Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№24 дан: 09.06.2016

Ҳикоя

УЛҒАЙГАН БОЛАЛИК

- Самандар! Ҳей, Самандар!

Кўча томондан кимдир баланд овозда чақирарди. Ошхонада онасининг ёнида куймалашиб юрган бола ўзининг исмини эшитиб, қулоғини динг қилди. Беихтиёр онасига қаради. Хадича опа ҳам сергак тортди.

- Чиқиб қара-чи, ким чақиряпти? - деди ўғлига.

Самандар кўча томонга чопиб кетди. Дарвоза олдида улардан беш-олти ҳовли нарида яшайдиган Карим ака турарди.

- Ассалому алайкум, келинг, амаки, - деди у. - Уйга киринг.

- Ваалайкум ассалом. Раҳмат, ўғлим. Қўшниларни тўйга айтиб юргандим, дарвозангизнинг олдидан ўтиб кетолмадим. Эртага эрталаб бизникига наҳорги ошга боринг, отангизнинг ўрни билинмасин. Хўпми, бўтам.

Ўғлининг ортидан дарвозахонага келган Хадича опа қўшнисининг сўзларини эшитиб жим турарди. Карим ака жувонни кўриб, у билан саломлашди:

- Яхши юрибсизми, келин? Самандаржони тўйга айтгани келдим, албатта, юборинг. От ўрнини той боссин энди.

Хадича опа "хўп" ишорасини қилдию, ўпкаси тўлди. Йиғлаб юборишдан ўзини зўрға тутиб, ортига бурилди. Аммо барибир кўзидан ёш қуйилиб келаверди. Унга ҳозир битта гап ортиқча йиғлагани-йиғлаган. Беш ойдан буён кўнглига чироқ ёқса ёришмайди. Эрининг ўлими юрак-бағрини адо қилди, эл устида юрган кайвони одам тўсатдан юрагини чангаллаб, жон берди, дўхтир ҳам вақтида етиб келолмади. Ўшандан бери Хадича опанинг егани заҳар, сал гапга йиғлайди, кўз ёшидан болалари ҳам безиб қолди. Икки қизи-ку ҳали кичкина, кўп нарсанинг фарқига бормайди, бироқ Самандари анча ҳушёр, онаси йиғласа, қандай овутишни билмай эси кетади, ноилож ўзи ҳам йиғлай бошлайди. У жилла қурса болалари учун иродали бўлиши кераклигини англаган. Ҳозир ҳам кўнгли фарёдга тўлганини ўғли сезмасин учун тез-тез юриб ошхонага кириб кетди.

Самандар ҳайрон. Одатда катталар одамларни тўйга айтади, у ҳали кичкина бола бўлса. Эндигина саккиз ёшга кирди, сентябрь келса, иккинчи синфга боради. Самандар хаёл суриб онасининг ортидан ошхонага борди.

- Ая, Карим ака мени тўйга айтдиларми?

- Ҳа, сени айтдилар, болам, - деди онаси.

- Мен тўйдан ош олиб келаманми? Товоқча берасизми?

- Йўқ, сени ошга эмас, тўйга айтиб кетдилар.

- Мен ҳали ёш боламан-ку.

- Тўғри, сен ёш боласан, лекин ҳовлимизнинг каттаси - эркагисан. Шунинг учун ҳам сени тўйга айтдилар. Бундан кейин янаям одобли, ақлли бола, отангга муносиб ўғил бўл. Отангни маҳаллада ҳамма яхши кўрарди.

Самандарни ўртоқлари чақириб қолди, она-бола суҳбати бўлинди, у кўчага чиқиб кетди. Бироқ фикри-зикри эртанги тўйда эди. Кечки овқат пайти ҳам, овқатдан кейин ҳам фақат шу ҳақда ўйлади. Ўтган куни холаси олиб келган расмли китобни варақлаяпти-ю, хаёлида тўй. У ўзини катталар каби тўйга таклиф этилганини ҳеч хазм қилолмади, тўйхонага қандай боришни, дарвозадан қандай киришни ўйлагани-ўйлаган. Ҳатто кечқурун уйқуси қочиб кетиб, алламаҳалда онасига яна сўз қотди:

- Ая, ҳали ухлаганингиз йўқми?

- Йўқ, нима эди?

- Тўйга Бегали ўртоғим билан борсаммикин, деб турибман. Сиз нима дейсиз? - Хадича опа ўғли бугунги таклифдан ўзини бошқача ҳис этаётганини сезганди, кўрдики, ҳали ҳам ухламай, хаёл суриб ётибди.

- Менимча, ўзинг борганинг дуруст. Тўйга Бегали эмас дадаси айтилган.

- Унда ўзим бораман...

Самандар қачон ухлаб қолганини билмайди. Эрталаб уйғонса, онаси жойида йўқ, икки синглиси пишшиллаб ухлаяпти. Самандар ўрнидан туриб, бет-қўлларини ювди, қараса, онаси кўча супураётган экан.

- Кўчамизда тўй бўлаяпти, дарвозанинг олдидан беҳисоб одам ўтади, супуриб-сидириб қўйсак яхши-да, - деди Хадича опа ўғлини кўриб.

Самандар кичкина челакчада сув ташиб, супурилган жойга сепиб чиқди. Бир зумда уй олди файзли бўлди. Сўнг она-бола уйга кирдилар. Хадича опа Самандарнинг эгнига мактабга кияди, деб олган янги костюм-шимини, бошига дўпписини кийдирди.

- Мана, ҳақиқий йигит бўлдинг, - деди ўғлига фахр билан тикилиб. - Сени кўриб танимай қолишмаса деб қўрқаман...

Самандар кулди. Ойнага қараб у ёқ-бу ёғини тўғрилаган бўлди. Онасига қош-кўзларини учириб, эркалик қилди.

- Ўзимнинг асалимдан, - деди Хадича опа Самандарни маҳкам қучиб. - Яхшиям сен бор, яхшиям икки синглинг бор, йўқса мен адойи тамом бўлардим.

Самандар онам йиғлаб юбормасин, деб ўтинч билан термулди. Она ўғлининг кўз қиридан нима демоқчилигини англади. Йиғламади.

- Борақол, болам. Борақол. Қара, қанақа чиройли қўшиқ эшитилаяпти. Насиб этса, сени ҳам уйлаб қўямиз, ана шундай тўй қиламиз.

- Э, ая!..

Самандар уялиб кетди. Онасининг қучоғидан чиқиб, кўчага отилди. Одамлар оқимига қўшилиб, тўйхона томон юраркан, яқинлашган сайин ҳаяжон босди. Катта-катта кишилар орасида кириш унга эриш туюлди. Кўчада биронта бола кўринмайди, онаси рози бўлганида, Бегали билан келар, икки ўртоқ бемалол кириб кетишарди. Энди қандоқ киради?

У секин ортда қолиб, йўл четидаги тут панасига ўтди-да одамларни кузата бошлади. Гуруҳ-гуруҳ тўйдан чиқиб келишяпти, гуруҳ-гуруҳ кириб боришяпти. Самандар бирпас қараб тургач, ўзига ўзи аҳд қилди: "Нима бўлса бўлди, ахир мени тўйга Карим аканинг ўзлари айтдилар, бормасам ҳурматсизлик бўлади. Онам ҳам айтилган жойга бориш керак, дедилар".

Самандар тутнинг панасидан чиқиб, тўйхонага яқинлашди. Шинам кийиниб олиб, катта кишилардай тўйга келаётган болага биринчи бўлиб Карим аканинг кўзи тушди. Беихтиёр ўрнидан туриб кетди.

- Келинг, келинг, Самандарбек. Ичкарига киринг.

Карим акани кўриб: "хуш келибсиз"га турган бошқалар ҳам ўринларидан туришди. Улар илк бор ёш болада ўзига хос салобатни кўришди. Бу салобат уларга таъсир қилди. Самандар кириб кетгунига қадар тавозе билан туришди. Ҳамманинг назарида Самандарнинг отаси - маҳалла оқсоқоли Абдуғаффор ака тирилиб келгандай туюлди.

Самандар ҳам қўлини кўксига қўйиб салом берди ва ичкарига кирди. Меҳмонлар орасидан бир кўриниб, бир кўринмай тартиб билан терилган стол-стуллар томон ўта бошлади. Шу пайт нимадир оёғини чимчилаб олгандай бўлди. У чўчиб тушди. Бир зум гангиб қолди. Сўнг кўзи Карим аканинг ён қўшниси Амин чўлоққа тушди. У хипчин кўтариб турарди.

- Сен, зумраша, катталар орасида нима қилиб юрибсан? Эрталабдан бўён эшикдан қувласам, тешикдан кириб келасанлар. Оёқ остида ўралашганларинг-ўралашган.

Самандарга еру осмон бир бўлиб, боши айланиб кетди.

- Амаки, амаки, мен... тўйга келганман... Мени Карим акамнинг ўзлари... Мен...

Амин чўлоқ унинг сўзларига қулоқ ҳам солмади. Одамлар орасидан туртиб-туртиб дарвоза томонга ҳайдади. Самандар уят ва аламдан титраб-қақшади. Миясида: "Дарвозадан қандай чиқиб кетаман?" деган ўй айланарди. Амин чўлоқ эса унинг фикри билан иши йўқ, туртиб борарди.

Самандарнинг кўзлари ёшга тўлди. Дарвозага яқинлашганида ерга қараб, бошини ҳам қилди. Одамлардан кўзини олиб қочди. Аммо Карим ака уни кўриб қолди. Ҳозиргина тўйхонага кириб кетган боланинг зум ўтмай қайтиб чиқиши уни ажаблантирди.

- Самандар! Самандар! Нега тез қайтдингиз?

Самандар бошини кўтармади. Индамасдан дарвозадан учиб чиқиб кетди. Карим аканинг кўзи қўлига хипмчин кўтариб олган Амин чўлоққа тушди-ю, гап нимадалигини англади. Титраб кетди, қичқириб юборди.

- Югур, Ражабали! Югур! Самандарни қайтар!

У ёнидаги йигитга буюрди. Ражабали югурди. Бироқ тўйхонадан чиққан Самандар шамолдай елиб борарди. Унга етиш амримаҳол эди.

Самандар уйи томонга эмас, кўчанинг нариги бетидаги жарлик томонга чопиб кетди. Жарликка тушиб, тўғри чашма бўйига борди. Бу жойлар унинг учун қадрдон. Болалиги шу ерларда ўтяпти. Дўстлари билан ҳали қувлашмачоқ ўйнайди, ҳали бекинмачоқ. Ҳозир эса ёнида ҳеч ким йўқ. Танҳо ўзи. Қизиқ. Бир лаҳзада кап-катта кишилар унинг иззатини жойига қўйиб ўстириб юборишди. Яна бир лаҳзада ер билан битта қилишди. Шундай бўлишини билганида тўйхонага қадамини ҳам босмасди. У бир кунда улғайиб қолгандай эди.

Самандарнинг ўпкаси тўлиб, йиғлаб юборди. Анчагача ўзига келолмай, ҳиқиллаб турди. Сўнг юз-қўлларини ювиб, балиқларни томоша қилди. У бошқа пайт бу ерга нон олиб келар ва ушоқ қилиб балиқларга ташларди. Ҳар гал сув юзига югуриб чиқиб, ушоқ талашган балиқларни кўриб завқи келарди.

Самандар чашманинг бўйидан кетгиси келмади. Лекин онаси хавотирланади. Шу сабабли секин ўрнидан турди. Жарликдан чиқиб, уйи томонга йўл олди. Дарвозасидан кираркан, кайфиятини кўтариб олиш учун жилмайиб қўйди. Пешайвонда онаси, сингиллари ва қўшниси Салима ая нонушта қилишаётган экан.

Самандарнинг кўзи дастурхон устида буғи чиқиб турган бир лаган паловга тушди. Ошнинг ёқимли ҳиди димоғини қитиқлади.

- Келдингми, ўғлим, - деди уни кўриши билан Хадича опа. - Карим аканинг хотини Гулбаҳор опа жуда фаросатли аёл-да. Азадорлигимни билиб шундан шунга бир лаган ош юборибди. Гуручидан гўшти кўп. Барака топсин. Кел, ўғлим, гўштидан егин.

Самандар гап нимадалигини сезди. Бироқ онасига сир бой бермади. Оғзидан сўлаги оқаётган бўлса-да, уйга кираркан:

- Ая, ахир мен тўйдан келяпман-ку, - деди.

Карим аканинг хонадонидан мумтоз наволар эшитилар, тўй ҳали ҳам давом этарди...

Лола ЎРОҚОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди