ЁШЛАР ВА ИНТЕРНЕТ
Андижон давлат университетида "Интернет маданияти ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш - муҳим вазифамиздир" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
"Адолат" социал-демократик партияси Андижон шаҳар ва вилоят кенгашлари ташаббуси билан вилоят ички ишлар бошқармаси, фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Андижон ҳудудий бўлими ҳамкорлигида "Ватан келажаги ёшлар қўлида" лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур тадбирда партия фаоллари, ҳуқуқшунослар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, олий ўқув юртлари ўқитувчи ва талабалари иштирок этиб, интернетдан оқилона фойдаланиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ёшларнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини юксалтириш хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Тадбирда мутахассислар томонидан "Интернетдан фойдаланиш маданияти, жаҳон ахборот тармоғидан онгли фойдаланиш", "Ижтимоий тармоқлардаги жиноятчиликларнинг олдини олиш ва ҳуқуқий маданият", "Ёшлар ва ахборот хавфсизлиги, мобиль телефондан фойдаланиш одоби" сингари қатор мавзуларда маърузалар ўқилди.
Очиқ ва қизиқарли мулоқот тарзида ўтган тадбирда иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари самрадорлигини ошириш, ёшларни "оммавий маданият", маънавиятимизга, миллий қадриятларимизга зид бўлган ахборот хуружларидан асраш, турли салбий иллатлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда мавзу доирасида сўровнома ўтказилиб иштирокчиларнинг интернетдан фойдаланиш маданияти ва ахборот хавфсизлиги борасидаги билимлари ўрганилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Мазкур тадбир иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги билимларини, ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилди.
Хосият СИДДИҚОВА.
|