№9, 26.02.2015 29 МАРТ - ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИ КУНИ
АКМАЛ САИДОВНИНГ АНДИЖОН ВИЛОЯТИ САЙЛОВЧИЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВИ
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. Шундай тадбирлардан бири 18 февраль куни Андижон шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Андижон вилояти сайловчилари Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан кўрсатилган номзод Акмал Саидов билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 2-Андижон округ сайлов комиссиясининг раиси О. Мирзаев очди.
Президентликка номзоднинг ишончли вакили К. Отахонов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Тадбирда Президентликка номзод Акмал Саидов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида миллий тикланиш ғоясини амалга ошириш, миллий ўзликни англаш, тарихни ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, мамлакатимиз ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқиш, Ўзбекистон тарихини чуқур ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, кучли миллий иқтисодиётни шакллантириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, соғлом ахборот маконини яратиш ҳамда халқаро муносабатларда мамлакатимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан бир қатор устувор вазифалар белгиланган.
Учрашувда вилоят педагог кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти кафедра мудири, Андижон шаҳар кенгаши депутати М. Оҳунов ва бошқалар номзоднинг дастури ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сайловчиларни 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|