Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№24 дан: 09.06.2016

Мутахассис минбари

ОНА СОҒЛОМ БЎЛСА, ФАРЗАНДЛАРИМИЗ СОҒЛОМ ТУҒИЛАДИ

Жорий "Соғлом она ва бола йили"да юртимизда, хусусан, вилоятимизда эрта турмушнинг олдини олиш, она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамасдан ҳаётимизда оз бўлса-да, қизларни эрта турмушга бериш ҳолатлари учраб турибди.

Бугунги куннинг оғриқли нуқтасига айланган эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, миллатимиз давомчиларини дунёга келтирувчи аёллар ўз саломатликларини сақлашда нималарга эътибор қаратишлари зарурлиги хусусида Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик масалалари бўйича ўринбосари Гулнаҳор Абдуллаева билан суҳбатда бўлдик.

* * *

- Қизларимизнинг эрта турмуш қуриши, унинг салбий оқибатлари ҳақида мутахассис сифатида фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Яқинда бир танишим эндигина 17 ёшдан ўтган қизини турмушга берди. Тўйдан ҳеч қанча вақт ўтмай, ёш оила бузилди. Сабаби оддий - қиз ҳали ҳам жисмонан, ҳам руҳан оилавий ҳаётга тайёр эмас эди. Йигит-ку майли, бошқасига уйланар, аммо турмушни ҳали англамай, вужудидаги нобуд бўлган гўдак учун ёш тўкиб, умри эрта хазон бўлган қизнинг ҳолига ачинасан киши. Қизлари оилавий ҳаётга тайёр бўлмасдан туриб, турмушга бераётган айрим ота-оналарнинг кўзлари жуда кеч, аниқроғи, фожеа юз берганда очилаётгани барчамизни ташвишга солади. Тиббий нуқтаи назардан 18 ёшга тўлмаган қизнинг организми оналикка тўла тайёр бўлмайди. Ҳали болалик инжиқликларидан чиқиб кетмаган қиз ҳомиладорликнинг қийин давридан ўтиши оғир кечади. Натижада асаббузарликлар, оғир токсикоз, анемия, ҳомила тушиши каби ҳолатларнинг юз бериши эҳтимоли жуда юқори бўлади. Бугун қизларимизнинг организми 20-22 ёшларда турмушга, оналикка тўла тайёр бўлади. Ота-оналарга шифокор сифатида қизларимизни ана шу ёшга етганида турмушга беришларини маслаҳат бераман.

- Юртимизда жорий йил "Соғлом она ва бола йили" деб эълон қилинди. Бу энг аввало, шифокорларга бўлғуси оналар соғлигини муҳофаза қилиш баробарида катта масъулият юклайди...

- Дарҳақиқат, дунёга келаётган ҳар бир гўдак бизнинг фарзандимиз. Унинг соғлом туғилиши ва соғлом ўсишига энг аввало, биз шифокорлар масъулмиз. Бу жараёнда оналар зиммасига ҳам катта масъулият юкланади. Бунинг учун, ҳар бир фарзанд кутаётган аёл ҳомиладорлик даврида ўзи ва бола саломатлигини таъминлаш, турли асоратларга сабаб бўлувчи омиллар келиб чиқимаслиги учун олдиндан барча текширувлардан ўтиши зарур. Аёллар ҳомила 18-20 ҳафталик муддатларда скрининг текширувидан ўтишлари шарт. Бу эса боланинг қандай ривожланаётганини аниқлабгина қолмай, нуқсонли болалар дунёга келишининг олдини олади.

Шу ўринда ёш оналарга туғруқ ораси камида 3-4 йил бўлишини алоҳида эслатмоқчиман. Ўтган вақт давомида она соғлиги тикланади, ҳомиладорликдан аввал организмдаги саломатликка оид барча муаммоларни бартараф этиш имконияти кенгаяди.

Фарзанд кутаётган оналар овқатланиш тартибига ва шифокор тавсияларига тўла амал қилишлари лозим. Чунки она соғлом бўлсагина, бола саломат дунёга келади. Аслида ҳар жиҳатдан баркамол авлоднинг туғилишида оталарнинг, яна оиладаги муҳитнинг ўрни ҳам муҳимдир. Зотан, сурункали ичувчи ва чекувчи отадан, нотинч оилалардан соғлом бола дунёга келиши даргумон. Шунинг учун ҳам соғлом фарзанд кўриш учун, энг аввало она, қолаверса, ота ҳам соғлом, оиладаги муҳит эса чиройли бўлиши лозим.

- Аёлларимизга, бўлғуси оналар - қизларимизга тавсия ва маслаҳатларингиз?

- Аёл борки, олам чароғон, ҳаёт абадийлиги бардавомдир. Улар келажак яратувчилари экан, ўз саломатликлари муҳофазасига ҳамиша алоҳида эътибор қаратишлари зарур. Ҳар бир қиз, аёл йилда камида икки марта тиббий кўрикдан ўтиши, ўз соғлигига эътиборсиз бўлмаслиги, витаминларга бой табиий неъматлардан доимий истеъмол қилишлари, ўзларини турли касалликлардан ҳимоялаш чораларини кўришлари керак.

Соғлом фарзанд деганда, кўз олдимизга соғлом келажак, соғлом оила ва албатта, юрт равнақи келади. Шу боис ҳам юртимизда авлодлар давомийлигини таъминловчи аёлларимизнинг соғлом бўлиши, соғлом гўдакларни дунёга келтиришлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Хусусан, вилоятимизда ҳам бу борада кўплаб ибратли ишлар олиб борилмоқда. Натижада оналар ва болаларнинг касалланиши, ўлим ва ногиронлик билан боғлиқ ҳолатлар кескин камаймоқда.

Опа-сингилларимиз, энг аввало, ўзларини ва фарзандларининг саломатликларига эътиборли бўлиши, турли хасталикларга чалинишнинг олдини олишлари, оилада соғлом турмуш тарзини шаклланишига жиддий эътибор қаратишлари зарур. Шундагина улар ҳамиша соғлом, ҳаётлари гўзал ва чароғон бўлади.

Зилола РАҲМОНОВА суҳбатлашди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди