Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№49, 03.12.2015

Бугуннинг гапи

МУҚОВАДАГИ СУРАТЛАР: "ОММАВИЙ МАДАНИЯТ" ТАРҒИБОТИ ЭМАСМИ?!

Бугунги кунда фарзанд тарбияси, яъни ёш авлодни истиқлол ғояларига, миллий қадрият ва урф-одатларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш жамиятимиз олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Бу жараёнда болалар ўртасида олиб борилаётган тарғибот ишлари, турли воситаларнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта. Шу маънода тарбияга бевосита даҳлдор бўлган айрим мулоҳазаларимизни айтиб ўтишни лозим топдик.

Қизим шаҳримиздаги мактаблардан бирида таҳсил олади. Эндигина бошланғич синф ўқувчиси. Жорий ўқув йилининг иккинчи чораги бошланганига кўп вақт бўлгани йўқ. Қизим бундан буён кундалик тутишлари керак эканлигини айтиб қолди. Доимгидай кечки овқатдан сўнг унинг тайёрлаган дарсларини назорат қилмоқчи бўлдим. Шунда қизим сотиб олган кундалигини кўрсатди. Очиғи, кундаликни кўриб жаҳлим чиқди. Муқовадаги хорижий мультфильмнинг алламбало қаҳрамонлари бўлган қизларнинг сурати асабимни бузди. Устига яримта матодан "нимадир" илган учар қизларнинг расми кимларгадир ёқар, эҳтимол, фарзандим ҳам ўша кундаликни муқовасига қизиқиб олгандир, аммо биз катталар митти хатолар улкан хатоларга дебоча бўлиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак! Шунинг учун ҳам бугун мулоҳаза учун айнан шу мавзуни танладик.

Фарзандининг мактаб ўқувчиси бўлганидан қувонмаган, унга илк бор дафтар, ручка, қалам каби ўқув қуролларини завқ билан харид қилмаган ота-она бўлмаса керак. Бироқ айнан ана шу ўқув қуроллари ҳам тарбияда муҳим роль ўйнашини кимдир билади, кимдир бунга эътибор қилмайди.

Замон тараққий этиб боргани сари доимий фойдаланишда бўлган нарса-буюмларимиз ҳам, жиҳозлар ҳам, ҳатто ўқув қуроллари ҳам замонга мослашиб бориши табиий. Бироқ бу ривожланиш миллий менталитетимизга, фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак.

Яна кундалик воқеасига қайтсак. Ўша дафтар баҳона бўлдию, мактаб қошидаги дўконга кирдим. Табиийки, сотувчига билдирган эътирозим унга ёқмади. Унинг "Нима бўлибди? Ахир бу мультфильм қаҳрамонлари-ку! Ҳатто ота-оналарнинг ўзлари шундай дафтарларни сотиб олиб беришяпти. Бизга талаб қандай бўлса, шуни олиб келиб сотамиз-да!" деган иддаоларига қарши чиқишга мажбур бўлдим. Сотувчига бу миллий менталитетимизга тўғри келмаслигини айтдим, фарзандларимиз ана шу "қаҳрамонларга" ўхшаш учун айнан улар кийган "либос"га, уларнинг беъмани хатти-ҳаракатларига тақлид қилмаслигига ҳеч ким кафолат бермаслигини тушунтиришга уриндим. Бундай муқовали дафтарларни имкон борича олиб келмаслигини илтимос қилдим... Бироқ сотувчи менинг гапларимга умуман қўшилмади. Бу бозор: қандай маҳсулотга кўпроқ талаб бўлса, ўшани кўпроқ олиб келамиз, деган фикрида қатъий қолди.

Бу масалага қандай ёндашиш керак, қандай иш тутсак, тўғри бўлади? Келинг, бу борада айрим юртдошларимиз фикрига қулоқ тутайлик.

Нигорахон Низомова, Андижон шаҳридаги 4- умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси:

- Мен ўқитувчи сифатида ўқувчиларнинг тарбиясига таъсир қиладиган, муқоваларида уларнинг фикрлашини, хаёлини бузадиган суратлар акс этган дафтарлар тутишларига йўл қўймайман. Ўқувчи дафтарини очганда ҳам, ёпганда ҳам ўша суратлар, шубҳасиз, уни дарсдан чалғитади. Ота-оналар мажлисларида ҳам бу ҳақида алоҳида таъкидлайман. Турли гуллар ёки шаҳарлар расмлари бўлса, майли, бу бола эстетикасининг шаклланишига ҳам хизмат қилади. Шу ўринда бир воқеани айтиб ўтсам. Бир ўқувчим машҳур хориж эстрада хонандасининг суратлари туширилган муқовали дафтарларнигина тутишига эътибор бермаган эканман. Кейинроқ унинг кийинишида ҳам, ҳатто соч турмагида ҳам ўша хонандага тақлид қилиши сезила бошлади. Буни вақтида пайқаганим - ютуғим бўлди, десам янглишмайман. Уни дарсдан сўнг олиб қолиб, алоҳида суҳбатлашдим. Хориж хонандасининг ашулалари балки яхшидир, аммо унинг кийиниши, ўзини тутиши, аллақандай соч турмаги бизнинг ўзбекона урф-одатларимизга мутлақо зид эканини тушунтирдим. Ўқувчим бир сўз демади, бироқ унинг ўзгарганини оддий муқовали дафтарлар тута бошлаганидан сездим...

Гуландон Ғаниева, Андижон педагогика коллежи психологи:

- Бола табиатан тақлидга ўч бўлади. Унинг бу хислати то у камолга етиб, оқ-қоранинг фарқини билгунча давом этади. Мана шунгача бўлган даврда ота-оналар, у таълим олаётган билим даргоҳлари мутасаддилари доимий назоратда бўлишлари керак. Тарбияда биз учун оддий бўлиб кўринган нарсалар ҳам катта роль ўйнаши мумкин. Чунончи, бугун мулоҳазага сабаб бўлаётган дафтар муқовалари ҳам. Муқовадан акс этган сурат қанчалик эътибор тортар бўлса, боланинг фикр чалғиш доираси шунчалик кенгайиб боради. Айтайлик, ўқувчи дарсда ўзи билмаган, ўзи сезмаган ҳолда муқовадаги суратга ўхшаш учун нималар қилиши лозимлиги, қандай қилса, унга кўпроқ ўхшаши ва кийинишда ҳам бир хил бўлишга интилиши сингари хаёлларга берилиб кетаверади. Ёки мультфильмдаги воқеалар ёдига тушади, киноқаҳрамонлар бўлса, улар ижросидаги фильмлар ҳақида ўй суришни бошлайди. Тўғри, болаларимизнинг барчасида ҳам бундай нохуш ҳолатлар кузатилмайди. Бироқ тарбияда руҳият ва тақлид ҳам асосий аҳамият касб этишини унутмаслик керак.

Даврон Расулов (ўқувчи):

- Мен 4- синф ўқувчисиман. Мульфильмларга жуда қизиқаман. Айниқса, шрек, панда, робот терминатор сингари уруш ва саргузашт мультфильмлар қаҳрамонлари жону дилим. Дафтар, кундалик сотиб олаётганимда ҳам шуларнинг сурати борларини оламан.

Муштарий Каттабоева, уй бекаси (Андижон шаҳри):

- Иккита қизим мактаб ўқувчилари. Уларга ўқув қуролларини ўзим харид қиламан. Негаки, болаларга қўйиб берсангиз, ўзларига ёққан қанақадир расмлари бор дафтарларни сотиб олишади. Масалан, мен ўша миллийлигимизга зид, беҳаё кўринишлари бор мультфильмларни фарзандларимнинг томоша қилишларига йўл қўймайман. Ахир болаларимиз уларга қараб улғаядилар-да! Бугун ўша мультқаҳрамонлар дафтар, расм дафтар, ҳатто сумкаларда ҳам акс этаётганлиги менинг назаримда тўғри эмас. Бу ҳолатнинг олдини олишда ўқитувчилар, ота-оналар ва бошқа мутасаддилар ҳамкорликда ишлашлари керак, деб ўйлайман.

* * *

Мавзу доирасидаги айрим фикрларнигина эътиборингизга ҳавола этдик. Кўринадики, ўқувчи дафтарни сифатига эмас, суратига қараб танлайди. Таассуфки, юқорида айтилгандай бугун бундай беъмани суратлар фақатгина муқоваларда эмас, балки бошқа ўқув қуроллари (ўчирғич, ручка, пеналь)да ҳам учрамоқда. Майли, айрим ота-оналар фарзандининг кўнгил майлига қарашар, бироқ ўқитувчилар бу борада қаерга қараяптилар? Уларнинг ўзлари тарбиячи бўла туриб, ўқувчи тарбиясига зид воситаларга қарши нима учун курашмаяптилар? Ахир сизу бизнинг бундай нохуш ҳолатга "кўз юмаверишимиз" фарзандларимиз ўртасида "оммавий маданият"нинг илдиз отишига сабаб бўлмайдими?

Азиз муштарий, мавзу юзасидан сизда қандай фикрлар бор? Сизнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди