Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№39 дан: 24.09.2015

ДИЛ ТУҒЁНИ

СИЗ, БАРИБИР ЎША ЎШАСИЗ...

Ўша дамларни эсласам, соғинчдан юрагим энтикиб кетади. Ўтган барча қувончли онларимизга қайтсам... Аммо бунинг ҳеч иложи йўқ. Оқиб кетган сув ортга қайтмайди. Ҳаётимдаги ўша ойдин лаҳзаларни эслаб, юрак сирларимни тўкмоқчи бўлиб, қўлимга қоғоз ва қалам олдим.

Мен жуда бахтиёр эдим. Чунки хаёлимда тасаввур қилган, инсонимни - сизни учратгандим... Бир куни тоғамнинг ишхонасига бир юмуш билан борганимда, минг йиллик қадрдон нигоҳларни учратгандек бўлдим. Шундан сўнг бир баҳона топиб, у ерга тез-тез борадиган бўлдим. Сиз ҳам менга бефарқ эмасдингиз. Буни мен меҳр билан боқгувчи ўтли нигоҳларингиздан пайқар эдим.

Бизлар шу тариқа танишдик. Тез-тез кўришиб турадиган бўлдик. Иккимизнинг қалбимизда муҳаббат деб аталмиш илоҳий туйғу куртак ёза бошлади. Лекин қалбимдаги барча ҳисларга қарши бир исён бор эди. Туғма юрак хасталигим сабаб, менга оила қуриш мумкин эмасди. Бунга олдинлари тақдирнинг аталган бир синови сифатида қарар эдим. Ҳаётимда сиз пайдо бўлгач, "нега тақдир бунчалар бешафқат, наҳот кўнгил қўйган инсоним билан бирга бахтли ҳаёт кечиролмасам?" деган саволлар хаста юрагимни баттар тиғларди.

Орадан кунлар, ойлар ўтди. Бу ўтган лаҳзалар иккимизнинг юракларимизга севги риштасини мустаҳкам боғлади.

Мен ҳар ойда бир шифохонада даволанардим. Сиз эса мени кўргани келишдан чарчамасдингиз. Ўшанда виждонимга қарши бориб, "бу шунчаки шамоллаш" деб ёлғон гапирар эдим. Сабаби, сизни йўқотиб қўйишдан қўрқардим. Сиз ҳам менга заррача шубҳали нигоҳ билан назар ташламагансиз. Бу покиза ишқимиз абадий бўлишини иккимиз ҳам истардик.

Кунлардан бир кун уйимизга онангиз совчиликка келди. Ота-онангизнинг суриштирувларидан сўнг, ўша машъум ҳақиқат аён бўлди. Сиз мендан изоҳ талаб қилдингиз. Мен тентак эса сизга қўрслик билан жавоб қайтардим. Ҳатто, сизга қаттиқ ранжитадиган сўзларни ҳам айтдим. Мен қўрққан кун келиб, айрилиқ шамоли муҳаббатимиз ипларини узиб ташлади. Шундай кун келишини билсам-да, кўнглимда нимагадир бир чимдим умид бор эди...

Сўнг кўп ўтмай, тўйингиз ҳам бўлиб ўтди. Ўшанда хаста юрагим бу айрилиққа дош беролмаса керак, деб ўйладим. Уйдан чиқмай қўйдим. Бу дунё мен учун мазмундайсиз эди. Ота-онам кўнглимга қарашди. Барчаси унут бўлар, дея чекка қишлоқдаги холамларнинг уйига жўнаб кетдим. Шу тариқа айрилиқ азобидаги аламли кунлар бир-бирини қувлашиб ўта бошлади.

Сизни унутдим, деб ўйлаганимда эса, тақдир мени яна бир синовга дучор қилди. Даволаниш учун шифохонага ётдим. Хонадошим бўлган бир аёл менга турмуш ўртоғи, оиласи ҳақида доим жўшиб, гапириб берарди. Унинг бахтиёрлигини кўриб, ҳавасим келарди. Бир аёл орзу қилган бахт мана шу бўлса керак, деб ўйлардим, ўзимча. У аёлни шундай бахтли қилган эркак ким эканлигига қизиқиб ҳам қўярдим баъзида.

Бир куни ўша аёл билан суҳбатлашиб ўтирсак, хона эшиги тақиллаб сиз кириб келдингиз. Кўзларимга ишонолмасдим. Орадан қанча йиллар ўтса ҳамки, сиз барибир ўша ўшасиз. Сирли нигоҳлар, ўктам туришлар, сўзларингиз, ҳамма-ҳаммаси ўша. Гўёки яна мени излаб келгандай эдингиз. Афсуски, менга умид ва ишонч билан боқгувчи ўша кўзлар хонадошимга тикилиб кулиб турарди. Билдимки, бу бахтли аёл сизнинг турмуш ўртоғингиз экан.

Бундан қувонишни ҳам, куйинишни ҳам билмасдим. Аммо сизнинг қувончингизни кўриш мен учун катта бахт. Энди умримнинг охиригача ҳаётда сизнинг бахтли эканлигингизни ҳис қилиб яшайман.

Оққа кўчирувчи

Нодира АКРАМЖОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди