Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№21 дан: 19.05.2016

ОРИЯТ - ҚАЛБ ГАВҲАРИ

Ор-номус, уят, ҳаё - бу ўзбек аёлига хос фазилатлар ҳисобланади. Ҳаё - имоннинг бир бўлагидир. Иймонли инсон ҳаёли бўлади. Ҳаё кишининг ички ва ташқи қиёфасида акс этади. Кишининг одоби, ўзини тута билиши ҳаёдандир.

Бир нарсага одатланиб қолсак, у нарсага ўзимизни тийиб, ҳаёсиз гапларга одатланиб қолсак, кейин шу сўзларга ўрганиб қоламиз. Тилимизни тўғри, ширин сўзлар сўзлашга ўргатайлик. Ким биландир суҳбатлашсак,у яна шу инсон билан учрашсам, икки оғиз ширин сўзини эшитсам, деб ҳавас қиладиган кишилардан бўлишга интилмоғимиз лозим. Аллоҳ берган ҳар бир кунимизга шукрона келтирайлик. Бошланаётган ҳар бир кунимизни яхши хулқдан бошлайлик. Авваломбор, чиройлик ва покиза кийиниб, чиройли муомала ва табассум билан аҳли оиламизга назар қилайлик, фарзандларимизни ишга, ўқишга эсон-омон бориб- келишларини Яратгандан сўраб, дуо қилайлик.

Жамиятда ота-оналар зиммасига кўп вазифалар юкланган. Уларнинг энг муҳимларидан бири фарзанд тарбиясидир. Энг аввало, фарзандларимизни ориятли, одоб-аҳлоқли, жасур ва қатъиятли қилиб тарбиялашимиз зарур. Фарзандларимиз бу - бизнинг келажагимиздир. Уларга яхши тарбия берсак, улар яхши хулқ эгаси бўлиб камол топса, келажак ҳаётимиз ҳам шу қадар чиройли ва мазмунли бўлади.

Имом Ғаззолий бола тарбиясига оид бир асарида шундай деб ёзадилар: "Болалар тарбияси муҳим ишлардан биридир. Бола ота ва онанинг омонатидир. Унинг қалби беғубор ва тоза гавҳарга ўхшайди. Нимани қандоқ ўргатсанг, худди шундай қабул қилади. Истаган шаклга киритиш мумкин. Агар яхшилик ва тўғриликка етакласанг, шу йўлга киради. Дунё ва охиратда ҳаловатга эриштиради. Агар ўз ҳолига ташлаб қўйсанг, бола адашади, ёмон йўлларга кириб кетади".

Қуръони каримда: "Эй иймон келтирганлар! Ўз нафсингизни ва аҳлингизни (аҳли аёл, бола-чақангизни) ёқилғиси инсон ва тошлардан иборат бўлган дўзах ўтидан сақланг", - деб буюради. Демак, биз ота-оналар ўз фарзандларимизни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришимиз, уларга гўзал хулқ, ҳалоллик, поклик, тўғрилик ва орият каби гўзал фазилатларни сингдиришимиз шарт. Шу ўринда бугун гўзал хулқли хотин-қизларимиз орасида ўзларининг одоб-ахлоқи, юриш-туриши билан юзимизни ерга қаратаётган опа-сингилларимизнинг борлигидан минг бор таассуф қиламиз. Билиб-билмасдан "оммавий маданият" таъсирига тушиб қолган ана шундай ёш қизларимиз ўзларини "замонавий ёшлар"миз, деб атаётганлиги миллатимиз анъаналарига ҳам, динимизга ҳам тўғри келмайди.

Шу ўринда биз катталар ёшларимизга тўғри тарбия бера оляпмизми деган саволни ўзимизга бериб кўрайлик. Тўғри, жуда кўп одамлар бу масалада ҳушёр бўлиб фарзандлар тарбиясига жиддий эътибор қаратмоқда. Лекин орамизда бу масалага бепарво қараётган айрим кишиларнинг борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бутун дунё шоирлари шарқ аёлларини афсонавий пари тарзида тасаввур этиб, уларга тасаннолар айтиб, ғазаллар тўқишган. Шарқ аёллари, ўзбек аёл-қизлари бундай тавсифларга асрлар давомидаги ўзларининг ҳаё ва ибоси, андиша ва ор-номуси, садоқати туфайли мушарраф бўлганлигини бугунги ёшларимиз асло унутмасликлари лозим.

Аёл киши ўз ор-номусини, ҳаёсини сақладими, демак у - оиласини, жамиятини, миллати шаънини сақлаган бўлади. Ҳозирда баъзи бир қиз-жувонлар оммавий маданият кўринишларига ружу қўйиб европача кийинишни одат қилиб олган. Бугун опа-сингилларимиз кийиниш борасида миллийлигимизга, урф-одат ва анъаналаримизга эътибор қаратсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Муҳтарам Юртбошимиз ўзининг "Юксак маънавият енгилмас куч" асарида оммавий маданият ҳақида шундай дейди: "Биз бугун юртимизда янги ҳаёт барпо этар эканмиз, бир масалага алоҳида эътибор беришимиз лозим. Яъни, коммунистик мафкура ва аҳлоқ нормаларидан воз кечилганидан сўнг жамиятда пайдо бўлган ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, четдан биз учун мутлақо ёд бўлган, маънавий ва аҳлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган "оммавий маданият" ёпирилиб кириб келиши мумкинлиги барчамизга аён бўлиши керак".

Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в): "Аёлларнинг либосини кийган эркаклар ёки эркак либосини кийган аёл Аллоҳнинг раҳматидан йироқ бўлсин" - деб дуоибад қилганлар. Модага эргашиб, ўзимизни ўзлигимизни эсимиздан чиқариб қўймаслигимиз керак. Қиз боланинг одоби унинг кийинишида, муомаласида, пардози ва юриш-туришида эканлигини асло унутмайлик.

Гавҳар ҳеч қачон ўз қадрини йўқотмаганидек, ўзбек қиз-аёллари ҳам ҳеч қачон ўз хулқ-одоблари, ибо-латофати баробарида ўзлигини йўқотмайди.

Аллоҳ таоло опа-сингилларимизни имонли, инсофли бандалари қаторида бўлишликларини, ҳидоят йўлидан адашмасликларини насиб этсин.

Зуҳриддин МУСАЖОНОВ,

Андижон шаҳридаги "Қора қўрғон" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди