Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№17 дан: 21.04.2016

Инсон ва экология

"УРУҒИ БУЗИЛГАН" МАҲСУЛОТЛАР

Сўнгги йилларда халқаро миқёсда "озиқ-овқат хавфсизлиги", деган ибора бот-бот қўлланилмоқда. ЮНЕСКО маълумотларида 1,5 млрд. гектар унумдор ернинг 6-7 млн. гектари деградацияга учраётгани, иқлим ўзгаришлари, қур-ғоқчилик, зараркунандаларнинг кўпайиши мавжуд вазиятни янада чигаллаштираётгани қайд этилмоқда. Бу эса озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигини кучайтириш баробарида, ҳозирданоқ дунёнинг баъзи бир ҳудудларида очарчилик деган балони келтириб чиқараётгани айни ҳақиқат.

2050 йилга бориб дунё аҳолисининг 10 млрд.кишига етиши ҳақидаги башоратлар эса озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб янада ортишидан далолат беради. Шундай бир ҳолатда дунё олимлари эртанги кунга бугундан замин яратмоқдалар. Бироқ...

1994 йил, АҚШ. Таркибига камбала балиғининг гени киритилган биринчи трансген маҳсулот - помидор АҚШ савдо дўконларида пайдо бўлди. Гени ўзгартирилган помидор Американинг "Монсанто" корпорациясининг олимлари томонидан етиштирилган эди.

2000 йил, Германия. Зоолог Ханс-Ҳейнрих Каац асалари устида олиб борган тажрибалари натижасини оммага эълон қилди. Тажриба давомида асалари ошқозонига тушган бактерия мутация пайдо қилган. Яъни, асаларининг ошқозонида пайдо бўлган бактерия организмда янги ген пайдо бўлишига олиб келган. Аммо бу геннинг фойдали ёки зарарли эканини ҳеч ким олдиндан айтиб бера олмайди. Бошқача айтганда, асалари ошқозонида қандай натижага олиб келиши номаълум жараён бошланган.

2001-2002 йиллар, Германия. "Syngenta" фирмаси томонидан етиштирилган "Bt-176" маккажўхориси билан боқилган қорамоллар бош сони кескин камайиб, сут ишлаб чиқариш ҳажми қисқарди ва кўплаб далаларнинг заҳарланишига сабаб бўлди...

Генетик хавфсизлик умуммиллий ассоциацияси маълумотларига кўра, гени ўзгартирилган маҳсулотлар етиштириш бошлангандан буён 43 та давлатда камида 137 та атроф-муҳит ифлосланиши ҳодисаси юз берганлиги қайд этилди.

Факт: Ҳозирги кунда бундай маҳсулотлардан энг кўп фойдаланаётган мамлакатлар АҚШ, Канада, Австралия, Аргентина, Мексика, Уругвай, Туркия, Эрон, Афғонис-тон, Ироқ ва бошқа давлатлардир.

ИЗЛАНИШЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Албатта, кўпчиликни таҳликага солаётган бу каби мисоллар билан ген мавзуси юзасидан ягона хулосага келиш мушкул. Чунки бу йўналишда тадқиқот ва изланишлар ҳануз давом этмоқда. Тўғри, гени ўзгартирилган маҳсулотлар (ГЎМ) инсоният учун янги имкониятлар яратмоқда, биологик хусусиятларига кўра, бундай ўсимликлар бир қанча афзалликларга ҳам эга. Масалан, Америкадаги биринчи трансген помидорига камбаланинг совуққа чидамлилик хусусияти ўтганлиги сабабли совуқ музламаларда ҳам нобуд бўлмайдиган, аксинча ривожланаверадиган ҳосилдор нав дунёга келди. Шунга қарамай, уларга нисбатан салбий фикрлар ҳам мавжуд. Аммо бу фикрлар ҳозирча илмий асосланмаган.

Манбаларда келтирилишича, баъзи олимларнинг таъкидлашларича, генетик ўзгартирилган маҳсулотларни истеъмол қилиш қандай оқибатларга олиб келишини ҳеч ким билмайди. Зеро, бу хавфни англаб етиш учун инсониятга бир неча ўн йиллар, балки бир неча авлод янгиланиши керак бўлар. Шунинг учун олимлар ўзларининг ихтиролари натижалари чегарасини билишлари ҳамда хавфсизлигини таъминлашлари шарт.

"ГЕН ИНЖЕНЕРЛИГИ" ИНСОНИЯТ ХАЛОСКОРИМИ?

XX аср ўрталаридан бошлаб генетика ва молекуляр биология фанларининг назарий ва услубий бирлашуви натижасида янгича ёндашув - "ген инженерлиги" деб номланган тадқиқотлар йўналиши юзага келди. Генетик ўзгартирилган организмлар ва уларнинг маҳсулотларини етиштириш таннархи пастроқ ва кўпроқ ҳосил олиш мақсадида ишлаб чиқилади. Рўй бераётган кўпгина глобал муаммолар ечимини топишда "ген инженерлиги" асқотиши мумкин, деган орзу-умидлар ҳам йўқ эмас… аммо булар ҳозирча орзулар, холос.

Лекин бир гуруҳ олимлар трансген маҳсулотлар ва инсон саломатлиги борасида жиддий, ташвишланарли фикрларни айтишмоқда. Уларнинг таъкидлашларича, трансген озуқаларнинг инсон саломатлигига асосан қуйидаги жиҳатдан таъсир қилиш эҳтимоли бор: аллергик реакциялар, ген кўчишлари, ауткроссинг ва мутацияланишлар.

ТАДҚИҚОТЛАР

Маълумотларга кўра, Японияда қуён гени карам уруғи билан чатиштирилиб, тўқ сариқ рангли карам яратилган. Генотерапиянинг юксак маҳсули, дея аталаётган янги карамнинг бу тури япон бозорларида табиий оқ ва кўк рангдагиларига нисбатан анча харидоргир экани таъкидланмоқда. Хитойда эса гени ўзгартирилган товуқ пайдо бўлганлиги айтилмоқда. Олимларнинг фикрича, унинг тухуми ўзида турли протеинлар ва ҳатто рак хасталигига қарши модда сақлаш хусусиятига ҳам эга экан. Бу кашфиёт ҳали ўз исботини топмасданоқ яна шу юрт ген инженериясида мисли кўрилмаган янгилик, яъни товуқсиз тухум яратилгани барчани бирдек ажаблантира бошлади.

СУВАРАКГЕН ТАРВУЗ, ҚОВУНДАЙ КАРТОШКА

Шу ўринда сунъий уруғ соф уруғга аралашса, уни ҳам зарарсизлантириши ва генетик ифлосланиш юзага келиши фанда ўз исботини топганини таъкидлаш жоиз. Бундан бир неча йил аввал АҚШда данаксиз тарвузлар етиштириш ва унинг уруғини экспорт қилиш авж олган эди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, суварак гени билан чатиштириш орқали олинган мазкур тарвузлар жуда қисқа фурсатда дунёнинг исталган ҳудудида ҳосилга кириши маълум бўлди. Фақат унда ҳақиқий тарвузнинг мазаси унчалик сезилмайди.

Бунинг устига мева ва сабзавотларнинг ҳажми ҳам йириклашган. Трансген картошка қовундай, ширин қалампир эса ананасдан катта.

Факт: Айни кунларда дунё бўйича 80 дан ортиқ гени ўзгартирилган маҳсулотлар етиштирилмоқда.

ЭКОЛОГЛАР ТАШВИШДА

Экологлар эса генетик ўзгартирилган ўсимликлар ёввойи табиатга ҳам тарқалишидан хавотирга тушмоқдалар. Агар бу ҳодиса юз берса, йиллар ўтиб бутун бошли экотизимнинг издан чиқиши айтилмоқда.

Манбаларда айтилишича, ҳозирги амалиётда бир литр сув таркибида 5 грамм туз бўлса, бу кучли шўрланиш ҳисобланиб, унда ўсимлик униши жуда қийин кечади. Геноми ўзгарган ўсимликлар эса бир литр сувда 12-13 грамм туз бўлган тақдирда ҳам ҳосил бера олиши тажрибаларда исботланмоқда.

СОТУВДА ҲАР ИККИСИ - ҲАМ ТАБИИЙ, ҲАМ "СУНЪИЙ"

Маълумотларда келтирилишича, бугунги кунда бундай моддалар колбаса маҳсулотлари, шоколад, чипс, сут маҳсулотлари, йогуртлар ва кондитер маҳсулотларининг аксарият турларига қўшилади. Кўплар болалар учун мўлжалланган маҳсулотлар таркибида трансген маҳсулотлар бўлишини тақиқласа, кўплар ўз ҳудудини трансгенсиз ҳудуд деб эълон қилинишини талаб қилмоқда.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, кўпгина давлат ташкилотлари геноми ўзгартирилган маҳсулотларни махсус баҳолаш жараёнидан ўтказиш лозим, деб ҳисоблайди.

Бугунги кунда Америка ва Европанинг кўплаб мамлакатлари дўконларида бир турдаги маҳсулотларнинг ҳам табиий, ҳам ирсий ўзгартирилганлари сотувга чиқарилмоқда. Трансген озиқ-овқатларнинг нархлари табиий маҳсулотга қараганда бироз арзонроқ. Бироқ уларнинг мазаси, таъми ва биологик таркиби деярли бир хил эканлигини айрим олимлар алоҳида таъкидламоқдалар.

Баъзи мамлакатларда бундай маҳсулотларни чеклаш ёки назорат қилишга асосланган қонунчилик мавжуд. Масалан, Европа мамлакатларида шундай қонунлар қабул қилинган. Бу қонунларнинг асл мақсади асосан АҚШдан импорт қилинадиган арзон ГЎМ - мева-сабзавотларни назорат қилиш орқали Европа фермерларини ҳимоя қилишга қаратилган.

ХУЛОСА ЎРНИДА...

Мамлакатимизда ҳам бундай қонунни ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан илмий-текшириш институтлари ва бошқа давлат ташкилотлари билан биргаликда муайян ишлар олиб борилмоқда.

Албатта, бизда асосий масала ҳосилдорлик эмас, инсон саломатлиги ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда экологик тоза маҳсулотларни етиштиришга жиддий эътибор қаратилаётганлиги, озиқ-овқат маҳсулотларини таъминлаш бўйича қатор давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётганлиги, қолаверса, экин экишга яроқли унумдор ерларимизнинг халқимиз эҳтиёжи учун етарли эканлигини ҳисобга олсак, бизда гени ўзгартирилган маҳсулотларга нисбатан талаб яқин йилларда бўлмаслиги аниқ.

Умида АДИЗОВА тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди