Ҳаёт - ибрат мактаби
СИРНИНГ КАЛИТИ ТИЛДИР
Тарбияли аёллар умр йўлдошининг катта-кичик сирларини бошқаларга фош қилишдан сақланадилар. Сири фош бўлган кимса, муродига машаққат билан эришади, баъзан эса умуман эриша олмайди. Шунинг учун сирни бошқаларга билдириш фақат зиён келтиради. Сирнинг сандиғи - кўнгил, унинг калити эса тилдир. Сандиқ калитини яхши сақламаган ва кўнгил калити - тилини тиймаган киши бошига кўп азиятлар келиши мумкин.
Ўз сирини сақлай олмай, "Сенгагина айтдим, зинҳор ҳеч кимга сўзлама", деган кишига ишонмаслик керак. Чунки ўз сирини сақлашга қудрати етмай сизга айтдими, демак, бу сирни у яна кимгадир айтмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Донолардан бири: "Тумонат одам орасида олтинни сақлаш, бир сирни сақлашдан енгилдир", деб бежиз айтмаган.
Сир сақлай олмаган кимса одамлар орасида ишончни йўқотади, ҳеч қачон ҳурмат-эътибор топмайди. Сир сақловчи аёлларга умр йўлдошлари муҳаббат қўядилар. Шунинг учун турмуш ўртоғининг сирларини яхши сақлаш тарбияли аёлларнинг бурчларидан биридир.
"Тарбияли хотин" китоби асосида РОЗИЯ тайёрлади.
|