Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№3 дан: 14.01.2016

ВАТАН ҲИМОЯСИ - ШАРАФЛИ БУРЧ

Тарихдан маълумки, халқнинг тинчлигини таъминлаш, қавмлари яшаётган ҳудудларни душманлардан ҳимоя қилишга ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) даврларида ҳам жамоа кишилари тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар.

Абу Атийя (р.а.) шундай ривоят қилади: "Расулуллоҳ (с.а.в.) бир киши вафот этганини билиб, қай бирингиз уни бирор яхши амални бажараётганида кўргансиз?" деб сўрадилар. Бир киши "Мен у билан Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим", деб айтди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ва у зот билан ўтирганлар ўринларидан туриб унга жаноза намозини ўқишди. Қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ (с.а.в.) муборак қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг (майитга қараб): "Мен сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман", дедилар.

Албатта, Ватанга муҳаббат, аввало, инсоннинг ўз оиласига, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббатидан бошланади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ислом дини инсонпарвар, ватанпарвар, миллатпарвар дин. У барча инсоний туйғу ва қадриятларни улуғлайди ва инсонларни ҳаётда ана шу туйғуларга амал ва эътиқод қилишга даъват қилади. Жумладан, Исломда Ватанга бўлган муҳаббат улуғланади.

Ҳазрат Ибн Халдун: "Ватан бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир", дея Ватан инсон учун қанчалик азиз эканлигига таъриф беради. Расулуллоҳ (с.а.в.) Маккадан Мадинага ҳижрат қила туриб, Макка чегарасига етганида, орқаларига қараб: "Эй, туғилган она юртим, агар ўз қавмим мени мажбур қилмаганида, сени тарк этмас эдим", дея ноиложликдан она юртидан чиқиб кетаётганликларини билдирганлар.

Ҳақиқатдан ҳам Ватан муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, ёв ва душманлардан асраш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в)дан Саид ибн Зайд (р.а.) шундай ривоят қилади: "Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир", дедилар. Ҳадисда келтирилган мол, жон, дин ва оила инсон учун энг азиз нарсалар, хусусан, муқаддас даргоҳ - Ватанини ифода этади. Шариатимиз аҳкомларида Ватанни ҳимоя қилиш фарзи айн, яъни барчага баробар буюрилган амал, деб белгиланган. Бундан кўринадики, шу юртда яшаётган ҳар бир инсон Ватанимизнинг тинч ва осуда бўлиши, обод ва озодлиги йўлида ўз ҳиссасини қўшиб, керак бўлса, ҳар қандай ёвдан уни асрамоғи керак. Ватан ҳимояси муқаддас амаллардан бири бўлиб, ундан юз ўгириш ёки бирор баҳонани рўъкач қилиб, бўйин товлаш гуноҳдир.

Қолаверса, Ватан ҳимояси машаққатли вазифа ва савобли амаллардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиш минг кунлик рўза тутиш ва минг кеча қоим туришдан яхшидир" дедилар. Демак, Ватан ҳимоячиси бўлишлик бандани Яратганнинг улуғ ажрларига мушарраф этади.

Дунёдаги қатор давлатларда қўпорувчилик, терроризм, диний экстремизм каби иллатлар ҳукм сураётган, биродаркушлик урушлари авж олган бугунги кунда минг шукрки, бизнинг юртимизда тинчлик ва осойишталик. Албатта, энг аввало, Роббимиз инояти, қолаверса, юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли юртимиз кундан кунга юксалиб бормоқда. Ана шу неъматга, тинчлик ва осойишталикка эга бўлишимизда ҳарбийларимиз - Ватан ҳимоячиларининг ҳам хизматлари ниҳоятда катта. Улар бор тунимиз осуда, кунларимиз хотиржамликда ўтади. Чегарачи ва аскарларимиз Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаб, керак бўлса, азиз жонларини юртимиз тинчлиги учун фидо қилишга тайёр. Машаққат ва қийинчиликлардан қўрқмасдан, оила аъзоларидан йироқда сиз ва бизнинг, барча ватандошларимизнинг тинчлигини ўйлаб туну кун хизматдалар.

Ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлардан ҳимоя қилиш бу инсоннинг ўз уйи, оиласи, қариндош-уруғи ва айниқса, динини ҳимоя қилишдир. Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди. Аллоҳ, аввало, жаннатмакон диёримизни турли бало ва офатлардан, юртимиз тинчлигини сақлаш йўлида хизмат қилаётган барча ҳарбийларимизни ўз паноҳида асрасин.

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги "Абу Ҳурайра" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди