Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№39 дан: 24.09.2015

ҚУРБОНЛИКНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Аллоҳга қилинган ибодат, яхши ва солиҳ амаллар Унга яқинлашишга ва Унинг розилигини топишга бир воситадир. Ана шу солиҳ амаллардан бири бу - қурбонлик саналади. Қурбонлик орқали Аллоҳ мўъмин банданинг ўз молидан воз кеча олишини имтиҳондан ўтказади.

Қурбонлик қилишлик фазилатли ва гўзал амаллардандир. Хусусан, Қуръони Карим оятларида шундай дейилади: "Эй, Муҳаммад (с.а.в.) албатта, Биз сизга Кавсарни ато этдик. Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб-қурбонлик қилинг! Албатта, сизни ёмон кўргувчи кимсанинг думи қирқилгандир (яъни беному нишон йўқ бўлиб, кетгувчидир!" (Кавсар сураси, 1-3-оятлар). Яна бошқа ояти каримада: "Биз (ўтган) барча умматга Аллоҳ берган чорва ҳайвонларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, унгагина бўйсунингиз ва (эй, Муҳаммад!) итоат қилувчиларга хуш хабар беринг!" (Хаж сураси, 34-оят).

Қурбонлик қилишлик бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида унинг яхшилиги, савоби инсонга аталгандир. Бу ҳақда ушбу ояти карима далил бўлади: "Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин У зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли У зотни улуғлашларингиз учун уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!" (Хаж сураси, 37-оят).

Ҳар бир инсон Аллоҳнинг раҳматидан, ажр-савобларидан умидвор. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини ва тақвосини намойиш этишдир. Ҳазрати Али (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: "Ким қурбонликка жонлик олиши учун бозорга борса, Аллоҳ Таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади, ўнта гуноҳини кечиради ва мартабасини ўн даража кўтаради. Жонлиқни савдо қилаётганда айтган сўзларни тасбеҳ ўрнида қабул қилади. У учун берган ҳар бир дирхамига етти юз дирхамнинг савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта яратади ва улар қиёматгача унинг учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайхиссалом фарзандларидан бир қулни озод қилганлик савобини беради" дедилар.

Қурбонликнинг гўшти асли уч қисмга бўлиниб, бир қисми хомлигича камбағалларга, яна бир қисми хоҳишга кўра, эҳсон қилиб едирилади, ёки уни ҳам тарқатиб юборади. Учинчи қисми эса, хонадон аҳллари учун қолдирилади. Довуд Алайхиссалом: "Ё Парвардигоро, Муҳаммад (с.а.в.) умматларинг қилган қурбонликлари учун нима ато этгансан?" дедилар. Аллоҳ Таоло хитоб қилди: "Ё Довуд, Муҳаммад (с.а.в.) умматларидан қурбонлик қилганларга қурбонликнинг баданидаги ҳар бир тўкилган ўнта савоб ато қилиб, ўнта гуноҳини кечаман. Жаннатдаги даражасини юксалтириб, у ерда бир қаср бино қиламан ва хурларни насиб этаман. Ё Довуд, бу қурбонлик қиёмат куни макраб бўлиб, турли балоларни эгасидан қайтаради".

Анас Ибн Молик Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: "Хашр (қиёмат) содир бўлган вақт мўминлар ўз қабрларидан турадилар. Аллоҳ: "Эй, фаришталар, менинг бандаларимни махшарга уловсиз олиб борасизларми? ...Энди тирилиб қабрларидан тургач, махшарга пиёда боришмасин. Қурбонликларини келтиринг, миниб боришсин", дейди.

Қурбонлик қилиш қонун-қоидалари ва одоблари ҳақида кўплаб фикх китобларда батафсил маълумотлар берилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Арофатда турган ҳолларида одамларга қараб, шундай дедилар: "Эй, одамлар! Ҳар бир (бой) хонадон аҳли зиммасида ҳар йили қурбонлик қилиш мажбурияти бордир". Уламолар қурбонликни Қурбон хайити куни қуёш чиқмасдан илгари сўйиш мумкин эмаслигини айтиб ўтганлар. Чунки пайғамбаримиз (с.а.в.) "Ким хайит намозини ўқишдан олдин қурбонликни сўйган бўлса, ўрнига бошқа жонлиқни сўйсин. Ким ҳали сўймаган бўлса, энди намоздан кейин Аллоҳнинг номи билан (бисмиллахи Аллоҳ Акбар) сўяверсин" дедилар. (Бухорий ривояти). Агар хайит куни қурбонлик қилишга вақт топа олмаса, хайитдан кейинги икки кун ичида сўйиш ҳам жоиздир. Бундан ташқари, қўй ва эчки бир кишининг номидан, мол ва туя бир кишидан то етти кишигача шерикликда сўйилиши мумкин.

Қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвон нуқсонсиз бўлиши муҳимдир. Баро ибн Озиб (р.а.) бу ҳақида ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: "Тўрт хил жониворни қурбонлик қилиш жоиз эмас: бир кўзи кўрлиги аниқ билиниб турган, касаллиги аниқ билиниб турган, оқсоқлиги аниқ билиниб турган ва илиги йўқ бўлиш даражада қариб қолган ҳайвонлар". Аллоҳ ўзининг каломида: "Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Нимани эҳсон қилсангиз албатта, Аллоҳ уни билгувчидир" (Оли-Имрон сураси, 92-оят) деб марҳамат қилган.

Аллоҳ Таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қиладиган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида қабул айласин. Барчаларимизга Қурбон хайити муборак бўлсин!

Шаробиддин МУСАБОЕВ,Андижон шаҳридаги "Абу Хурайра" жомеъ масжиди имоми.

Хожиакбар ЯХЁЕВ,Андижон шаҳридаги "Зубайр ибн Аввом" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди