Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№37 дан: 08.09.2016

Ҳикоя

ОДАМ БЎЛ

Ҳамма жойда ва ҳамма замонларда бўлганидек гавжум бозор эди. Кенг саҳнадаги устунларининг бирига елка бериб ўтирадиган тиланчи чолга ҳам ҳар доимдагидек кўпчилик эътибор бермас, кўнглига келгани бир-икки чақа ташлар, чолнинг "Одам бўл" деган бўғиқ хитобига парво қилишмасди. Чол эса бошқаларга ўхшаб узун-юлуқ дуо қилмас, ўткинчиларга ялиниб-ёлвормас, аксинча, ўнгиб кетган дўпписини олдига қўйганча жим ўтирарди. Бозорда кўпдан буён савдо қилувчи йигит бўлиб, у ҳам чолга кўникиб қолган, аҳён-аҳён унга садақа бериб ўтарди.

Кунларнинг бирида кўнглига келган савол ўзига қизиқ туюлди ва йигит чол томонга йўл олди. Чол доимгидек ним табассум билан маъюс қиёфада ўтирарди. Йигит унинг дўпписига танга ташлади ва одатий сўзларни эшитди: одам бўл! Чол ҳатто йигитнинг юзига бош кўтариб қарамади ҳам. Шунда йигит унинг қаршисига чўккалаб ўтирди ва қариянинг юзига қаради. Чолнинг қисиқ, аммо ўткир кўзлари ялтиллаб кетгандай туюлди. Улар бир-бирига тикилиб қолишди. Йигит қизиқсиниб, чол бепарво.

- Нега сиз бошқаларга ўхшаб гапирмайсиз, дуою илтижо қилмайсиз? - чолдан сўради йигит.

Чол атрофга олазарак назар солди ва тағин қаршисидаги йигитга жилмайиб боқди. Унинг сийратидаги аллақандай нурли истара йигитни кутилмаганда эсанкиратиб қўйди ва беихтиёр ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди. Шунда чол ердаги дўпписини қўлига олиб тангаларини ерга тўкди. Дўппини ушлаб, йигитга қисиқ кўзларини ўқдай қадаб деди:

- Буни жирканмасдан, ихлос билан кий!

Йигит унинг айтганини қилиб, дўппини бошига кияркан, шу заҳоти ёнгинасида ниманингдир ириллаган товушини эшитди. Илкис ўрнидан туриб қараганда ириллаган нарса каттакон кулранг бўри эканини ва жондорнинг бамайлихотир бозор оралаб кетаётганини кўрди. Бу ғаройиб ҳолдан ажабланиб турган йигитнинг кўзлари не ажабки, кўзойнак таққан, димоғдор улкан илонга тушди. Илон худди одам каби эмин-эркин вишиллаб бозор ораларди. Бу морнинг изида эса чиройли сават тишлаб, акиллаб бораётган итни ҳам кўрди савдогар йигит. Унинг бироз қўрқув ва хавотирга тўла ҳайрати баттар ошган эди.

...Новвот тарозилаётган тошбақани, ун сотаётган майна қушни, "Кеб қолинг, бахтингизни синаб кўринг" деб қичқираётган тулкини, ўроқ ясаб ўтирган темирчи йўлбарсни, унинг олдида қоп елкалаб тик турган қўйни, очиқроқ жойда тамаки тортиб турган бир жуфт каламушни ва яккам-дуккам одамларни ҳам кўрди савдогар йигит...

Шу пайт унинг тиззасида қаттиқ оғриқ турди. Бурилган эди бошидан дўпписи учиб тушди. Чол тиғли асо билан унинг тиззасига туртаётган эди. Чол тангаларини ердан олиб тағин дўпписига соларди. Йигит унга тиз чўкиб ёлвора бошлади.

- Мен кимман, одамманми-йўқми, айтиб беринг?

Чол жавоб бермади. Йигит унинг жимлигини ўзича тушунди ва дўппига яна танга ташлади. Мўйсафид эса тағин: "Одам бўл!" деб хитоб қилди. Йигит энди кўзига ёш келганини ўзи ҳам илғамай гапга тушди.

- Жон ота, бир оғиз айтинг, менинг кимлигимни. Мен шуни билайин, сизни уйимга олиб кетиб ардоқлаб юраман, ўз отамдай кўраман...

- Одам бўл, одам бўл, одам бўл... - чол бошқа жавоб қилмади.

... Бугун бозордаги донишманд қария ҳам йўқ, унинг синоатига гувоҳ йигит ҳам. Аммо ўша ҳақиқатнинг мантиғи ҳамон амалда. Шундай эмасми?

Шодмонқул САЛОМ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди