёлимга келганинг сайин.

Бу аламлар қийнайди мени,

Юрагимда қиёмат-қойим.

Нега мени бунчалар содда,

Яаратибди экан Худойим.

Мени яхши билмайсан ҳамон,

Бевафо, деб дил тиғлашимни.

Гарчи тунлар инграёлмасдан,

Кўрсатмайман жим йиғлашимни.

Юрагимга келяпти малол,

Сени жондан севиб қолганим,

Ва сендайин беишқ кимсадан,

Севги деган дарсни олганим...

Олтиной ТЎШПЎЛАТОВА,

Избоскан тумани.

КЕКСАЛИКДАГИ СЕВГИ

- Севиб қолдим.

- Вой, айт кимни?

- Кимни дема, кампиримни.

- Қаримай қол, севмай бор бўл...

- Порлоқ қилган у умримни.

Қирқ бир йил яшабмиз-а,

Ошимизни ошабмиз-да,

Севги деган ишқ дардига,

Қариб назар ташлабмизда.

Чойхонада чоллар билан,

Ўтирсам ҳам юрак нотинч.

Қайда экан кампирим деб,

Дук-дук урар қурғур бетинч.

Уйга келиб ахтараман:

- Ҳой кампиржон, қаердасан?

Овозингни эшитайин,

Осмондами, ё ердасан?

- Вой, не жанжал, не тўпалон?

Бор бўлингга, Ҳолиқ полвон.

Қўшни кампир чақирганди,

Чақчақлашай, деб киргандим.

- Чақчақлашмай, ҳар нарса бўл,

Ошиқ қалбим севгига мўл.

Сени кўрмай туролмайман,

Кўча-кўйда юролмайман.

- Қариганда севмай қолинг,

Чойхонага тезроқ боринг.

Половтўра ошларни еб,

Ҳузур қилиб келақолинг.

Кўк чойларни дамлаб турай,

Сизга ўзим қурбон бўлай.

Қалин тўшакларни солиб,

Ўзим сизни кутиб олай.

Одилжон ҲУДОЙБЕРДИЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди