Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№41, 09.10.2014

Одам савдоси - олам муаммоси

"МЕҲРИМИЗ СИЗГА" ОПА-СИНГИЛЛАРИМИЗГА МАДАДКОР БЎЛМОҚДА

Хориждаги дугонасининг мўмай даромади ҳақида эшитган Гулмиранинг тинчи йўқолди. Яқиндагина бузилган турмушининг аччиқ аламлари, ишонгани - эрининг хиёнати ҳамон юрагига қаттиқ оғриқ беришни қўймасди.

Гулмиранинг фикри-хаёли энди фақат чет элга кетишу хотиралардан шу йўл билан қутилиш бўлиб қолди. Унинг кўзига ҳатто, ўғилчаси ҳам кўринмасди. Тасодифан танишиб қолган "опахон"и унинг мақсадини билгач, бу борада ёрдам бера олишини айтди. Ўзини Диля деб таништирган аёлнинг гаплари Гулмиранинг кўнглига ёруғлик солди гўё:

- Синглим, ҳаёт ҳақиқатан бешафқат. Ҳали жуда ёш экансиз, айни ўйнаб-куладиган вақтингизда тақдир зарбасига учрабсиз. Бу синовни олисларга кетиб енгинг, энди. Хорижда ҳамма ташвишингизни унутасиз. Аммо... болангиз билан қандай иш топаркинсиз-а, - дея Диля Гулмиранинг кўнглига қўл солди.

- Йўқ, ўғлимни онамга ташлаб кетаман. Сиз бундан ташвишланманг,- шоша-пиша жавоб берди Гулмира...

* * *

Диля янги "ўлжа"ни дугонасининг ёнига жўнатдию, енгил тин олди. Гулмирани айтилган манзилда ёши каттароқ ўта замонавий кийинган аёл кутиб олди.

Гулмира алданганини келган кунининг эртасига билди. Аммо энди бари фойдасиз эди. У каби алданган, хўрланган қизлар, аёллар анчагина эди у ерда. Дод солди, ўзини тўрт деворга уриб йиғлади, тақдирини қарғади, хорижни орзу қилгани учун ўзидан нафратланди - бироқ энди кеч эди. Қочишга уринганида эса... дунёда шунчалик бешафқат одамлар борлигини билди, вужудида азоблар исканжасини ҳис қилди. "Хизмат"дан бош тортганида қўл-оёғига занжир солдилар, қоронғу ертўладаги очлик, ташналик тинкасини қуритди.

Гулмира энди бу ботқоқдан қандай чиқиб кетишни билмасди. Кўз олдида қанча-қанча гул қизлар нобуд бўлар, бош тортганлар эса, табиийки, ўз-ўзидан "йўқолиб" қоларди. Охири у ҳам одам савдогарлари сингари айёрлик йўлига ўтди. Аста-секин хўжайин аёлнинг ишончига кирди. Энг "зўр мижоз"ларни "қабул қилиб", мўмай-мўмай тушум келтириб, унинг ўнг қўлига айланди. Бунинг учун Гулмира гул умрининг икки йилини ботқоққа қориди. Икки йил деганда шаҳарга ўзи чиқадиган, "мижоз" олиб келадиган даражага етди. Бу орада эса, табиийки, ўзи учун юртга қайтиш йўли ҳақидаги бор маълумотларни йиғди...

Хўжайин аёл кечгача Гулмирани кутди. Лекин ундан тун ярмигача ҳам дарак бўлавермагач, барзангиларига қидиришни буюрди. Бу вақтда Гулмира қўшмачи аёлдан ўғирлаган пулларига олган билет билан Дубайдан Ўзбекистонга учаётган самолётда разиллик ботқоғидан қочиб кетарди...

* * *

Гулмира ватанга қайтдию, энг аввало, тегишли идораларга учради. Ўзини Диля дея таништирган, асли исми Дилором бўлган, хориждаги дугонасини "тайёр ўлжа" - қиз-жувонлар билан таъминлаб турувчи одамфуруш қўлга олинди. Дубайдаги фоҳишахона манзили аниқлангач, халқаро ҳуқуқ-тартибот органларига хабар етказилди. Гулмира эса ... ватан тупроғини тўйиб-тўйиб ҳидлади, юзларини ювган аччиқ ёшларда сўнгсиз афсус-надомат бор эди... У зулматдан нурли ҳаётга жуда қийинчилик билан қайтди. Алданган, руҳий тушкун ҳолатдаги Гулмирага "Меҳримиз Сизга" маркази чинакам мадад бўлди.

Бугун республикамизда бутун дунёни ташвишга солаётган одам савдосига қарши кураш, мазкур офатнинг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Хусусан, Андижон шаҳрида фаолият олиб бораётган " Меҳримиз Сизга" аёллар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази ҳам одам савдосидан жабрланган, оғир руҳий ҳолатга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий, руҳий, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

- Марказимиз ички ишлар, соғлиқни сақлаш, ўрта махсус касб-ҳунар ва халқ таълими бошқармалари, "Камолот" ЁИҲ, "Маҳалла" жамоат фонди вилоят бўлимлари, шунингдек, вилоят, туман-шаҳарлар хотин-қизлар қўмиталари билан доимий ҳамкорликда фаолият олиб боради, - дейди "Меҳримиз Сизга" маркази директори Холида Мирзараҳимова. - Марказимизда жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 645 та мурожаат қабул қилинди, мутахассислар ёрдамида уларнинг барчасига зарурий ёрдамлар кўрсатилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Бу Ватанда азиздир инсон!" номли лойиҳа доирасидаги марказ қошида ташкил этилган кондитер маҳсулотлари тайёрлаш мини цехи ва тикувчилик курсларида кўплаб хотин-қизлар, жумладан, одам савдоси қурбонига айланган қизларимизга ҳунар ўргатилди. Ана шу курсларни тамомлаган 15 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланган бўлса, 18 нафари туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари томонидан ишга жойлаштирилди.

- Марказ қошидаги ўқув курсида тикувчилик бўйича бепул таҳсил олдим, - дейди Балиқчи туманида яшовчи Бахтигул Умарова. -"Меҳримиз Сизга" мутахассислари кўмаги билан "Микрокредитбанк"нинг вилоят бўлимидан имтиёзли кредит олишга эришдим. Ҳозирда хонадонимда кичик тикувчилик цехи очиб, 5 нафар қизга иш ўрни ташкил этдим.

Марказ томонидан хотин-қизлар ҳуқуқларининг бузилиши, фуқароларни хориждан Ватанга қайтариш, одам савдосидан жабрланиш ҳолатлари бўйича мурожаатлар тегишли идоралар билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилиб, жабрдийдаларга амалдаги қонунлар ва белгиланган тартиблар доирасида ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, одам савдосидан жабрланган 30 нафар аёл тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга психологик ёрдам кўрсатилди, 28 нафар фуқаро эса республика реабилитация марказига юборилди.

Мухтасар қилиб айтганда, "Меҳримиз Сизга" маркази томонидан одам савдосидан жабрланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни доимий қўллаб-қуввтлаш борасида олиб борилаётган юқоридаги каби эзгу ишлар алоҳида эътирофга муносибдир.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди