Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№42, 16.10.2014

Мутахассис мулоҳазаси

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ СОҒЛОМ ВА БАХТЛИ БЎЛСИН

ёхуд эрта ва қариндошлар ўртасида

никоҳнинг зарарлари хусусида

Кам бўлса-да, ҳаётимизда эрта ва қариндошлар ўртасида тузилаётган никоҳлар натижасида ногирон болаларнинг туғилиши, ёш оналарнинг оғир хасталикларга мубтало бўлиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу билан боғлиқ муаммолар шубҳасиз, ҳар биримизни ташвишга солади. Умуман, эрта никоҳнинг аянчли оқибатлари ва унинг олдини олиш хусусида Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Гулбаҳорхон Юсупова қуйидаги фикр ва мулоҳазаларини билдирди:

- Юртимизда никоҳ ёши қизлар учун ўн етти ёш, деб белгиланган бўлса-да, қизларни бу ёшда турмушга бериш қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Қолаверса, бу ёшда қизларимиз жисмонан оилавий ҳаётга тўлақонли тайёр бўлмайди. Шифокорлар, олимлар томонидан ўтказилаётган кўплаб тадқиқотлар, ҳаётий мисоллар ана шу фикрнинг нечоғлик тўғри эканлигини кўрсатмоқда. Буни яқиндагина ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа мисолида ҳам айтиб ўтишим мумкин.

Яқин бир танишимиз кекса онаси оғир хасталиги туфайли набирасининг никоҳ тўйини кўриб қолсин, деб эндигина ўн етти ёшга тўлган қизини турмушга узатди. Тўй дабдаба билан бўлиб ўтди. Минг афсуски, оғир хасталаниб ётган кекса буви, ҳатто набираси тўйининг бўлиб ўтганини ҳам билмади. Лекин қувонч билан ўтган тўй ортидан бу оилага қатор ташвишлар ёғилди.

Қиз ёш бўлгани боис унинг янги оилага кўникиши қийин кечди. Қайнонани келиннинг тажрибасизлиги, рўзғор юмушларини бажаришда йўл қўяётган хатолари зада қилди. Ачинарлиси, қанчалик ҳаракат қилмайлик, оила қуришга жисман ва руҳан тайёр бўлмаган қизнинг ҳомиласи нобуд бўлди. Эндиликда ёш онанинг саломатлиги анча оғирлашди, узоқ вақт мунтазам даволанишни тақозо этмоқда. Фарзанди бошига тушган бу кўргиликлар ота-онанинг ҳам қийин аҳволга солиб қўйди.

Шу ўринда савол туғилади. Бунга йўл қўймаслик мумкин эдими? Албатта, мумкин эди. Ота-онанинг тиббий саводхонлиги етарли бўлганида, улар шифокорларнинг фикрларига қулоқ тутганларида, мулоҳаза билан иш юритганларида эди, бундай кўнгилсизликларнинг олди олинган бўлар эди. Ҳар бир ота-она фарзандини бахтли бўлишини орзу қилади. Лекин фақат истак билангина орзуга эришиб бўлмайди. Афсуски, айрим юртдошларимиз фарзандлари тақдирига юзаки қараётганликлари, ўзлари истамаган ҳолда уларни қийин аҳволга солиб қўяётганликлари бор гап.

Шифокор сифатида ҳам касбий, ҳам ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, қизларнинг 20-22 ёшдан, йигитларни эса 24-26 ёшдан оила қуришларини мақсадга мувофиқ деб биламан. Чунки йигит ва қизлар айнан ана шу ёшларида оила қўрғонини барпо этишга ҳар томонлама тайёр бўлади.

Эрта турмушга чиққан қизларда ҳомиладорлик оғир кечади. Ҳомиладорлик даврида турли патологик, экстрагенитал касалликлар кучайиши, йўлдош етишмовчилиги, суяклар тизимида турли салбий оқибатлар юзага келиши кузатилади. Бу ҳолат ҳомиланинг нуқсонли ривожланишига сабаб бўлади, она ва бола саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, нафақат эрта, балки қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ҳам ана шундай салбий оқибатларга олиб келади. Аниқроқ айтадиган бўлсам, бундай никоҳлар натижасида кўпроқ ногирон болаларнинг туғилиши кузатилади.

Яқинда ҳомиладор бир аёл қабулимда бўлди. Учинчи фарзандини кутаётган экан. Асаблари таранглашган, унда кучли руҳий зўриқиш аломатлари яққол сезилиб турибди. Суриштириб билсам, ўз холасига келин бўлган бу аёлнинг 4 ёшга тўлаётган иккинчи фарзандининг қўли ўсмай қолган экан. Учинчи фарзандим ҳам бирор нуқсон билан туғилмасмикан деган ҳадик уни қаттиқ ташвишлантираётган экан. У аёлга зарур барча ёрдамлар кўрсатилди. Лекин тиббиёт ҳам яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ натижасида туғиладиган болани қандай бўлишини аниқлаб бериши анча мушкул.

Яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш зарарли эканлиги, бу нарса илмий асосланганлиги ва қайта-қайта айтилишига қарамасдан, орамизда қуда бўлишни истаётган опа-сингиллар, яқин қариндошларнинг учраб туриши бу борадаги тарғибот ва тушунтириш ишларини янада кучайтириш зарурлигини тақозо этади.

Муқаддас динимиз исломда ҳам яқин қариндошлар ўртасида оила қуришга рухсат этилмайди. Хусусан, Қуръони Каримда бу ҳақда оятлар келтирилади, шунингдек, қатор ҳадислар борки, уларни яхши билишимиз ва улардан ўзимизга тўғри хулоса чиқариб олишимиз лозим.

Оила жамиятнинг асоси. Оилалар қанча мустаҳкам бўлса, жамият шунчалик равнақ топади. Айни кунда маънан етук, салоҳиятли, жисмонан бақувват ёш авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаб вояга етказиш жамиятимиз олдида турган жуда муҳим вазифалардан биридир. Бунинг учун ота-оналар, кенг жамоатчилик фарзандларимизни соғлом улғайишлари учун зарур барча ишларни бажаришимиз керак. Айниқса, эрта ва қариндошлар ўртасида никоҳларга йўл қўймаслик миллатимиз наслининг софлигини сақлаш, ногирон болалар туғилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Сожида САИДОВА ёзиб олди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди