Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№3 дан: 14.01.2016

Орамиздаги аёллар

ҲАРБИЙЛИККА БЎЛГАН КУЧЛИ МУҲАББАТ ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ЕНГИБ ЎТИШИМГА ЁРДАМ БЕРАДИ,

- ДЕЙДИ КИЧИК СЕРЖАНТ МАЪМУРАХОН ХОНОВА.

Аёл аслида нафосат, назокат тимсоли. Лекин унинг мардлиги, жасорати бўй кўрсатганда, аёлнинг чинакам улуғворлиги намоён бўлади. Бугун ҳарбийлар орасида хизмат қилаётган опа-сингилларимизни кўриб, беихтиёр ана шу улуғворликни, жасурликни кўз олдимизга

келтирамиз.

Кичик сержант Маъмурахон Хонова асли Марғилон шаҳрида туғилиб ўсган. Болалигидан ҳарбий бўлишни орзу қиларди. Мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ жисмоний тарбия, бошланғич ҳарбий таълим дарсларини интиқлик билан кутар, дарс жараёнида пухта билим олишга, ҳарбий машқларни астойдил бажаришга ҳаракат қиларди. Астойдил ҳаракат қилган киши, албатта, ўз орзусига етишади. Бунинг учун нафақат истак, балки мақсадга интилиш, иштиёқ ва қийинчиликларни енгиб ўтиш йўлида сабр-бардошли бўлиши керак.

Маъмурахон ўрта мактабни аъло баҳолар билан тугатгач, Марғилон тиббиёт билим юртида таҳсил олди. Дастлаб, ишни Марғилон шаҳридаги "М. Ғаниев" номли шифохонанинг жарроҳлик бўлимида ҳамшира сифатида бошлади. Аммо болаликдаги истак уни бир зум бўлсин тарк этмасди. У албатта, ҳарбий форма кийиш, ҳарбий хизматчи бўлиш учун ҳаракатни тўхтатмади, мудофаа ишлари бўлимига ҳужжатларини тақдим этди. Шижоатли, ёш қиздаги ўзига бўлган ишончни кўрган мутасаддилар уни ҳарбий хизматга қабул қилдилар.

Аввалига у Шарқий ҳарбий округ тасарруфида бўлган Фарғона шаҳридаги ҳарбий қисмнинг ўзиюрар тўпчилар батареясида хизмат қилди. Айни кунда эса Андижондаги ҳарбий қисмнинг 3- минамётчилар батареясида санитар-йўриқчи вазифасида фаолият олиб бормоқда. Қарийб ўн тўрт йилдан буён ҳарбий хизматни сидқидилдан адо этиб келаётган Маъмура етук мутахассис, ўзига топширилган ҳар қандай топшириқни бекаму кўст бажариши билан командирлар ишончини, сафдошлари ҳурматини қозониб келмоқда. Хизматдаги муваффақиятлари учун Мудофаа вазирлиги, қисм ҳамда округ қўмондонлигининг ташаккурнома ва фахрий ёрлиғларига сазовор бўлган.

- Аёл киши учун ҳарбий бўлиш осон эмас, - дейди кичик сержант Маъмурахон Хонова. - Жуда кўп қийинчиликларни енгиб ўтишга тўғри келади. Мендаги ҳарбийликка бўлган қизиқиш, касбимга бўлган кучли муҳаббат қийинчиликларни осон енгиб ўтишимга ёрдам беради. Қолаверса, юртимизда биз - ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган эътибордан, хизматни аъло даражада ўташ учун яратиб берилаётган шарт-шароитлардан қувонамиз. Ана шу эътибор менга куч беради, янада шижоат билан хизмат қилишга ундайди.

Ҳа, Маъмурахон чинакам бахтиёр аёл. У ўзи орзу қилган касб, кўплар ҳавас қилса арзийдиган оила соҳибасидир. Уч ўғлининг камоли, турмуш ўртоғининг ҳар қадамда қўллаб-қувватлаши, кўмаги уни бахтли аёлга айлантирди. Аслида аёл учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак?!

Ватан ҳимоясига бел боғлаб мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида мардона хизмат қилаётган Маъмурахон сингари барча қиз-аёлларимизни Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этамиз. Улардек жасур ва қатъиятли опа-сингилларимиз сафи кенгаяверсин.

Зилола РАҲМОНОВА.

Суратда: кичик сержант

М. Хонова.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди