Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№33, 13.08.2015

ОИЛА БАЙРАМЛАРИ

МУҲАББАТ ТУМОРИГА АЙЛАНГАН УЗУК

Аҳил ва мустаҳкам оилаларга ҳамма, ҳар жойда ҳавас билан қарайди. Янги рўзғор остонасига қадам қўяётган ҳар бир келин-куёвнинг кўнглида узоқ ва бахтиёр яшаш истаги барқ уради. Никоҳ тўйининг ўн, йигирма ва ҳаттоки юз йиллик тантаналарининг байрам қилиниши ҳам аслида ана шу орзу-истакдан келиб чиққан бўлса не ажаб.

Олтин, Олмос ва Кумуш тўйлар ҳақида гап кетганда, эр-хотин шунча йил бирга яшаган бўлса нима бўпти, шуниям байрам қилиш шартми, деб ўйлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Аммо бу тантаналарнинг асосида оила мустаҳкамлигига даъват бор. Европада XIX асрда урфга кира бошлаган бу оила байрамлари аввал тўкис хонадонларда нишонлана бошлаган бўлса, кейинчалик нафақат Европа, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида барча тоифадаги одамлар орасида оммалашиб кетди.

Асосан Европа халқларига хос ана шундай тўйлар ҳақида қуйидаги маълумотларни билиб олсангиз, фойдадан холи бўлмайди. Демак:

* Икки ёшнинг никоҳи яшил тўй деб аталади. Мана шу кундан бошлаб янги оиланинг ҳисоб кунлари бошланади.

* Бир йилдан сўнг келин-куёвлар ­ Чит (мато номи) тўйини нишонлайдилар. Бу дегани никоҳнинг биринчи йили келин-куёв бир-бирининг феъл-атворини яхши ўрганиб, кундалик хафагарчиликларни енгиб, рўзғорнинг дастлабки синовларидан бир-бирларини асраб-авайлаб ўта олишганининг нишонасидир. Шу куни келин-куёв бир-бирига пок ва боқий муҳаббат тимсоли сифатида чит рўмолчалар ҳадя қилишади ва уларни асраб олиб қўйишади. Чит тўйига келин-куёвнинг энг яқин дўстлари, қариндошлари таклиф этилади ва улар рўзғор учун керакли буюмлар, чойшаб, дастурхон ва сочиқ совға қилишади.

* Никоҳнинг беш йиллиги Дарахт тўйида оила мустаҳкамланган, яхши муносабатлар йўлга қўйилган, фарзандлар дунёга келган бўлади. Шунинг учун ҳам бу тўй ҳаёт тимсоли ­ Дарахт номи билан аталади. Тўйга ёши улуғ қариндошлар таклиф этилади.

* Қалай тўйи эр-хотин ўн йил бирга умргузаронлик қилган оилаларда нишонланади. Буни Атиргул тўйи деб ҳам аташади. Қалай - эпчиллик рамзи ҳисобланади. Энди эр-хотин бир-бирини кўз қарашларидан, оддийгина ишоралардан ҳам тушунишади. Керак вақтда бир-бирига ён бериб, бир-бирини сўзсиз қўллаб-қувватлашади. Қизил атиргул - жўшқин туйғулар тимсоли. Никоҳнинг ўн йилллигида хонадон соҳиби рафиқасига 11 дона (муҳаббат рамзи сифатида 10 та қизил ҳамда келгуси мустаҳкам ҳаётга умид тимсоли сифатида битта оқ) атиргул совға қилади.

* Ўн беш йиллик аҳил ва иноқ ҳаёти давомида эр-хотиннинг муносабатлари биллурдек софланади. Бу пайтда улар бир-бирини биллурни асрагандек авайлай бошлайди. Биллур тўйига оиланинг энг яқин дўстлари, фарзандлар, яқин қариндошлар таклиф этилади. Эр-хотинга биллур вазалар ва идишлар тақдим этилади.

* Оиланинг йигирма йиллик тантанаси Чинни тўйи деб аталади. Чинни қимматбаҳо, чиройли ва айни пайтда озгина эҳтиётсизлик оқибатида синиши ёки дарз кетиши мумкин бўлган нозик ашё. Эр-хотинлар ўтган давр мобайнида муносабатларига дарз етказмай яшаганлари билан фахрлансалар бўлади.

* Кумуш тўйлари ҳақида кўп эшитганмиз. Йигирма беш йиллик ҳаёт синовлари эр-хотинни ҳар ишда аҳилликка ўргатади. Кумуш ­ оила мустаҳкамлиги тимсоли. Шу боис кумуш тўйини нишонлаётган оилаларни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатишади. Эр-хотинлар тўй тантанаси чоғида бир-бирларига кумуш узуклар совға қилишади.

* Марварид ­ бахт тумори. Шу билан бирга барака ва фаровон ҳаётнинг рамзи ҳамдир. Ҳақиқий дур йилдан йилга сайқалланиб чирой очиб боради. Меҳр ва муҳаббат асосига қурилган оила ҳам йиллар давомида мустаҳкамланиб бораверади. Ўттиз йиллик турмуш давомида эр-хотинларнинг бир-бирига муносабати марварид шодасидаги дурлардек сайқалланади.

* Ёқут ­ меҳр, мустаҳкам оилавий муносабатлар, жўшқин муҳаббат рамзи ҳисобланади. Оиланинг қирқ йиллик тўйини нишонлашдан аввал эр-хотин никоҳ узукларига ёқут тоши ўрнаттирадилар. Тўй тантанаси бошқаларга ибрат бўлгулик даражада кенг нишонланади. Тўйда фарзандлар, невара ва чеваралар иштирок этишади. Ёқут тўйигача етган эр-хотинлар ёшларга оиланинг мустаҳкамлиги, оиладаги аҳиллик тилсимидан сабоқ беришга тўла ҳақли бўладилар.

* Олтин ­ ер юзидаги энг қимматбаҳо металлардан бири. Олтин тўйини нишонлаётган эр-хотинларга ҳамма ҳавас билан қарайди. Улардан муҳаббат, садоқат, сабр-тоқат дарсларини олиш мумкин. Шу куни эр-хотинлар эски никоҳ узукларининг ўрнига янгисини тақадилар. Эскисини эса ҳали турмуш қурмаган невара-эвараларидан бирига совға қилишади. Айтишларича, эллик йил тақилган никоҳ узуги муҳаббат туморига айланармиш.

* Олтмиш йил бирга яшаган оилалар жамиятда олмосдек ярқираб ажралиб туради. Уларнинг ҳар бир қирраси ёшларга ўрнак. Шарқу Ғарбда бундай хонадон соҳибларини пиру бадавлат отахонлар, онахонлар дея эъзозлашади. Уларнинг хизматини қилиб, дуосини, кўнглини олишга ошиқишади.

* Етмиш беш йил бирга яшаган чол-кампирларни Шоҳона бахт эгалари дейиш мумкин. Шоҳона тўйларини иккинчи Олмос тўйи, деб ҳам аташади. Бу тўй нафақат оилада, балки узоқ-яқин қариндошлар, дўсту ёрлар даврасида хурсандчилик билан байрам қилинади.

* Дунёда юз йил бирга умргузаронлик қилган отахон ва онахонлар ҳам бор. Оила ва никоҳнинг юз йиллиги тантанаси Қизил тўй деб аталади. Узоқ умр кўрган бундай файзли чол-кампирларни бутун олам олқишлайди.

Ҳамрохон МУСУРМОНОВА тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди