Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№28 дан: 07.07.2016

"СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ - САЛОМАТЛИГИМИЗ ГАРОВИ"

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Соғлом турмуш тарзи - саломатлигимиз гарови" лойиҳаси доирасида чоп этилди.

Бизнинг суҳбат

ОНА СУТИ - БЕБАҳО НЕЪМАТ

Вилоят 2- туғруқ комплекси шифокори Шахноза Ғафурова билан соғлом ва баркамол авлод тарбиясида она сутининг аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик. Суҳбатдошимиз она сутининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди. - Боланинг соғлом ва баркамол бўлиб улғайишида она сутининг аҳамияти беқиёс экани қайта-қайта таъкидланаётганига қарамай, айрим ёш оналар чақалоқларини сунъий озиқлантиришни маъқул кўришмоқда. Сунъий озуқа она сути ўрнини қай даражада боса олади?

- Фарзанд туғилгач, аёл она бўлиш лаззатидан баҳраманд бўлади. Оналик муҳаббати, меҳрини ҳис этади ва ана шу меҳр она сути орқали чақалоқ жисмига сингиб боради. Бола онасини 30 ойгача эмиб, она сутига тўйиниши керак. Аммо таассуф билан айтиш керакки, кейинги йилларда айрим оналар ўзларининг табиат томонидан ато этилган наслий бурчларини унутиб, болаларини сунъий озиқлантиришга ружу қўйишмоқда. Натижада, она сутининг ўрнини босишга мўлжалланган сунъий сут ишлаб чиқариш корхоналари, фирмалари сони кундан кунга ортиб бормоқда. Сунъий сутнинг таркибини табиий она сутига яқинлаштириш учун кимёвий лабараториялар ўзаро мусобақага киришиб кетган. Бу эса она сутидан бенасиб болалар сонининг тобора ортиб боришига йўл очмоқда. Илмий нуқтаи назардан сунъий озуқа ҳеч қачон она сути ўрнини боса олмайди. Буни асло унутмаслигимиз лозим.

- Фарзанд туғилгач, она кўкрагига сут келиши табиий жараён ҳисобланади. Боласини сунъий озиқлантириб, кўкракка сут келишини сунъий йўл билан тўхтатиш она саломатлигига салбий таъсир этамайдими?

- Албатта, салбий таъсир кўрсатади. Боласини кўкрак сутидан эрта ажратишга мажбур бўлган она организмида гормонлар мувозанати бузилиб, у ёки бу салбий ўзгаришлар бўлганлиги туфайли келгуси фарзандини туғилиши ва ўсишига тўсқинлик қиладиган омиллар юзага келади. Болани сунъий озиқлантираётган оналар ўртасида гиполактия (она сутининг камайиши) ёки кўкракдан мутлақо сут ажралмай қўйиши ҳоллари ривожланади. Ана шу оналарнинг қизлари вояга етиб она бўлганларидан кейин (оналарнинг иккинчи авлоди) боласи икки уч ойликка етганидаёқ кўкрак безидан сут ажралиши камая бошлайди. Орадан кўп ўтмай, сут келиши тўхтайди.

- Она сутидек бебаҳо неъматдан бебаҳра ўсган гўдакларнинг эртаси, келажаги қандай бўлади?

- Сунъий сут билан озиқлантирилган болалар катта бўлгач, юрак-қон томир касалликлари, гипертония, склероз, қанд касаллигининг инсулинга тобе шакли, кўриш ўткирлигининг камайиши, руҳий касалликларга дучор бўлиш она сутига тўйдириб боқилган тенгдошларига нисбатан 30-40 марта кўпроқ қайд этилмоқдаки, бу эндиликда тиббиётнинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланди.

Сунъий сут билан боқилган қизлар балоғатга етиб она бўлганларида уларнинг 70 фоизидан ортиқроғида меъёрий вазндан анча кам болалар туғилади ва уларнинг барчасида камқонлик аниқланмоқда. Дунёда ҳар йили 12 миллиондан ортиқроқ бола нобуд бўлаётган бўлса, уларнинг 55 фоизида вазни кам, 20-25 фоизида эса камқонлик кузатилади. Бу маълумотлар ҳам она сутининг қадри қанчалик баланд эканлигини, кўрсатади. Гўдакларни сунъий озиқлантиришга зўр бериши шу тарзда давом этса, бундан ҳам даҳшатли ҳолатлар келиб чиқиши мумкин.

Маълумки, она сути таркибида ҳар хил витаминлар, тузлар, оқсиллар, гормонлар ва бошқа ўта фаол биомоддалар мавжуд. Улар шундай мутаносибликдаки, шу туфайли бу моддалар бола меъда ичак тизимида бенуқсон ва ўз қиёмига етган ҳолда сўрилиб хазм бўлади. Энг асосийси, она сути таркибида ПРОЛАКТИН гормони бор. Бу модда ҳомиладорлик давридан бошлаб она оргнизмида кўпая бошлайди ва бола туғилган пайтда энг кўп миқдорда бўлади. Худди шу фаол модда она сути билан бирга бола организмига ўтади ва қиз боланинг келажакда она бўлишини таъминловчи асосий восита бўлиб хизмат қилади. Мабодо қизалоқ организми мана шу модда билан тўйинмаса ёки унинг организмига бу модда кам миқдорда ўтса шу қизалоқнинг келажакдаги қизида бепуштлик кузатилади ёки ҳомиладорлик катта қийинчиликлар ва кўп бора даволанишлар эвазига бўлади.

Она сутидан, ундаги пролактиндан бебаҳра бўлган қизалоқларда ўзининг она бўлганлигини ҳис этиб қувониш, боласига меҳрибонлик, уни асраб-авайлаш хусусиятлари у қадар кучли бўлмайди.

- Бугун айрим қизлар замонавийликка интилиб, ортиқча вазндан халос бўлишга уринмоқда. Гўзал кўриниш учун қадди-бастига алоҳида эътибор бераётганлар, озиш учун парҳез қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу нарса бўлғуси она организмининг нимжонлишишига олиб келмайдими?

- Ҳузуримга келаётган бемор оналарга кўз ташлайман. Уларнинг кўпчилиги анчагина нозик кўринади. Она бақувват, соғлом бўлса, туғилажак фарзанд ҳам шунга яраша куч-қувватли бўлади. Афсуски, сўнгги пайтларда қизларимиз ўзларини мажбурлаб "нозик"лашишга ружу қўйишмоқда. Улар бу нарса бўлғуси фарзандларига салбий таъсир этишини билишмайди, деб ўйламайман. Чунки, айни пайтда мамлакатимизда мактаблардаёқ қизларни оналикка тайёрлаш учун тушунтириш ишлари олиб борилади. Қиз бола ўсиш ёшида яхши озиқланиши, полвон фарзандларни дунёга келтириши учун соғлигига алоҳида эътибор қаратиши керак. Аёллар ўртасида гўзаллик қурбонлик талаб этади, деган нақл юради. Мен қизларжонларга шуни таъкидлаб айтмоқчиманки, уч тўрт йиллик гўзаллик учун ўзларининг ва туғилажак фарзандларининг соғлигини хавф остига қўймасликлари керак.

- Демак, элга баркамол фарзандларни дунёга келтириш учун қизларимизни ёшлигидан руҳан тайёрлаб боршимиз, энг аввало, онанинг ўзи соғлом бўлишига эътибор қаратишимиз муҳим экан-да?..

- Шунинг учун ҳам мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада кўплаб ҳайрли ишлар олиб борилмоқда.

Қайси юртда аёл эъзозланиб, бўлажак она ва соғлом авлод туғилишига эътибор қаратилса, шу юртнинг келажаги порлоқ бўлиши турган гап. Менимча, Ватан ва миллат равнақида оддий учбурчакнинг ўрни беқиёсдир. Бу учбурчакнинг асосида она ва она сути бўлса, унинг чўққисида бола туради. Бу асос қанчалик бақувват, бардам ва соғлом бўлса, чўққининг юксаклиги ҳам шунчалик юқори ва мустаҳкам бўлади.

АДТИ ассистенти

Минурахон БОЗОРОВА суҳбатлашди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди