Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№21, 21.05.2015

Бу ҳақда биласизми?

ҚАНЧА АЛИМЕНТ ТЎЛАНАДИ?

Эр-хотин бўлиб яшашнинг ҳам маълум қонун-қоидалари борки, турмушнинг аввалида уларни яхши англаб олиш оилавий ҳаётнинг чиройли ва тўкис бўлишини таъминлайди. Жамиятдаги кўплаб кўнгилсизликлар оиладаги маълум меъёрларнинг бузилишидан келиб чиқади.

Синган шишани бутлаб бўлмаганидек, узилиб бўлган оила ришталарини ҳар қанча кўп миқдордаги алимент ҳам қайта тиклай олмайди. Тўғри, алимент аслида оилани қайта тиклашга хизмат қилмайди. Бироқ фарзанд келажагини таъминлаш, оила таъминоти учун маълум даражада ёрдам беради.

Чиғириққа қайтгулик қилмасин...

Халқимизда қадимдан аёлнинг турмушдан ажраб ота уйига қайтиб келиши ўша оила учун катта иснод саналган. "Чиғириққа қайтган" қизнинг ота-онаси номусдан, ҳатто кўчага чиқа олишмаган. Шу боис ҳар қандай аёл, аввало, сабри, матонати, "йўқни йўндира олиши" билан оила ришталарини сақлаб турса, эркак эса номуси билан муқаддас қўрғонни ҳимоя қилган. Пичоқ суякка қадалиб, ҳеч иложсиз ажримлар учраса ҳам, сабаблари бугунгидек енгил ва арзимас бўлмаган.

Арш ларзага келмасин!

Агар оилалар аҳил бўлса, юртнинг тараққиёти ва фаровонлиги ортади. Акс ҳолда эса, жамиятга ҳам моддий ва маънавий зиён етади. Шу боис, динимиз ва қонунларимизда ҳам оилавий келишмовчиликни, энг аввало, тинч йўл билан ҳал этиш белгиланган. Шунингдек, муборак ҳадисларда айтилишича, мубоҳ, яъни рухсат берилган амаллар ичида Яратганга энг хуш келмайдигани талоқ (ажрашиш) экан. Бу сўз айтилганда, ҳатто Арши аъло ҳам ларзага келиши баён этилади.

Юртимизда ажрашишлар паст кўрсаткичда.

Айрим Ғарб давлатларида оилаларнинг бузилиши 30-40 фоизгача етиб боргани, баъзи ҳудудларда кўрсаткичлар бундан-да аянчлироқ эканлиги қайд этилмоқда.

Ҳозирда юртимизда оилаларнинг бузилиши дунё бўйича энг паст даражада эканлиги эътироф этилмоқда. Ўтган йилларда оилавий ажралишлар бир неча бараварга камайган. Бироқ турмуши бузилаётган оилалар ҳали ҳам борлиги ачинарли. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ажрашиш ҳолатлари оилалардаги келишмовчиликлар, ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги, рўзғордаги муаммолар, эр ёки хотиннинг касаллиги, маълум бир қисми эса эрнинг масъулиятсизлиги, қайнона ва келин муносабатларининг бузилиши натижасида келиб чиқмоқда.

Алимент можаролари.

...Бир оила бузилди. Машаққатлар билан барпо этилган бир қўрғон вайрон. Ўртада фарзанд-лар сарсон. Ва энди бу оилада алимент можороси бошланади.

Фин ёзувчиси Марти Ларни "Алимент - икки одамнинг хатоси учун бирининг тўлайдиган жаримаси", деганди. Фарзандга ота-онанинг моддий ва маънавий кўмаги бирдек зарур. Аммо турли сабаблар билан ажрашган оила фарзандлари учун қонун ота ёки онанинг моддий таъминотини кафолатлайди.

Алимент - (лотинча "alimentum") озуқа, таъминот деган маънони билдиради.

Алимент ундиришда боланинг ота-онаси ўзаро никоҳда экани ёки улар ўртасидаги никоҳ тугатилгани аҳамиятли эмас. Бунда аввало, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномадаги оталик тўғрисидаги ёзув ҳамда болага ихтиёрий равишда таъминот беришдан бўйин товлаш асос бўлади.

"Алиментга яшаб

бўладими?"

Шу ўринда болани фақатгина алиментнинг ўзига таяниб боқиш, вояга етказиш мумкинми, деган табиий савол туғилади. Боланинг таълим олиши, сифатли овқатланиши, руҳан соғлом ва баркамол улғайиши бевосита оила даромадига боғлиқ. Болага уни ким таъмин этаётганининг фарқи йўқ. У аввало, ҳам отасининг, ҳам онасининг эътибори, мададига муҳтож.

Ҳар қандай ота-она фарзандига ўзининг нафақат моддий, балки маънавий ёрдами ҳам кераклигини қалбдан ҳис қилиши, оила бузилган тақдирда ҳам буни унутмаслиги лозим. Алиментга яшаб бўлмайди. Лекин бир уйда яшамаётган бўлса-да, ота-онанинг бола ҳақида тенг қайғуриш фақат қонун таъкидлагани учун "хўжакўрсин"га эмас, виждон даражасида бўлиши керак.

Алимент ундириш учун нима қилиш керак?

Даъвогар қарздорнинг турар жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга ариза топширади. Аризага паспорт, никоҳ ва фарзандларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалардан нусхалар, яшаш жойидан, боланинг саломатлиги ҳақида ҳамда қарздорнинг иш жойидан маълумотномалар илова қилинади.

Қанча тўланади?

Ота ёки онанинг ойлик иш ҳақи ёки бошқа даромадининг

- бир бола учун - тўртдан бир қисми;

- икки бола учун - учдан бир қисми;

- уч ва ундан ортиқ бола учун - ярми ундирилади.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларга эса ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволи ҳисобга олиниб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий сумма белгиланади.

Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади.

Алимент тўлашдан

бош тортса...

Алимент тўлаш билан боғлиқ низолар суд тартибида ҳал қилинади. Суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бош тортганлар ота-оналик ҳуқу-қидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

"Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш" дегани нима?

Оила Кодексининг 84- моддасига асосан, ота-оналик ҳуқуқи чекланган ота-она болани шахсан тарбиялаш, шунингдек, болалик фуқаролар учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёз ва нафақалар олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Аммо бу ота-онани болага таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди. Бундан ташқари, боланинг турар-жойга бўлган мулк ҳуқуқи, ундан фойдаланиш ва мерос олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади. Ота ва онанинг ота-оналик ҳуқуқи чекланган тақдирда бола васийлик ва ҳомийлик органи қарамоғига берилади.

Алиментни бекор қилиш.

Алимент борасидаги келишув тарафларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Бир тарафлама розилик ёки қаршилик билан қонунан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Қуйидаги ҳолларда суд тартибида ундирилаётган алимент тўлаш тугатилади:

- бола вояга етганда ёки вояга етмасдан туриб тўла муомала лаёқатига эга бўлганда;

- алимент ундирилаётган бола фарзандликка олинганда;

- суд алимент олувчининг меҳнатга лаёқати тикланган ёки уни ёрдамга муҳтож бўлмай қолган деб топганда;

- меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож алимент олувчи собиқ эр ёки хотин янги никоҳга кирганда;

- алимент олувчи ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахс вафот этганда.

Хулоса.

Оила қўрғонининг пойдевори ишонч, устунлари меҳр ва муҳаббат, деворлари садоқату вафо, дарвозалари ор ва номусдан тиклангандагина мустаҳкам бўлади. Устунларнинг қанчалик бақувватлигию ўзаро тенглиги, бир-бирига монандлиги қўрғонни шамолу бўронлар таъсирида бузилиб, тўкилиб кетишдан ҳимоя қилади. Аввало, оилангизни асранг, унинг мустаҳкам бўлишига ҳаракат қилинг.

Амалдаги меъёрий ҳужжатлар асосида Умида АДИЗОВА тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди