Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№16, 16.04.2015

Бугуннинг гапи

"МАКТАБ ФОНДИ"ГА ҚАНЧА ПУЛ ЙИҒИЛАДИ?

Ёхуд умумтаълим мактабларида "мактаб фонди"га,

таъмирлаш ишларига ўқувчилардан пул йиғишлар хусусида

Бугунги кунга келиб муҳтарам юртбошимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз таълим тизими жадал ривожланиб бормоқда. Соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, ҳатто халқаро ҳамжамият томонидан ижобий эътироф этилаётганлиги шубҳасиз, ҳар биримизни қувонтиради.

Ёш авлоднинг пухта билим олиши учун кенг имкониятлар, қулай шарт-шароитлар яратиб берилган. Барпо этилган кенг, ёруғ ва замонавий таълим муассасалари, дарс ва машғулотлар хоналарининг компьтерлар билан жиҳозланганлиги, таълим-тарбия жараёнлари эса илғор педагогик технологиялар асосида олиб борилаётганлиги ўқувчиларимизнинг ҳар жиҳатдан мукаммал билим олишларини таъминлайди.

Ана шундай эътибор ва ғамхўрликларга қарамай, умумтаълим мактабларида айрим нохуш ҳолатларларнинг борлиги киши дилини хира қилади.

Яқин бир қариндошим фарзандлари мактаб фонди учун ҳар ойда 4 минг сўмдан пул олиб борсалар-да, ўқув йили якунланаётган шу кунларда "мактаб ремонтига" деб яна 15 минг сўмдан пул йиғилаётганлигини, фарзандлари ўша пулни ҳам топиб беришни сўраётганликларини гапириб қолди. Унинг гапи, қолаверса, айрим ота-оналар мурожаатларидан келиб чиқиб, ана шу мавзуда фикр юритишни лозим топдик.

Дарҳақиқат, кейинги пайтларда одамлар орасида айрим умумтаълим мактабларида "йиғди-йиғди"лар тобора авж олаётганлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Шу ўринда савол туғилади: "Мактаб фонди" ўзи қандай жамғарма, уни шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари борми? Умуман, "йиғди-йиғдилар" ҳақидаги гап-сўзлар қанчалик асосли? Ана шу каби саволларимизга жавоб топиш ҳамда масала юзасидан холисликни таъминлаш мақсадида мутасаддилар, умумтаълим мактаблари раҳбарлари, ота-оналар ва ўқувчилар билан суҳбатда бўлдик. Шу ўринда илтимосларига кўра, фикр билдирган суҳбатдошларимизнинг исми-шарифлари ўзгартирилган ҳолда берилаётганлигини айтиб ўтамиз.

ДУРДОНА, 8-синф ўқувчиси (Андижон шаҳри):

- Ҳар ойда мактаб фонди учун ҳар бир ўқувчидан 4 минг сўмдан пул йиғилади. Шунга қарамай, ўқитувчимиз қишда деразани тўсиш учун плёнкага, хонага гул ва портретлар сотиб олишга деб яна маълум миқдорда пул йиғиб олди. Бундай йиғди-йиғдилардан ота-онам безор. "Фонд" пуллари қаерга, нимага сарфланаётганини сўраб-суриштиришса, ўқитувчимизнинг жаҳли чиқади, синфнинг кам-кўстларига сарфлан-япти дейдию, айнан нимага ишлатилаётганлигини айтмайди. Оиламизнинг имконияти йўқлиги учун айтилган пайтда пул бера олмайман, ўқитувчимизнинг "Сен қачон олиб келасан?" деб қистовга олишидан синфдошларим олдида хижолат бўламан. Синфимизда менга ўхшаганлар оз эмас.

БАҲОДИР, 9-синф ўқувчиси (Андижон тумани):

- Дадам оддий ишчи, онам уй бекаси. Мактабимизда ҳар ойда фондга, "охрана"га деб йиғилаётган пулларни беришга қийналишади. Негаки, оилада мен, синглим ва укам бир мактабда ўқиймиз. Ҳар биримизнинг синфимизда ҳар ойда йиғиладиган пуллар миқдори гоҳида дадамга "оғирлик" қилади. Ахир оиламизда фақат улар рўзғор тебратади. Бунинг устига ҳали уст-бошимизнинг, ҳали ўқув қуролларимизнинг камини тўлдиради. Очиғи, гоҳида фонд пулини сўрашга ҳам истиҳола қиламан. Шу кунларда эса "мактаб ремонти" учун мен, синглим ва укамга 15 минг сўмдан пул топиб бериши керак.

САОДАТХОН, уй бекаси (Андижон шаҳри):

- Иккита фарзандим мактаб ўқувчиси. Мактаб фонди ва бошқа турли "йиғди-йиғди"ларга пул беришга қийналаман. Куни кеча қизимнинг ўқитувчиси мактаб таъмирига 15 минг сўмдан пул тайёрлаб туришимизни айттириб юборибди. Бир кўнглим мактабга бориб, йиғилаётган пуллар нималарга сарфланаётганини суриштириб келсаммикан, дея хаёлладим. Чунки мана болаларим ўқувчи бўлганларидан буён фондга пул йиғишади. Ота-оналар мажлисларида бу пулларнинг ўрни қаердалигини сўрасак, ўқитувчилар синфнинг кам-кўстларига сарфланишини айтади. Аммо ўша кам-кўстларга ҳам барибир ўзимиз пул йиғиб берамиз. Мана масалан, қиш бошланишидан аввал синф учун печка, деразаларга плёнка олиб бердик. Ўйлаб қоламан фондга деб йиғилаётган пуллар қаерга "кетяпти"?

Дилафрўз РАҲИМОВА, уй бекаси (Олтинкўл тумани):

- Мактабларда йиғилаётган фонд пуллари чиндан ҳам нималарга сарфланиши бизга қоронғи. Чунки йил бошидан синф пардаларини, гулларни, синфга керакли бошқа жиҳозларни, ҳатто иситиш печкасини ҳам ота-оналар пул йиғиб олиб берамиз. Икки йилдан бери фонд пулидан ташқари, ҳар ойда "охрана" учун ҳам пул тўпланади. Тўғри, мактаб хавфсизлиги, фарзандларимиз тинчлиги ҳамма нарсадан устун. Лекин менимча, қўриқчилик хизмати болалардан йиғиладиган пул ҳисобига ташкил этилмаслиги керак.

* * *

Юқоридаги айтилган ҳолатлар ҳақида ҳар куни эшитамиз, гапирамиз, гувоҳи бўламиз. Мактаб ўқувчилари бўлган фар-зандларимиз фондга, "охрана"га, таъмирлашга, байрамларга, турли тадбирни ўтказишга пул сўраганларида, гоҳида бир сўз айтмай бераверамиз. Бироқ, бундай йиғди-йиғдиларнинг охири кўринмагач, аламимизни яна болаларимиздан оламиз, уларни "Фонд пулини қаёққа сарфлаяпсизлар? Ўқитувчиларинг бунча кўп пул йиғмаса?" дея тергаб, дакки бериб, хумордан тушамиз.

Ана шу саволларга мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилар тўлақонли жавоб беришни истамасликлари эса табиий. Мактаб фонди учун йиғиладиган пуллар миқдори, унинг қонунийлигини билиш мақсадида вилоят халқ таълими бошқармасига мурожаат қилдик. Бошқарма мутасаддисининг айтганлари мактабларидаги ҳолатларга мутлақо зид экани бизни янада ҳайрон қолдирди. Таъкидланишича, таълим муассасаларида мактаб фондига пул йиғиш умуман қайд этилмаган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2012 йил 13 июндаги 185-сонли буйруғи билан тасдиқланган, республика Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 3 июлда давлат рўйҳатидан ўтказилган "Халқ таълими муассасасининг Васийлик Кенгаши тўғрисидаги намунавий низом"нинг 24-бандида таълим муассасасида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналаридан турли хил сабаблар билан таълим муассасаси раҳбарияти ва бошқа ходимлари (синф раҳбарлар, ўқитувчилар, тарбиячи ва тўгарак раҳбарлари) томонидан пул маблағлари йиғиш қатъиян тақиқланган.

Демак, нафақат мактаб фонди, балки "охрана", "таъмирлаш" сингари турли пул йиғимлари тўғрисида ҳеч қандай тартиб-қоидалар мавжуд эмас. Ўқувчилар фақатгина ўқув дарсликлари ижараси бўйича тўловни амалга оширишлари белгиланган холос. Юқоридаги каби ноқонуний "йиғди-йиғди"ларга йўл қўймаслик, ана шундай ҳолатларни бартараф этиш учун вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан таълим муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш шаҳар ва туманлар бўлимлари мудирларига, мактаблар директорларига тегишли тавсиялар берилмоқда.

Шу ўринда мутасаддилар томонидан умумтаълим мактаблари томорқаларига турли экинлар экиш, фойдаланишда бўлмаган хоналарини ижарага бериш, ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини йўлга қўйиш орқали улардан тушган даромад ҳисобига айрим ҳаражатларни қоплаш, мактаб ҳудудини ободонлаштириш каби ишларни амалга ошириш кўзда тутилганлиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, мавзу бўйича қайси таълим муассасасига бормайлик, мактаб раҳбарлари ҳақиқатдан ҳам мактаб фонди ва бошқа мақсадлар учун умуман, пул йиғилмаслигини маълум қилишди.

- Мактабимизда ўқувчилардан мактаб фондига, таъмирлашга деб пул йиғилмайди, - дейди биз билан суҳбатда Андижон шаҳридаги умумтаълим мактабларидан бирининг директори. - Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун ўқитувчилар доимий равишда огоҳлантириб борилади.

Ўқувчилар мактаб фондига, таъмирлашга неча сўмдан йиғишлари ҳақида айтиб турган бир вақтда мактаблар раҳбарияти буни рад этишлари бизни мазкур масалада хулоса чиқаришдан тияди. Хўш, мактабларда юқорида айтиб ўтилган пуллар йиғилмаётган, ундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун зарур чора-тадбирлар кўрилаётган бўлса, ота-оналар унда фарзандларимизга нима учун пул бераяпмиз, деб савол беришлари табиий. Шу жойда мулоҳазаларимизга нуқта қўйсак-да, бу борада хулоса чиқаришни муштарийларимизга қолдирсак. Демак, бу ҳақда Сизнинг фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди