№24, 11.06.2015 "ИСТИҚЛОЛ НЕЪМАТИГА ШУКРОНАЛИК"
Шаҳрихонда "Истиқлол неъматига шукроналик" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга, мустақиллигимизга шукроналик мавзусига бағишланган ва тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, отинойилари иштирок этган ушбу тадбирни туман бош отинойиси М. Солиева очиб, истиқлол улуғ неъмат эканлиги, тинчлигимизга рахна солувчи турли диний экстремистик оқимлар, умуман, миллий маънавиятимизга ёт ғояларга юксак маънавият, билим билан қарши туришимиз лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда вилоят бош отинойиси С. Расулова, Шаҳрихон тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Ш. Юсупова қатнашиб, отинойилар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, тарғибот ишлари кўламини кенгайтириш борасидаги муҳим вазифалар хусусида гапирдилар. Намунали иш олиб бораётган отинойиларга эсдалик совғалар топширилди. Тадбирда намойиш этилган ёш авлодни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш муаммосига бағишланган саҳна кўриниши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Семинар отинойиларнинг билим ва малакасини оширишга, фаолиятларини янада юқори даражага кўтаришларига ёрдам берди.
Оминахон ЮНУСОВА,
Шаҳрихон туманидаги Бегбачча МФЙ отинойиси.
|