Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№3 дан: 14.01.2016

Бугуннинг гапи

ФЕЪЛИНГИЗ ЧИРОЙЛИ БЎЛСА, ҲАЁТИНГИЗ ГЎЗАЛ ВА МАЗМУНЛИ БЎЛАДИ

Бир танишим бор. Уни доим хушрўй, чеҳрасида табассум билан кўраман. Баъзан ўзим кайфиятсиз бўлсам-да, унинг мулойим табассуми кўнглимни ёритади. Унинг шахсий ҳаётидан, ишдаги муваффақиятларидан бехабар эдим. Биз тез-тез кўришиб турсак-да, салом-аликдан нарига ўтмас эдик. Яқинда бир воқеа сабаб у билан яқин бўлиб қолдик. Суҳбат орасидаги гап-сўзлари, ҳамкасбларининг у ҳақидаги фикрларидан билдимки, шахсий ҳаётда ҳам омади юришган, ишда қатор муваффақиятларга эришган, ҳамкасблари ва яқинларининг ҳурматини қозонишга муваффақ бўлган омадли инсонлигини билдим. Ўша вазиятда хаёлимга келгани "Инсоннинг феъли унинг тақдиридир" деган фикр бўлди.

"Қандай қилса омадли, бахтли инсонга айланиш мумкин?" деган саволни кўп эшитамиз. Аслида чиройли хулқ ҳам омаднинг бир кўриниши. Ҳаммамиз болалигимизда "Зумрад ва Қиммат" эртагини эшитганмиз, ўқиганмиз. Эртак қаҳрамонлари Зумраднинг зар тўла сандиққа эга бўлишию, Қиммат ва онасининг аждаҳонинг овқатига айланишига феъл-атвори сабаб бўлганини жуда кичкиналигимиздан билганмиз. Демак, бу ҳақиқатни болалигимиздаёқ англаб етган эканмиз. Шунга қарамай, айримларимиз нобоп феълимиз билан ҳам ўзимизни, ҳам бошқаларни қийнайверамиз.

Бир аёлни танийман. Унинг ортидан ёмон гапириш бўлмасину, аёлнинг нобоп хулқидан озор кўрмаган одам йўқ атрофда. Бир куни аёлнинг овсини билан ҳамсуҳбат бўлдим.

- Овсиним тап тормай Худонинг ишларига ҳам аралашади-я,- деди жувон ўксинибгина. - Тақдир экан, турмуш ўртоғим билан иккинчи рўзғор қилганмиз. Аввалги оиламиздан фарзандларимиз бўлмагани учун бизга иккинчи турмушлиги билинмайди ҳам. Лекин овсиним юзингда кўзинг бор демай "Фалончи бировнинг хотинига уйланди, писмадончи бировнинг эрига теккан" деб иккинчи марта оила қурган одамларни гапиради. У бизни айтмаса ҳам, менинг юрагим дарз кетади. Кўнглим тўкилади. Индамай Худога солиб қўявераман...

Жувонга ҳар гапни кўнглига яқин олмаслигини айтиб, таскин бердим.

Кейинчалик ҳалиги аёл бирин-кетин келин туширди. Келинларининг ҳам дилини кўп оғритганини эшитгандим. Қиз узатди. Феъли чатоқ онадан тарбия олгани ёки бегуноҳ одамларнинг дилини оғритгани учунми қизининг оиласи бўлмади. Икки бола билан ажрашиб келди. Она икки бола билан ёлғиз қолган қизига ҳам рўшнолик бермади.

Инсон бошқаларга заҳрини сочиб, дилини вайрон қилганида ранжиган кишидан кўра ўзи бир неча марта кўп "заҳарланар" экан. Аёлнинг золимлиги бошига етди. Асаб толалари шикастланиб, бир неча йилдирки тўшакка михланиб қолган.

* * *

Феъл - тақдир деганлари чин экан. Таниш қизнинг чиройли ҳаётини, бахтини кўриб бу фикрнинг ҳақ эканлигига ишонч ҳосил қиламан. Чеҳрасидан табассум аримайди. Ўзида бўлса-бўлмаса, эҳтиёж билан унга тикилган кўзларни ноумид қайтармайди. Ёш болани болалик эҳтироми билан суяди. Катталарни улуғлик супасида кўриб ҳурмат қилади. Шунинг учун қайнота-қайнонаси ўз қизидан аъло кўради.

- Мендан "сизнинг ҳам жаҳлингиз чиқадими, деб сўрашади,- дейди келинчак. - Ҳар доим кулиб юрасиз, ҳеч кимдан хафа бўлмайсиз?". Тўғри, инсонмиз, ҳаммамизда жаҳл бор, ранжиймиз, хафа бўламиз. Албатта менда ҳам бўлади бундай ҳолатлар. Қаттиқ жаҳлим чиққанида, ойнага қарайман. Ўзимга ўзим "агар жаҳл чиқса, жанжал қилсам асабийлашаман. Асабийлашсам хасталик орттириб оламан, юзимга ажин тушади. Ана шундай дамда шу ҳолат асабийлашишимга арзийдими?" деб ўз-ўзимга савол бераман. Ана шунда бир зумда ҳаммасини унутаман. Қолаверса, кимнингдир дилини оғритишдан қўрқаман. Кичкиналигимда бувим "Одамларнинг кўнглини оғритишдан эҳтиёт бўлинглар. Кўнгил Аллоҳнинг назаргоҳи" дердилар. Улғайиб англадимки, дилозор кишилар Яратганнинг қаҳрига учрар экан...

* * *

Бу мулоҳазалар сизга қизиқ туюлмаётгандир, юртдош. Аммо кўп бор такрорлангани билан орамиздан дилозорлар, феъли, тили билан одамларга озор етказаётганлар йўқ эмас. Аксинча, йиллар оша кўпчилик гўё жиззаки, аламзада бўлиб бормоқда.

Ўзимиз қолиб бировларнинг айбу нуқсонини излаш билан оворамиз. Кўнглимизни, хулқимизни, икки дунёимизни безаш қолиб, бошқаларга лой чаплаш билан машғулмиз.

Тавбасидан бехабар, гуноҳидан хабардорларимизнинг айбини ошкор қилиш, тақдир йўлларидан тойиганларни таъна-маломат қилиш билан бандмиз.

Адашганга тўғри йўл кўрсатиш, қўлидан тутиб ойдинга чиқариш ўрнига, уриб йиқитамиз, зулматга улоқтирамиз. "Фалончи энди одам бўлиб қолибдми? Унинг қилган ёмон ишлари ҳамманинг эсида", "Вой, пистончининг даврада савлат тўкиб ўтиришини кўрдингизми? Бир пайтлари номаъқул ишлар билан ном чиқарганди-я"...

Бу таъналар сонини исталганча ошириш мумкин. Бировнинг молига кўз олайтирганнинг ўғрилигини, ножоиз йўлларга юрганнинг айб ишларини, турмуши бўлмаганнинг бахти кемтиклигини, жисмида нуқсони борнинг хасталигини, моли ознинг камбағаллигини таъна қиламиз. Шундай маломат қиламизки, гўё бизга у дунёу бу дунё фақат роҳат ва фароғатда яшаш ваколати берилган, худди биз ҳеч қачон хато қилмаймиз, ҳеч қачон муҳтож бўлмаймиз ва ҳеч қачон бемор бўлмаймиз. Ваҳоланки, бу дунё имтиҳондир.

Аллоҳ сизу бизни ҳам ўзимизга насиб қилган неъматлари билан имтиҳон қиляпти. Бошқаларни оғир қиийнчилик билан синаётган бўлса, сизни соғлом, хушрўй, бой, ақллилигингиз билан имтиҳон қилади. Атрофингиздагиларнинг ҳаётини муҳокама қилиш билан бирга ўзимиз учун гуноҳлар эшигини очмайлик. Зотан кексаларимизнинг "Тўғри йўлдан адаштирмасин!" дея дуо қилишида катта ҳикмат бор.

... Феъл-атвори нобоп аёллар бор. Дилозору тил озорларнинг ҳам кўпчилиги аёллар. Айниқса, ҳасад деган балога гирифтор бўлган аёлларни кўрганда "Бундайларнинг тўзимини берсин!" дейишдан бошқа гап айта омаймиз.

Қўшни аёлнинг феъл-атвори кўнглимга ўтирмасди,- дейди таниш бир аёл. - Ўғилларимнинг топиш-тутиши, оиламизнинг даромадига қараб ҳасад қиларди. "Ўғилларингизнинг топиш-тутиши зўр, пул топишга уста чиқди" деб икки гапнинг бирида айтаверарди. У ҳасад ва нафрат тўла нигоҳларини қадаб гапирганида юрагим чил-чил бўлардию, "Қўшни, болаларимга, оиламизга ҳасад қилгандан кўра, фарзандларингизни ёшлигидан илм-ҳунар ўрганишига имконият қилиб берсангиз-чи" дегим келардию, андишами, ё кўнгли оғришидан чўчибми ҳеч нима демасдим. Ҳасад икки томонни ҳам адо қилар экан.

Ҳаётда феълимизни чиройли қилайлик. Гап орасида "Илгари қирқ йилда қайтган бўлса, ҳозир қирқ кунда қайтяпти" деймизу, айтаримизга амал қилмаймиз. "Ҳар кимнинг тақдири, насибаси бўлади" деймизу, тақдиридаги қалтисликни таъна қиламиз. "Хатолар инсонни улғайтиради, юксалтиради" деймизу инсонларнинг хатоларини санаш, камига уларни ғийбат қилиш билан умримизни ўтказ-япмиз.

Ҳа, феълимизни ислоҳ қилайлик. Яратган бизни хатолардан халос қилсин, шояд англаб етайликки, дунё неъматларининг зиёдаси, мол-давлат билан синалаётган, қўша-қўша ўғил-қизу, бахтиёрлик билан имтиҳон қилинаётган инсоннинг ҳам бизга номаълум дарду изтироби бор! Феълимизда ҳасад урчиётганида, "нега унда ҳамма нарса бор, менда йўқ?" деган саволлар тафаккуримизни булғаётганида кўнглимизни иймон нури мунаввар қилсин. Ва шу ондаёқ кимлардир муҳтож бўлган ва биз қадрига етмаётган ўзимиздаги неъматларнинг шукронасини келтирайлик...

... Феълимиз гўзал бўлсин, юртдош, зотан феъли гўзалнинг ҳаёти чиройли ва сермазмун бўлади...

Умида АДИЗОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди