№15, 09.04.2015 Қизлар футболи
"АНДИЖОН БАҲОРИ" ТУРНИРИ
Андижон шаҳридаги ихтисослаштирилган футбол мактаб-интернати майдонларида вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан қизлар футбол жамоалари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Андижон баҳори" турнири бўлиб ўтди.
Вилоят ўрта махсус касб-ҳунар ва халқ таълими бошқармалари, олий ўқув юртлари, футбол федерацияси ҳамда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали ҳамкорлигида ўтказилган мазкур турнирда 16 қизлар жамоаси ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда спортнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Айниқса, хотин-қизлар спортини ривожлантириш миллатимиз келажаги ва тақдири учун, қолаверса, соғлом авлодни шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Зеро, соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Шу маънода ўтказилган мазкур турнир қизлар ўртасида футболни янада оммалаштириш, уларнинг соғлом бўлишларини таъминлашга хизмат қилди.
Қизиқарли ва голларга бой бўлган ҳамда кўплаб ёш, истеъдодли футболчи қизларни кашф этган турнирнинг якуний натижаларига кўра, олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари ўртасидаги мусобақаларда Андижон давлат университети жамоаси, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари жамоалари ўртасида эса Улуғнор тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоаси 1-ўринни қўлга киритдилар.
Турнир ёпилишида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларни муборакбод этди ҳамда эсдалик совғаларни топширди.
Хосият СИДДИҚОВА.
|