ИНСОН ХОТИРАСИ АЗИЗ
ФИДОЙИЛИК НАМУНАСИ ЭДИ...
Андижон номини республикага танитган, эзгулик фариштасига айланган Турсуной Каримова ҳақида ҳар қанча гапирилса, ҳар қанча ёзилса, оздек туюлади. Бу инсоннинг юрт ривожи, халқ манфаати учун қилган хайрли ишлари мудом кўнгилларга нур олиб киради. Ўзининг бор билимини, меҳнатини одамларга бағишлаган, эл учун, юрт учун ёниб яшаган фидойи инсон эди у.
Олим, тиббиёт фанлари доктори Зуҳриддин Салоҳитдинов муаллифлигидаги Андижоннинг халқпарвар, эл ишига камарбаста фарзанди, мархум устозимиз Турсуной Каримованинг ҳаёт йўллари ҳақида муфассал ҳикоя қилувчи "Оқибат бекаси" номли китобнинг нашрдан чиққанлиги мени жуда-жуда қувонтирди. Китобда опанинг болалигидан тортиб, ўн беш ёшидаёқ раҳбарлик лавозимида иш бошлаганлиги, вазир ўринбосари вазифасида самарали фаолият юритганига қадар бўлган умр саҳифалари ўз аксини топган.
Турсуной Каримова шунчаки яшашни ўзига муносиб билмади. У юрти, атрофидагилари, халқи учун эзгулик, яхшилик соғиниб яшади. Раҳбарлик лавозимларида ҳам ўз манфаатини ўйламади. Эл-юрт, халқ, оддий одамлар манфаати учун қайғуриб ишлади. Юртимиз равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўлида неки хайрли иш бўлса, барига улгуришга ҳаракат қилди.
Ўзининг мард, тантилиги ва бошқа қатор инсоний фазилатлари билан опа андижонликлар қалбида чуқур из қолдирди, унинг номи ифтихор туйғулари билан уйғунлашиб кетган. Айниқса, фаол хотин-қизлар, раҳбар аёллар сафини кенгайтириш борасидаги ибратли ишлари, устозлик мақоми Андижоннинг фаол аёллари қалбидан ҳеч қачон ўчмайди.
Юртимиз тарихида элим, юртим деб ёниб яшаган ва яшагувчи инсонлар кўп. Уларнинг номи, хотираси ҳамиша барҳаёт. Турсуной Каримова ҳам ана шундай фидойилардан бири эди, десак муболаға бўлмайди.
Бугун, нафақат, андижонликлар, балки бутун республика тан олган, ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлган аёл ҳақида ёзилган китоб халқимизга чиройли туҳфа бўлди. Уни ўқиган ҳар бир инсон қалбида, ўйлайманки, халққа меҳр, эзгулик бера олишдан ортиқ бахт йўқ эканлиги ҳақида тушунча жўш уради. Ёшларимизни эса юртига фидойи, комил инсон бўлишга чорлайди.
Манзурахон ЭГАМОВА,
вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Сиёсатчи аёл" клуби раҳбари,
меҳнат фахрийси.
|