Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№17, 23.04.2015

Қуйидагиларни билиб олинг!

ТАРОЗИДАН НОРОЗИ БЎЛСАНГИЗ...

Сир эмаски, бозорнинг ўз қонун-қоидалари бор. Бу савдо маданияти, хушмуомалалик, ҳалоллик, тўғрилик, лафз билан боғлиқ тушунчалардир. Аммо бу қоидалар бузилса-чи?..

Кексаларимиз азалдан бозорларда тош-тарозини тўғри қўйишга, бировнинг ҳақига кўз олайтирмасликка ундайди. Сабаби, унинг гуноҳи жуда оғир саналади.

Қўл тарози - "Ўғри" тарозими?

Айримларнинг фикрича, авваллари "қўл тарозиси ўғри тарози", деб ҳисобланарди. Кўпчилик қўл тарозиси ёрдамида савдо қилаётганлардан нарса харид қилмасликка интилишарди. Ҳозирда улардан кам фойдаланишади. Устабилармон сотувчилар эса электрон тарозиларни ҳам "бузиб қўйишлари" мумкин экан. Бирор-бир маҳсулотнинг нархи қимматлигини айтсангиз, ўзлари ҳам "Менинг тарозим ҳалол, арзонроқ сотаётганлар тарозидан уриб қолади", дейишади.

Бир килодан юз грамм кам чиқди

Дейлик, дўкондан бир килограмм шакар сотиб олдингиз. Уйга олиб бориб тортиб кўрсангиз, нақ юз грамм кам чиқди. Қайтиб боришни ўзингизга эп билмадингиз. Дўкондан чиқмай туриб, олинган маҳсулотнинг вазни тўғрилигини текшириш ҳуқуқингиз бор.

Чакана савдо қоидаларининг 18-бандига мувофиқ, харидор ўзи сотиб олган маҳсулотнинг ҳақиқий вазнини мустақил равишда ёки сотувчилар ёрдамида тортиб, текшириб кўриш ҳуқуқига эга.

Тарози ва бошқа ўлчов тарозилари сотувчи-ходимларнинг иш жойларида харидорлар товарни тортиш ва беришнинг бутун жараёнини кўрадиган қилиб ўрнатилиши керак. Тарозиларни пештахтанинг фасадига томон бурчак остида ўрнатиш, уларнинг олдини товарлар, дарпардалар, инвентарь ва бошқа нарсалар билан тўсиб қўйиш тақиқланган.

Назорат тарозилари қандай савдо объектларида ўрнатилиши керак?

Чакана савдо қоидаларининг 10- бандига кўра, назорат тарозиси 3 нафар ва ундан ортиқ киши иш билан банд бўлган озиқ-овқат дўконларининг савдо залларида ўрнатилиши шарт. 1500 квадрат метр ва ундан катта майдондаги савдо залларида эса, назорат тарозилари икки жойда ўрнатилиши лозим.

Мева ва сабзавотлар қандай сотилиши керак?

Кўпинча дўконларга кирганимизда мева, сабзавот ва бошқа маҳсулотлар алоҳида сотилаётганига гувоҳ бўламиз. Улар ўлчанадиган тарозилар ҳам, маҳсулотларнинг кўриниши ва нархи ҳам алоҳида кўрсатилади. Қоида бўйича мева ва сабзавотлар дўконларда қай тартибда сотилиши керак?

Ҳўл ва қуруқ мевалар, картошка маҳсулотлари нархи ва нави кўрсатилган, қадоқланган ҳолатда сотилиши керак. Агар бундай маҳсулотлар ўлчаб сотиладиган бўлса, улар харидорлар учун кўриниб турадиган жойдаги, текширилган тарозиларда ўлчаб берилиши лозим.

Тузланган карам, маринадланган ва тузланган маҳсулотлар тегишли андозалар ва техник шароитларга мувофиқ, белгиланган фоиз ҳисобида шарбати (суви), тузли эритмаси, маринади билан тортилади.

Тарозининг тўғрилигига

шубҳалансангиз...

Баъзан дўконлардан маҳсулот харид қилаётганимизда, тарозининг тўғрилигига шубҳа туғилади. Ушбу тарозилар қай тарзда текширилади? Уларнинг тўғрилигини билиш учун харидорлар нималарга риоя қилишлари керак?

Тарози ва тошларнинг тўғрилигига Сизда шубҳа туғилса, сотувчидан унинг қачон текширувдан ўтганлигини сўрашингиз лозим:

- Агар механик тарози бўлса, унинг жорий йилда давлат қиёсловидан ўтганлиги тўғрисидаги "климо" тамғаси бўлиши лозим.

Тарози тошлари бир йилда бир маротаба давлат қиёсловидан ўтказилиши шарт.

Электрон тарозилар ҳам худди шу тахлит текшириб турилади ва тегишли тартибда текширилгани ҳақида сертификат берилади. Агар тош ва тарозилардаги тамға ўчиб кетган бўлса, ундан шубҳа билдиришга ҳақлисиз. Чунки, бундай тамғаларда текширилган пайти аниқ кўрсатилган бўлиши лозим.

УНУТМАНГ!

- Ҳар бир истеъмолчи маҳсулот ёки хизматни эркин танлаш, унинг хавфсиз ва сифатлилигини текшириш, талаб этиш, ноқонуний хатти-ҳаракатлардан тегишли идораларга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

- Нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

- Сотувчи фаолияти давомида давлат стандартларида, санитария, ветеринария қоидаларида, ёнғинга қарши қоидаларда ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга риоя қилиши шарт.

- Сотувчи харидорга харид билан биргаликда касса чекини, товарларнинг айрим турларини (масалан, қимматбахо заргарлик буюмлари) сотишда ҳақи тўланганлиги тўғрисидаги белги қўйилган товар чекини бериши шарт.

- Мавсумий товарлар учун товарнинг нуқсонлари билан боғлиқ бўлган эътирозлар билдириш муддати товар харид қилинган санадан кейин тегишли мавсум бошланган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Ўзбекистон иқлим шароитларидан келиб чиқиб мавсумлар қуйидагича белгиланган:

- қишки мавсум - 25 ноябрдан 10 мартгача;

- баҳорги мавсум - 11 мартдан 14 майгача;

- ёзги мавсум - 15 майдан 15 сентябргача;

- кузги мавсум - 16 сентябрдан 24 ноябргача.

- Сотувчи, товарлар ва уларни тайёрловчилар тўғрисидаги маълумотлар харидорлар эътиборига давлат тилида етказилади, шунингдек, бошқа тилларда такрорланиши мумкин.

Умида АДИЗОВА тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди