Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№52 дан: 24.12.2015

Бугуннинг гапи

ФАРЗАНДСИЗЛИК ХАСТАЛИГИДАН ҚУТИЛИШ УЧУН

ЭР-ХОТИН БИРГА, БИР ВАҚТДА ДАВОЛАНИШИ ЯХШИ САМАРА БЕРАДИ.

Қариндошининг тўйида Насибани кўрган Раҳима опа уни ёқтириб қолди, келинликка муносиб кўрди. Ўғли Сардорга ҳам қиз маъқул келгач, тўй тараддудини бошлаб юборди.

МЕН СОППА-СОҒМАН...

Тўй чиройли ўтди. Келин-куёв бахтли эдилар. Насиба қайнонасининг орзусидаги келин бўлди. Ана-мана дегунча бир, икки, уч, тўрт йил ўтиб кетди. Оилада чақалоқ йиғиси эшитилмади. Раҳима опа тинмай келинини у шифокордан бу табибга олиб боравериб чарчади. У энди ичидаги аламларини ошкора билдира бошлади. Насибанинг "Аяжон, ўғлингиз ҳам шифокорга кўринсинмикан-а?" деган гапидан Раҳима опанинг фиғони фалакка чиқди.

- Сиз ҳали ўғлимни касал-вандга чиқаряпсизми? Болам соппа-соғ! Аслида ҳамма айб сизда! Туғмаслигингизни оқламоқчи бўлиб, айбни ўғлимга ағдармоқчи бўляпсизми? Уялинг-е, келин... Ундан кўра ўғлимнинг йўлини очиб қўйинг, зора бошқаси билан болали бўлиб қолса... - Раҳима опа кейинги гапларини ичкари уйга кириб кетаётиб айтган бўлса-да, Насиба аниқ-тиниқ эшитиб бўлганди. У шу нарсадан қўрқарди. Бир кун келиб очиқ-ошкора ҳайдалишдан ҳадиксирарди. Қўрққани содир бўлди. Энди бу уйда қола олмайди. Сардор акаси ҳам онасига қарши бирор сўз айтолмайди...

Ишдан қайтган Сардор воқеани эшитгач, ичидан зил кетди. Аммо онасига индамади. Раҳима опа бўлиб ўтган воқеани қўшиб-чатиб ўғлига етказди. Насиба ҳамма айбни Сардорга қўйганига ўғлини ишонтирди...

Эрталаб Сардор Насибанинг ишхонасига йўл олди. У билан барчасини ҳал қилиб олмоқчи бўлди. Эрини кўрган Насиба қувониб кетди. Бироқ Сардор унинг шодлигини ерга урди. Ўзининг соппа-соғ эканини, истаса, бошқаси билан турмуш қуриб, фарзандли бўла олишини таъкидладию... хайрлашди... Насиба турган жойида ҳайкалдай қотди. У эрининг "юр, уйга кетамиз, ҳали фарзандли ҳам бўламиз. Бу ахир синов-ку!" дейишини кутганди. Аммо...

ЭРКАКНИНГ

ДАВОЛАНИШИ УЯТ ЭМАС

Ҳаётимизда озми-кўпми бу каби ҳолатлар учраб туради. Айрим ёш оилаларнинг ўз вақтида фарзандли бўлмаслиги муаммоси мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Қуйида ана шу хусусида сўз юритишни лозим топдик.

Мулоҳазага чорлаганимиз ушбу мавзу муштарийларимизни бефарқ қолдирмайди. Аслида юқоридаги воқеада келтирилган ҳолатда келинни айблаётган қайнона ўғлини ҳам шифокор текширувидан ўтишини қўллаганида олам гулистон бўлар эди. Минг афсуски, баъзи қайноналаримизнинг калта ўйлашлари, мулоҳазасизликлари, тиббий маданияти етарли эмасликлари ёки "одамлар гап-сўз қилади" дея андишага боришлари оқибатида битта муаммо иккита бўлади, энг ачинарлиси гулдек оила бузилиб кетишига сабаб бўлади.

Ахир шифокор кўригидан ўтиш, агар бирор хасталиги бўлса даволанишнинг нима айби бор, бу - уят эмас-ку? Қолаверса, бу инсон билан бўладиган табиий ҳол-ку!? Халқимизда "Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади" деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Бироқ биз била туриб, ўзимизни муаммолар гирдобига ташлаймиз. Аммо бундан кимга фойда? Албатта, манман қайнона ёки куёв вақтинча шу орқали ўз сўзини ўтказади. Лекин бу билан муаммо ҳал бўлмайди. Йўл қўйилган хато эса тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келади, ёш оила барбод бўлади. Минг афсуски, бу нарсани айрим кишилар жуда кеч англайди, афсус қилади. Лекин вақт ўтиб, хатони тузатишнинг имкони бўлмайди.

Шу ўринда қайнона тушунмаса, оиланинг бошқа катталари, айниқса, куёв осонгина таслим бўлмаслиги, оиласини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилиши керак.

ГИНЕКОЛОГ ФИКРИ

- Бизга ёш оилалар фарзандсизлик туфайли тез-тез мурожаат қилиб туради, - дейди Андижон шаҳридаги 2- туғриқ комплекси шифокори Дилобар Ёқубова - Бироқ қабулимизга кўп ҳолларда фақат келинлар келишади, даволанишади. Уларнинг айтишига қараганда, куёвларимиз даволанишга уялишар эмиш. Аслида фарзандсизлик ёки ўз вақтида фарзанд кўрмасликда эр-хотин тенг даволаниши зарур. Шунда муолажа тез ижобий самара беради. Жинсий аъзоларнинг кучли шамоллаши, простата безининг яллиғланиши, эркак уруғининг кучсизланиши сингари сабаблар ўз вақтида фарзандли бўлишнинг йўлини тўсади. Бунда, аввало, эркаклар уролог шифокор назоратида бўлиб, даволанишлари тавсия этилади. Муҳими, бундай ташаббус йигитнинг ўзидан чиқиши керак. Даволаниш - уят эмас, аслида ўзининг соғлом эканини исботлашдир. Куёв йигитлар шу ҳақиқатни тўла англаб етсалар, ажримлар камаяр, гулдек оилалар барбод бўлмас эди.

ИСМИ СИР ТУТИЛИШИНИ ИСТАГАН ЙИГИТ ИҚРОРИ

- Турмуш қурганимга етти йил бўлди. Фарзандли бўлолмагандик. Шу вақтга қадар фақат аёлим даволанарди. Очиғи, ўзим бу борада мутахассисга кўринишга номус қилардим. Ошна-оғайниларим, таниш-билишларимнинг "мижози суст экан-да, бепушт бўлса керак-да" дея маломат қилишларидан чўчирдим. Шунинг учун ҳам хотинимнинг "бирга даволанайлик" деганларига бефарқ эдим. Оиланинг риштаси фарзанд эканини йил ўтган сари тушуниб етдим. Атрофдагилар пинхона, гоҳида ошкора айбни гоҳ менга, гоҳ аёлимга қўйиб, маломат қила бошладилар. Хуллас, ўзим шифокорга кўринишга, текширувлардан ўтишга қарор қилдим. Натижа мени простатит хасталигига чалинганлигимни кўрсатди. Айб ўзимда эканлигини билгач, аёлим неча йилдан буён қанча маломатларга чидаб келаётганини тушундим. Бироқ шунда ҳам эркаклик ғурурим буни сир тутишимга мажбур қилди. Даволандим. Бу ҳақда ҳеч ким, ҳатто оиламдагилар ҳам билишмади. Ҳозир аёлим ҳомиладор. Баъзида тиббий текширувга вақтида бормаганимга, ўз вақтида даволанмаганимга афсусланаман, ўтган умримга ачинаман. Яратганнинг инъоми шу кунга аталган экан, бироқ ғурурни бир четга суриб қўйиб, вақтида муолажа олганимда, бу бахтга эртароқ эришармидим, деб ўйлаб қоламан...

АЁЛ БАРДОШДА ТЕНГСИЗДИР

Аёл, барибир, аёл-да. Унинг андишаси, ҳаёси уйдаги гапни кўчага олиб чиқмасликка ундайверади. Гоҳида умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдошининг айби учун ҳам тош тишлайди. Маломату туҳматларга бардош беради. Борики маломатга ўзини қалқон қилади. Аммо суянчиғини "ёмон" дейишларига йўл қўймайди. Нозиккина елкасига бир дунё ташвишни елкалайди, баъзида боласизлик аламини юрагининг туб-тубларига кўмиб ташлайди, бирор марта бўлсин, эрини қораламайди. Ахир у жуфти!.. Қалби изтиробларини фақат унинг ўзию Яратган билади.

Аёлнинг бундай ҳолатни енгиб ўтиши учун яқинлари, айниқса, турмуш ўртоғи унга суянч бўлиши муҳимдир. Соғлом ва бахтли бўлиш, энг аввало, тақдирдан. Бироқ бу борада кўп нарса ўзимизга боғлиқ эканлигини асло унутмаслигимиз керак.

Юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш учун, энг аввало, ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришга, фуқароларимизнинг тиббий маданият ва саводхонлигини мунтазам ошириб боришга, айниқса, қайноналар ўртасида ҳаётий мисоллар орқали тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Зотан, фарзанд кўриш учун ҳечдан кўра кеч ҳам яхши эмасми? Айбни фақат аёлларга юклаб қўйиш тўғри бўлмаслигини баъзи эркаклар, қайноналар тушуниб етсин.

Бу борада муштарийлар ва мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларини кутиб қоламиз.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди