Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№37, 10.09.2015

МУЛОҲАЗА

БОЛАНГИЗ КИМ БИЛАН ҚОЛЯПТИ?

Эрталаб ота-она болаларни йўл-йўлакай боғча опасининг қўлига топшириб, ишга отланади. Болакай тезроқ куннинг кеч бўлишини, онаси эртароқ келиб уни боғчадан олишини интизор бўлиб кутади. Куни бўйи ишхонадаги юмушлардан толиққан она эса фарзандининг биттагина табассумини кўриши билан барча чарчоқларини унутади. Она-бола ўртасидаги меҳр кўприги кундан кунга, йилдан йилга мустаҳкамланиб бораверади.

Бола мактаб ёшига етганидан кейин ота-онанинг ташвишлари ортади. Уларнинг олдида боламни кимга қолдирсам экан, деган савол кўндаланг бўлади. Уларни қаровсиз қолдиришнинг оқибати хайрли бўлмаслигини яхши биламиз. Техника тараққиёти ва ахборот асрида яшаётган бугуннинг болалари, айниқса, алоҳида эътибор ва парваришга муҳтож. Бундан бир неча йиллар аввал танишларимдан бири фарзандларини уйда олиб ўтиришнинг яхши усулини топганини айтиб қолди.

­ Ҳар куни янги мультфильм дискларини олиб келаман. Энди болалар бирор шўхликни ўйлаб топишмадимикан, деган хавотирдан ҳолиман. Ишларимни, бемалол битириб келгунимча, болаларим телевизор олдидан кетишмайди, ­ деганди у.

Кейинчалик ўғилларидан бирида юрак хасталиги ривожлангани маълум бўлди. Иккинчисининг эса кўзида муаммо бор эди. Шифокорлар бундай хасталиклар эртадан кечгача телевизор олдида ўтирадиган болаларда тез-тез учрашини айтишган.

Бугунги кунда ҳар бир болакайнинг қўлида телефони, уйида компьютери ва телевизори бор. У истаган кино ёки мультфильмни кўриши мумкин. Болам уйдан чиқмай ўтирибди, деб хотиржам бўлишга ота-онанинг асоси етарлими? Афсуски йўқ. Чунки, бугун компьютерларни қамраб олган виртуал ўйинлар, мультфильмларда тарғиб этилаётган ғояларнинг ҳаммаси ҳам эзгуликка хизмат қилади, деб айта олмаймиз. Шундай экан, болаларни компьютерлар ва телевизорлар ихтиёрига топшириб қўйишнинг оқибати яхшиликка олиб келмайди.

Мен бир оилани яхши биламан. Эр-хотин уч фарзандни тарбиялаб, вояга етказишди. Айни пайтда оиланинг тўнғич фарзанди тиббиёт институтини тамомлаш арафасида. Иккинчи фарзанди Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олмоқда. Кенжа қиз эса академик лицейда ўқийди. Чет тилларни ўрганишга ҳавасманд. Инглиз тилида бемалол сўзлашади.

­ Болаларнинг қизиқишлари, орзу-истакларини қўллаб-қувватлаш муҳим экан, - дейди ўша оиланинг соҳибаси Шохистахон. - Бугунги куннинг боласи билан ҳамқадам бўлиш ҳаммамизнинг ҳам қўлимиздан келавермайди. Уларни дарсдан кейин қўшимча машғулотларга олиб бориш учун кўпинча вақтим етмай қоларди. Дадаси билан келишиб, бир муддат ишламай уйда, болаларнинг ёнида бўлишга қарор қилдим. Ҳар бирини қизиқишига қараб турли соҳаларга йўналтирдик. Кечгача шу уч боланинг ортидан юрардим. Дадаси ишидан ортмайди. Болаларни вақтида машғулотларга олиб боришга қийналган пайтларим бўлди. Фарзандларимизга энг яхши натижаларингиз, дадангиз учун кутилмаган совға бўлсин, деб уқтираман.

Бугун фарзандларим камолини, улар эришган ютуқларни кўриб, бу борада тўғри йўл тутганимга ишонч ҳосил қиламан. Энг муҳими, болаларга эътибор қаратиш, уларни тўғри йўлга солиш керак экан.

Марҳамат туманидаги 6-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Муяссархон Режавалиеванинг айтишича, ота-оналари, бувилари назоратида бўлган болалар бошқаларга нисбатан масъулиятли, интизомли ва интилувчан бўлар экан.

­ Бола табиатан бўш қолишни, бекор юришни хуш кўрмайди. Агар унга ота-онаси эътиборли бўлиб, керакли ва фойдали ишларга, китоб ўқишга, аниқ мақсад сари интилишга ўргатмаса, бола ўзига, албатта, бошқа бир юмуш топиб олади. Унинг учун айни пайтда машғул бўлаётган ишининг оқибати унчалик муҳим эмас, у вақти ўтаётганидан мамнун бўлиб юраверади. Аниқ мақсадга интилган болалар кейинчалик фаол ва мазмунли ҳаёт кечирсалар, ёшлигида қаровсиз қолиб, компьютер ва телефонлардаги турли ўйинларга овуниб ўсган болалар шунчаки кун ўтказишга мойил кишилар бўлиб вояга етади. Ўқувчиларим орасида жангари феълли, зардали болалар ҳам учраб туради. Бир қарашда уларнинг уйида ҳамма нарса етарли. Ота-онаси ишлайди. Аммо бола баъзан отаси ёки онаси билан кунлаб, ҳафталаб кўришмайди, суҳбатлашмайди. Улар билан дилдан гаплашганимда, отаси ёки онасининг эътиборсизлигидан хафа эканини, шу араз гинага айланиб, қалбини дағаллаштираётганини сезиб қоламан. Ота-онасидан эъзоз ва эътибор кўрган ўқувчиларимнинг эса кўзлари чақнаб туради. Уларнинг фикрлари тиниқ. Орзулари жуда баланд бўлади.

Демак, хулоса қилиб айтиш мумкинки, фарзандларимизга болалигиданоқ меҳр ва эътибор жуда муҳим экан. Буни асло унутмаслигимиз керак. Болаларимизнинг қизиқишларига, одоб-аҳлоқига ўз вақтида эътибор қаратсак, келажакда улар биз кутгандай етук ва баркамол инсонлар бўлиб камол топадилар.

Ҳамрохон МУСУРМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди