Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№36, 04.09.2014

2014 ЙИЛ - СОҒЛОМ БОЛА ЙИЛИ

ПАХТАОБОДНИНГ СЎЛИМ ГЎШАСИ

Ушбу саҳифада Пахтаобод тумани, "Пахтакор" қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Учкўза маҳалласида олиб борилаётган ибратли ишлар хусусида сўз юритилади.

УЧКЎЗАГА БИР КЕЛИНГ...

Маҳалла - аҳиллик қўрғони, деб бежиз айтишмаган. Чиндан ҳам аҳиллик ва иноқлик маҳалла аҳлини бир оила кишиларидай чамбарчас боғлаб туради. Бизнинг маҳалламиз ҳам Пахтаобод туманига кираверишда "Пахтакор" қишлоқ фуқаролар йиғини ўрамида жойлашган. Ҳудудимизда 2 минг 627 нафар аҳоли бўлиб, шундан 1 минг 368 нафари хотин-қизлардир.

Уч кўза маҳалласида раис бўлиб ишлаётганимга кўп бўлгани йўқ. Дастлаб ишни маҳаллани, кўчаларни ободонлаштиришдан бошладим. Ён-атрофимиз кўкаламзорлаштирилиб, турфа хил гул кўчатлари экилди. Маҳалла фуқаролар йиғини биноси тўла таъмирдан чиқарилди. Бу ишда фаолларимиз, яъни кўчабошилар Муҳаммаджон Қўқонов, Акбарали Ҳакимов, Ҳикматилло Тешабоев, Нўъмонжон Болтабоев, маслаҳатчи Маликахон Асқарова, Манзурахон Абдуллаева, Январхон Мирзабоевалар доим елкадош бўлишди. Ҳар бир ишни бамаслаҳат амалга оширганимиз натижасида 2012 йили "Андижонни обод ва кўркам вилоятга айлантирайлик" кўрик-танловида қатнашиб, ғолиб бўлдик ва вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда компьютер жамламаси билан мукофотландик. Бу бизга янада катта масъулият юклади. Ҳар бир ишда фаолликка интилдик. 2014 йилда яна мазкур танловда иштирок этиб, совриндор бўлдик. Бу сафар вилоят ҳокимининг мебеллар жамламаси билан тақдирландик.

Халқнинг ишончи кишига қувват бағишларкан. Бу ишонч мени ва маҳалла фаолларини фидойи бўлишга ундайди. Маҳалламиз аҳлининг ўзига яраша қувонч ва ташвишлари бор. Бир нарсадан ҳамиша кўнглим тўқ бўлади. Кам таъминланган оилалар, ёлғизлар, ногиронлар умуман, ёрдамга муҳтож бўлганларга имкон қадар кўмак берамиз. Бу ишда "Обод диёр саховати" фермер хўжалиги раҳбари Т.Мадумаров, "Ҳожиаҳмад ота" фермер хўжалиги раҳбари А.Бўтабековларнинг беғараз моддий кўмагини алоҳида эътироф этиш керак.

Маҳалла фуқаролар йиғининг кўп қисмини зиёлилар ташкил этади. Ҳудудимиздан етишиб чиққан олимлар Андижон давлат университети ректори Толибжон Мадумаров, физика-математика фанлари номзоди, доцент Азизбек Қурбонов, биология фанлари номзоди Азизахон Имирсинова, юридик фанлари номзоди Талантбек Мадумаровлар билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Улар билан ҳамда туман ички ишлар бўлими, прокуратураси, мактаб маъмурияти билан ҳамкорликда турли хил тадбирларни биргаликда ўтказамиз. Ҳар йили футбол бўйича "Хотира" турнири ўтказиш анъанага айланган.

Ҳудудимизда 34-умумтаълим мактаби, 8-мактабгача таълим муассасаси, қишлоқ врачлик пункти бўлиб, маҳалла, мактаб, оила ҳамда ҚВП шифокорлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Маҳаллада ёшлар ўртасида миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўсмир ёшидаги қизларни ҳаётга тайёрлаш, янги турмуш қураётган оилалар билан ишлаш, мактабни битираётган йигит-қизларни муайян касб-ҳунарга йўналтириш бўйича кенг қамровли тадбирлар олиб борилмоқда.

Тадбирлар доирасида маҳалла аҳлига, айниқса, ёшларга мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, фуқароларимиз учун йилдан-йилга кенг имкониятлар яратилаётгани ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб борилади.

Маҳалла аҳлига қулайлик яратиш мақсадида гузарда 10 та маиший хизмат кўрсатиш яъни 2 та автотех хизмат, 2 та мини маркет дўкони, чехол тикиш устахонаси, дорихона, пайнет, мактаб ўқувчилари учун мактаб форма ва ўқув қуроллари сотадиган савдо шахобчаси, 2 та сартарошхона, радио тузатиш устахонаси ва алоҳида бозорча фаолият кўрсатади.

Шунингдек, маҳалламизнинг "Университет" кўчасига янги дренаж сув қудуғи ўрнатилди. Ҳозир уланиш арафасида. Бу билан 5 та кўча сув билан таъминланади. "Янги чек" кўчасига эса асфальт ётқизилди. "Наврўз-2" кўчасига электр тармоқлари "подстанция"си қурилди. Маҳалламизнинг марказий кўчасига 20 та намунавий уй-жойлар қурилиши режалаштирилди.

Ҳа, бизнинг маҳалламиз яқин йиллар ичида янада кўркам ва обод, шаҳар билан бўйлашадиган гўшага айланади. Яхшиси, бизнинг Учкўзамизга бир келинг. Ўзингиз бунинг шоҳиди бўласиз...

Абдуҳалилжон

СОТВОЛДИЕВ,

Учкўза маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

АҲОЛИ КЎНГЛИГА ЙЎЛ ТОПСАККИНА, УЛАР БИЗГА СУЯНАДИ.

Маҳалла аҳлининг ишончига кириш, уларни керак пайтида ўз йўриғингга солиш бир қараганда осондек туюлади. Айниқса, 1 минг 368 нафар аёлнинг феъл-атворига қараб муомала қилиш, қувончу шодлигига шерик бўлиб ёнида малҳамдек тура олиш маслаҳатчидан кучли ирода, сабр-бардош талаб қилади. Ана шундай кучга эга бўлган маслаҳатчигина маҳалла аҳлининг корига ярайди. Мен ҳам маҳалламиз аёлларининг тўй-тўркини-ю, маърака, маросимларида ёнида туриб, керак пайтида ёрдам бериш баробарида уларнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлдим.

Аввало, рўзғордаги камчилик аёлга сезилади. Агар у ишлаб, жамиятда ўрни борлигини ҳис этса, оиланинг камчиликларини бутлашга ҳаракат қилади. Мен шуларни ҳисобга олиб, маҳалламиз аёлларини иш билан таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратдим. Маҳалламиз марказида тадбиркор Жамолхон Юнусов ташкил этган "Равшанбек - Бек мирза" кафеси, иссиқхона, тикувчилик цехи очилиб, 14 нафар ишчи ўрин яратилди. Ишсиз хотин-қизларимиз муқим иш билан таъминланди.

Шунингдек, маҳалламизда 4 та фермер хўжаликлари фаолият юритади. Аёлларнинг кўпчилиги шу фермер хўжаликларида ишлаб, дехқончилик билан шуғулланишади. Ишсиз юрган ёшларни ҳам маҳаллада учратмайсиз. Уларни устоз-шогирд йўналишида уста ҳунармандларга бириктириб қўйганмиз.

Шу билан бирга, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, фаоллар билан бўлган давра суҳбатларида аҳолининг тиббий, ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳаракат қиламиз.

Тўй-тўркин, маърака - маросимларда ҳам исрофгарчиликка йўл қўйилмаяпти. Дастурхончи Манзурахон Отабоева, отинойи Жамилахон Йўлдошева, фаоллар Манзурахон Абдуллаева, Январхон Мирзабоева, Дилбархон Худойбердиева, Эътиборхон Абдазоваларнинг хатти-ҳаракати билан ортиқча олди-бердилар йўқ қилинди.

Биз қанчалик маҳалла аҳли билан бирлашсак, уларга ёрдам қўлини чўза олсак, кимгадир енгиллик туғдирсак, қийнаётган муаммоларига ечим топа олсак, шундагина уларнинг бизга ишончи ортади. Керак пайтида бизга суянади.

Маликахон АСҚАРОВА,

маҳалла маслаҳатчиси.

МАҲАЛЛАНИНГ "АНЗИРАТ БУВИЛАРИ"

- ДЕЙИШСА, ХУРСАНД БЎЛАМИЗ.

Ёшинг улғайиб қолгандан кейин каттаю кичик ёнингга маслаҳат, йўл-йўриқ сўраб келаркан. Баъзида ўзимиз ҳам маҳалла ишига камарбаста бўламиз. Нотинч оилаларни муросага келтириб турамиз. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси бизни фаоллар қаторида йўқлаб туради. "Ана Анзират бувилар" келяпти, бу ёғини уларга қўйиб беринглар", деса хурсанд бўламиз. Ахир "Суюнчи" фильмидаги Анзират бувини ҳамқишлоқлари бекорга "қишлоқнинг виждони" дейишмайди. Бундай қаҳрамонлар тўқилмаган, асл ҳаётдан олинган.

Менинг 8 нафар фарзандим, 30 нафар набирам, 6 нафар чеварам бор. Бадавлат аёлман. Олти қизни узатиб, икки келин туширганман. Эргашхон Қодирова, Эътиборхон Абдуазимова, Мавлудахон Комилова ҳамда Фотимахон Мамадалиевалар ҳам қўш-қўш келинли, невара, чеварали аёллар. Маҳалламизда нотинчроқ оила бўлса, албатта, уларни муросага келтиришга ҳаракат қиламиз. Ахир қушнинг ҳам уяси бузилмасин, дейишади-ку. Нима учун бола-чақали бир оила арзимас сабаб билан жар ёқасига келиб қолса, қараб ўтиришимиз керак. Қулоғимизга мана шундай нохуш хабарлар чалинса, бизни биров чақирмаса ҳам ўша хонадонга кириб борамиз. Сув бир лойқаландими, тиниши қийин бўлади. Шунинг учун унинг олдини олишимиз керак.

Кейинги йилларда маҳалламизда оилаларнинг бузилиб кетишидек нохуш ҳолатлар рўй бергани йўқ. Шунинг учун ҳам раис бизни шу ном билан атайди-да...

Январхон МИРЗАБОЕВА, маҳалла фаоли.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди