Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№31 дан: 28.07.2016

Мулоҳаза

ПАРДОЗ ОРТИДАГИ ҚИЗАЛОҚ

Бир болага таълим берсанг, жамиятда бир шахс тўғри юради.

... Агар қиз болага таълим-тарбия берсанг, бутун бир миллат ўнгланади.

Абдулҳамид ЖАЗОИРИЙ.

Узоқдан оппоқ кийинган 5-6 ёшлар атрофидаги қизчалар келаётганга кўзим тушди. "Боғчасида бирор тадбир ўтказилса керак" деган ўйдан болалик даврларимни эслаб ўзимча жилмайиб қўйдим. Хаёл билан бўлиб қизалоқларга яқинлашиб қолганимни ҳам сезмабман. Қаршимдаги қизчаларни кўриб ҳайрон қолдим. Келин либосини эслатувчи оппоқ кўйлакчаларни кийиб, сочларини антиқа турмаклаб олган. Сочи ялтираб турибди. Камига, боғча болаларининг юз-кўзи бўялган, лаблари қип-қизил. Қошу киприкларига ҳам сунъий бўёқлар суртилган. Бу ҳолдан кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсан киши. Бу ясан-тусанлар замонамиз оналаридан чиқяптими? Ҳали ҳаётни англаб етмаган жажжи қизалоқнинг тиниқ юзчалари, беғубор кўзчаларига турган-битгани зарар - кимёвий бўёқларни суркаб қўйган онанинг онги, маънавий дунёси нақадар паст эканига ачиниб кетдим.

Ажабо...

Ёшларни айблаймиз, қизларимизнинг юриш-туриши, маънавий дунёси ўзгариб кетмоқда, деб ташвишланамиз. Аммо ўз хатти-ҳаракатларимиз билан ана шу ўзгаришларга гоҳо ўзимиз йўл очиб берамиз.

"Қизлар молпараст бўлиб кетяпти", "Ёш қизчалар кийим-кечакка, тақинчоққа ўч бўлиб ўсяпти", "Бошланғич синфда ўқийдиган қизим кийим танлаб кияди, хоҳлаган кийимини олиб беролмасак жанжал кўтаради" деган гап-сўзларни айрим оналар ғурур билан, кулиб-қувониб гапирганига гувоҳ бўлганимда, ўша онадан тарбиячиликка муносиб жиҳат йўқ эканлигига ишонч ҳосил қиламан. Тўғри-да, қизининг молпарастлиги, кийим-кечак, тақинчоққа ўчлигидан мағрурланган онадан қизи қандай тарбия кўриши мумкин?

Ўқитувчи тарбияда

адашмасин

Бир танишим гапириб қолди: Мактабда ўтказилган байрам тадбиридан қайтган 3-синфда ўқийдиган қизимнинг киприклари, лаби бўялганини кўриб қолдим. "Қаерда қилдинг буни?" десам, қизчам хотиржам "Устозим бўяб қўйди" деди. Эртасига устозига бу ҳақда гапирсам "Вой, ҳозир ҳамма шунақа қилади-ю, замондан орқада қолганмисиз?! Қизингиз чиройли юрсин, дейманда. Кейинги тадбирларимизга қизингизнинг сочларини чиройли турмаклаб, макияж қилдириб жўнатинг, деб" дея оғзимга урди.

Айрим ўқитувчиларга ҳам ҳайронман, 3-4 -синфда ўқийдиган ўқувчи қизларни тўйда юрадиган раққосалардай бўянтиришнинг нима кераги бор? Тадбири чиройли ўтишини хоҳласа ўқувчиларнинг билимига, тарбиясига эътибор берсин. Бу каби тушунча, тарбия болалар онгини ҳали мурғаклигидаёқ захарлаб, қизалоқлар юз-кўзидан шарму ҳаёни сидирилишига ҳисса қўшмайдими?!

"Оддийлигингда гўзаллик акс этсин"

Биз ёш қизлигимизда бўяниш, соч турмаклаш, ҳатто чиройли кўйлак кийишга ҳам тортинар эдик. Ҳашамдор кўйлак кийган қизга "Вой, келин бўлгиси келибди" деб қараларди. У пайтлари "келин бўлишни хоҳлаш"нинг ўзи қиз болага уят ҳисобланарди. Момо-оналаримиз ўсма, сурма қўйишни, кечқурун юзимизга қатиқ суртишни таъкидласа-да, биз қошимизда ўсма, кўзимизда сурма билан отамиз, ака-укаларимизга кўринишдан уялардик. Қиз боланинг ўзига оро бериши, ойна олдида узоқ қолиши, пардоз-андоз, кийим-кечакка ружуъ қўйиши одобсизлик саналарди. Балки шунинг учунми, бизнинг даврда келинликнинг гашти, завқи бошқача эди. Ҳозир юз-кўзи, кийим-бошига қараб ким янги келин, ким жувон, ким хали турмушга чиқмаган қизлигини ажратиш қийин бўлиб кетди. Институт ва коллежларда ўқийдиган айрим қизларнинг қошлари терилган, камига алламбало бўёқлар билан чизилган. Юз-кўзи, лаблари бўялган, тирноқлари узун. Назаримда қизларнинг бундай ҳолатда юришларининг бош айбдори уларнинг оналаридир.

Қиз бола ғўр, хом ақли билан нималарни хоҳламайди, нималарни кўнгли тусамайди дейсиз? Бундай пайтда она қаттиқроқ танбеҳ берса, "кийиминг одми бўлсин, юз-кўзингни масхарабоздай бўяма! Оддийлигингда гўзаллик акс этсин" деб қатъий уқтирса, ёш қиз қулоқ осади, албатта. Қиз бола қанча оддий, камтарона кийинса, кўзга ташланмай, сипо юрса, атрофидагиларнинг эътибори, меҳр-муҳаббатига шунчалик тез тушади. Бировга бир оғиз гапирсангиз, замонни айблашади. Замон эмас, одамлар ўзгаряпти. Назаримда уят, андиша деган туйғулар қиз-аёлларимиз орасидан бироз кўтарилиб бораётгандай?

"Қиз бор уйда саррин сабо эсади" дейди шоир. Қизи бор хонадон фаришталар макон қурган гўшага қиёсаланади. Дунёга келтириб, тарбиялаб, вояга етказган қизинг туфайли раҳматлар, миннатдорчилигу эътирофлар эшитсанг, кўнглинг тоғ қадар кўтарилади, акси бўлса, қиз бола туфайли оилага теккан иснод етти пуштининг бошини хам қилади. Шунинг учун ҳам кексалар "Қиз боланинг юки бор" дейишади. Қиз боланинг "юки", масъулияти - уни миллат тарбиячиси қилиб вояга етказиш ва бу билан ҳам ўзини, ҳам қизининг юзини ёруғ қилишдир. Бу йўлда қизларимизга лаб бўяшни, чиройли либос кийиш, қиммат тақинчоқлар тақишни эмас, маънавий гўзалликни юксалтирувчи китоб-ларни ўқишни, чиройли тарбия, одоб-ахлоқ, пазандалик, чеварлик сингари юксак инсоний фазилатлар ва ҳунарларни ўргатишимиз керак.

Умида АДИЗОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди