Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№45 дан: 05.11.2015

Бугуннинг гапи

АЁЛ - МЕҲР ВА ЭЪТИБОРГА ТАЛПИНАДИ

Аёл адашди. Аёл гуноҳ қилди. Аёл жиноят содир этди. Аёл шаънига бу каби айбловларни айтиш нафақат, уят, балки жамият учун ташвишли ҳолдир. Аммо наилож, андиша деб ҳақиқатга терс қараб бўлмаса, кўзинг билан кўриб турганингни "кўрмадим" деб айтишга виждон ҳам йўл бермайди...

Аёл адашди. Айтишга осон. Ва бир жиҳатдан адашиш одамизодга хос ҳолат. Аёл ҳам банда, янглишади, хато қилади. Аммо... аёлнинг хатоси ўзи, балки жамият учун қимматга тушади. Бу фикрга эътироз билдиришнинг иложи йўқ. Зотан, аёл келажак авлод тарбиячиси, онадир. Унинг ҳар қадами, ҳар бир сўзи фарзандларига ибрат бўлиши керак. Жамият аёлга шу нуқтаи назардан қарайди. Агар у салбий хусусиятларидан ҳаё қилмаса, ҳар бир қадамини таҳлил қилмаса, унинг тарбияси билан улғаяётган болада келажакда қандай қилиб комил инсон шамоилини кўра олади?..

Таниш бир аёл билан учрашиб қолдик. Кайфияти тушкун. Бирмунча яқин бўлганимиз учунми, кўз ёшларини ҳам яширмади.

- Оиламиз бузилди, сингилжон, - деди у гўёки ҳаммасига ўзи айбдордек қўллари билан юзларини тўсиб. - Шу ёшимда шундай аҳволга тушаман, деб ўйламагандим. Болаларимга нима дейман?..

Аёл бироз йиғлаб, кўнгли бўшаб, ўзини қўлга олгач, айтганларидан маълум бўлдики, эри унга хиёнат қилибди. Эри билан махфий гуноҳ ишларни қилиб юрган жувон гўзаллик салонларидан бирида ишлар экан. Опа унга "Синглим, ёш экансиз, Худодан қўрқмайсизми? Бизнинг икки фарзандимиз бор, болаларимиз бўйга етай деб турибди. Шундай пайтда хиёнат сабабли оиламиз бузилиб кетиши бизга ҳам, фарзандларимизга ҳам иснод-ку! Эрта бир кун эшигимга қизимни сўраб совчи келса, ўғлимга бировнинг қизини сўраб борсам, бу ишлар уларнинг бахтини тўсади-ку? Сизнинг ҳам фарзандингиз бор экан, зино гуноҳи азим ҳисобланади. Гуноҳингизнинг касри фарзандингизга уришидан қўрқмайсизми?!" деган эдим. У бўлса "Мен ҳам эрингизни севаман. Сиз унинг кўнглини ололмагансизки, менга кўнгил берди. Нима қилай, мен ҳам инсонман, кўнгил деган нарса бор", дея жавоб берибди.

Таниш аёл сўзида давом этиб. - Синглим, мен тадбиркорман, кўп пул топаман, эримни жон қадар севиб-қадрладим. Ишонсангиз, оёқларини ювардим. Мен эрни ўз ҳолига ташлаб қўядиган аёл эмасман, севги-муҳаббатни ҳар нарсадан устун қўяман. Шунинг учун эримни меҳр-муҳаббатга кўмиб ташлагандим. Ҳайронман, балки керагидан ортиқ меҳр бериб юборгандирман, балки у мендан топмаган бахтни ўша аёлдан топгандир.

Менимча, бу воқеага фақат опанинг эри билан яқин бўлган аёлнинг ўзини айбдор қилиш унчалик ҳам тўғри эмас. Аёл адашган, лекин уни шу янглиш йўлга бошлаган эркак аёлдан кўра кўпроқ айбдор эмасмикан?

Қолаверса, жувоннинг биринчи турмуши бўлмаган, тирикчилик ташвишида ўзга шаҳарга келиб, ризқ излаб юрган экан. Унинг ота-онаси, ака-укаси йўқмиди? Бўлса, уларнинг кўзи қаерда, бошида эри йўқ, паноҳи йўқ ожиза яқинларини бегона шаҳарда ҳоли не кечишини ўйламадиларми?..

Аёл - меҳр-эътибор гадоси. У ҳамиша меҳр-муҳаббатга, эътибор ва ғамхўрликка эҳтиёж сезиб яшайди. Умрининг аввалидан то охиригача аёл меҳр-муҳаббатга ташна, зор бўлади. Расулоллоҳ (с.а.в.)дан айни мазмунда ҳадис ривоят қилинади: "Фарзандларингизга бирдай меҳр беринг. Агар улардан бирига кўпроқ меҳр бериш керак бўлса, қиз болангизга кўпроқ меҳрибончилик қилинг". Ўз яқинларидан ҳақиқий ғамхўрлик кўрмаган аёл, кўчадаги сохта "меҳр"дан таскин топишга мажбур бўлади.

Айрим қиз-аёлларнинг одоб-ахлоқи, феъл-атворидан нолиб юрамиз. Сабаб деганда бешарм клиплар, ғарб сериаллари ва ҳоказоларни асос қилиб келтирамиз. Қайсидир маънода бепарда клипу сериаллар ҳам қиз-жувонларда салбий хусусиятлар шаклланишига асос бўлгандир. Аммо асосий сабаб - ўзимизда эмасми? Яъни, тирикчилик ташвишига буткул ғарқ бўлиб қолганимиз, фақат ўзимиз билан ўзимиз бўлиб, атрофимиздагиларни унутиб қўйганимиз, яқинларимизни гоҳ-гоҳида кўча-куйда учратиб қолганда эсламасак, деярли йўқламай қўйганимиз сабаб эмасмикан? Опа-сингил, амма-холаларни қўя турайлик, тирикчилик ташвишида ҳатто ўз фарзандимиз- қизимиздан ҳол-аҳвол сўрашга ҳам баъзида вақт ажратмаймиз.

- Хотини вафот этиб, уч бола билан қолган бир эркакка турмушга чиқадиган бўлдим, - дейди биринчи турмушидан бир қизчаси билан ажрашган аёл. - Эркак мендан ўн беш ёшлар катта, болалари ўзини ўзи эплайдиган ёшда, тўнғичи узатилган эди. Турмушим бузилиб, ота уйимга қайтганимдан кейин отам: "Сен бу ерда турсанг, укаларингни тинчи бузилади" деган гапни айтганида дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетди. Шу бўйи қизимни етаклаб шаҳарга кетиб, ижарада туриб, ўз кунимни ўзим кўриб юргандим. Икки йил ижарада яшадим, отам бирор марта "қизим, ҳолинг нима, аҳволинг нима, оч қолмадингми, юпун қолмадингми?" деб сўраб келмадилар. Иккинчи марта турмушга чиқаётганимда ота-онамнинг розиликларини олайлик, деб уйга борсам, отам "Сен бизни шарманда қилиб, ўзингдан бир неча ёш катта инсонга тегяпсан" деб рўйхушлик бермадилар. Шунда ҳам яқинларим "Отажон, опам ёлғиз боши билан ижарада яшаб юрибди, қарими, ёшми бир эркак паноҳ бўламан деса, буни нимаси ёмон? Биз-ку ота бўлиб, жигар бўлиб опамни йўқламасак, демади. Шунда англадимки, аёлни меҳр-муҳаббатга, оқибат, мурувватга эҳтиёжмандлик ларзага соларкан. Ўшанда отамдан ҳам, жигарларимдан ҳам хафа бўлдим. Нима қилишга хайронман, фарзандларим келажаги мени ташвишга солади.

Биз аёлдан кўп нарса кутамиз. Дунёдаги жамики эзгу фазилатларни аёлнинг сийратида тажассум топишини истаймиз. Унинг шаънига чиройли ташбеҳларни келтирамиз. Башарти у бир нохос қадами туфайли адашса, гуноҳ қилса, уни ҳеч аямасдан айблаймиз. Аммо аёл ўз ихтиёри билан адашмайди. У ўзи хоҳлаб гуноҳ ботқоғига ботмайди. Аёлни эътиборсизлик, ўз ҳолига ташлаб қўйиш адашишга етаклайди. Сўнг унинг бу ишлари "гуноҳ", "айб", "хато", "жиноят" дейилади.

Юқоридагиларни баён этишдан мақсадимиз, инсонларга хитоб қилиб, турмуш ўртоғингиз, опа-синглингизга эътиборли бўлинг. Бошига бирор ташвиш тушганда уни ёлғизлатиб қўйманг. Шундагина аёл адашмайди, гуноҳ йўлга кирмайди, деган гапни айтиш эди.

Бу борада сизнинг бошқа мулоҳазаларингиз, фикрларингиз бўлса, бизга мактуб йўлланг.

Умида АДИЗОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди