Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№24 дан: 09.06.2016

Атоқли рус шоири Александр Сергеевич Пушкин таваллудига 217 йил тўлди

ШЕЪРИЯТ ДАҲОСИ

Александр Сергеевич Пушкин улуғ шоир, рус адабиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшган, рус адабий тилига асос солган ижодкор сифатида маълум ва машҳурдир.

Ер юзида Пушкин номини эшитмаган саводли инсон бўлмаса керак. Шеър мухлиси борки, Пушкин номини билади. Бу ҳақда машҳур адиб Ҳамид Ғулом "Пушкин ва шеър - бу икки сўз эгизак. Мен дунёни кўп кезиб, қайси мамлакат ва қайси шаҳарда бўлмай, Пушкин номи тилга олинганда, юзлар кулганини, кўзлар чақнаганини кўрдим" деб ёзган эди.

Дарҳақиқат, Пушкин ўзи мағрур куйлаган эрк ва тенглик ғояларининг ҳаётбахшлиги, шеърий даҳосининг қудрати билан умумбашар шоирига айланди. Гомер ва Рудакий, Саъдий ва Ҳофиз, Низомий ва Навоий, Руставели ва Данте, Фузулий ва Байрон ижодиёти билан бир қаторда Пушкин ижоди ҳам жаҳон шеъриятининг энг юксак ва энг нурли чўққиларидан биридир. Алексадр Сергеевич Пушкин қисқа, лекин жуда сермазмун ҳаёт кечирди. У лицейда, устози Державин ҳузурида ўқиган шеъридан мудҳиш дуэль олдидан ёзган сўнгги мисраларига қадар - мана шу йигирма йил давомидаги ижоди жаҳондаги барча халқлар томонидан юксак эътирофини топди.

Пушкиннинг эртак ва достонлари, шеърлари, қиссалари ҳар биримизга болалигимиздан яхши таниш. Улуғ шоир асарларида ростгўйлик, ҳалоллик, эзгулик улуғланади. Меҳр-муҳаббат, самимият каби покиза туйғулар шоирга хос бўлган жўшқин сатрлар ёрдамида тараннум этилади.

Пушкин рус адабиётида шеърий роман жанрига асос солган адиб эди. У биргина "Евгений Онегин" шеърий романини ёки "Борис Гудунов" драммасини ёзиш билан кифояланса ҳам жаҳон классик адабиётидан абадул-абад мустаҳкам ўрин эгаллаган бўлур эди! Модомики, у булардан ташқари, ҳар бири рус адабиётида катта воқелик бўлган шеърий, насрий, драматик, публицистик асарлар яратди. "Кавказ асири", "Лўлилар", "Боқчасарой фонтани" каби достонлар, "Белкин қиссалари", "Дубровский", "Капитан қизи" каби насрий дурдоналар, "Моцарт ва Сальери ", "Тош меҳмон", "Сув париси", "Ўлат чоғидаги базм", "Қизғанчиқ баҳодир" каби пьесалар, ҳар қандай қалбга туғён солувчи гўзал ва жозибадор шеърлар яратдики, улар нафақат рус халқининг, балки башариятнинг мулкига айланди.

Пушкин ижоди - улуғ рус халқи шеърий даҳосининг гултожидир. Айниқса, унинг эрк, Ватан, муҳаббат мавзулари тараннум этилган шеърлари шоирни шеърият даҳоси даражасига кўтарди. Унинг номини абадият саҳифаларига муҳрлаб қўйди.

Улуғ шоирнинг деярли барча асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Унинг шеърлари Миртемир, Зулфия, Рамз Бобожон, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Муҳаммад Али ва бошқа қатор улуғ адибларимиз томонидан юксак маҳорат билан таржима қилинган ва шеърият ихлосмандларига шоир ижодининг барча қирралари, нозик жиҳатлари тўла-тўкис етказиб берилган.

А.С.Пушкиннинг севимли шоирамиз Зулфия ўта нозик нафосат билан таржима қилган ушбу шеъридаги ўйноқи мисралар ҳар бир ўқувчи қалбига гўзал туйғулар солади:

Эсимдадир ажиб дам ҳали:

Кўз олдимда бўлдинг намоён,

Пок гўзаллик даҳоси каби,

Бир лаҳзалик хаёл, тушсимон.

Ғам-аламдан дилим ёнганда

Тушларимда кўрдим чеҳрангни,

Ҳаётдаги бўм-бўш суронда

Келиб турди овозинг жаранги.

Йиллар ўтди. Исён бўрони

Хаёлларим совурди дилдан.

Ва унутдим дилбар садонгни,

Ўчди азиз чеҳранг ёдимдан.

Қувғинликнинг чангида нурсиз

Ғамга тўлиб кунларим ботди:

Худо, илҳом ва кўз ёшисиз,

Ишқ, изтироб, ҳаётсиз оқди.

Мана, қалбга ошно бўлди най,

Кўз олдимда бўлдинг намоён,

Гўзалликнинг соф парисидай,

Бир лаҳзалик ажиб тушсимон.

Руҳим яна уйғонди бу дам,

Яна унда тирилди нажот:

Яна дилда худо ва илҳом,

Кўз ёшию муҳаббат, ҳаёт.

Ана шундай гўзал шеърлари билан Пушкин шеърият даҳоси сифатида ўз номини мангуга қолдира олган ижодкордир.

Моҳирахон ДАДАБОЕВА,

Бўз туманидаги 26- ДИМИнинг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди