Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№6, 04.02.2016

Саноат корхоналарида

"LENS TEXTILE INVEST": ЮКСАЛАЁТГАН КОРХОНА

Кейинги йилларда мамлакатимизда янги саноат корхоналарини ташкил этиш, мавжудларини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш, умуман, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳудудий корхоналарнинг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганлиги, барқарор ишлаши учун зарур имкониятлар яратиб берилаётганлиги самараси ўлароқ ана шу корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ҳатто чекка-чекка ҳудудларда тадбиркорлар томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, юқори натижаларга эришилаётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Буни Андижон вилояти, Хонобод шаҳридаги "Lens textile invest" масъулияти чекланган жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

"Lens textile invest" масъулияти чекланган жамияти 2012 йилда ташкил этилган. Жамиятга инвестиция киритиш шарти билан шаҳар ҳудудидаги фойдаланилмай турган собиқ "Фотон" ишлаб чиқариш корхонасининг биноси ноль қийматда берилди. Саноат қурилиш банки Хонобод филиалидан олинган 500 миллион сўм кредит ҳамда жамиятнинг айланма маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 680 миллион сўм ҳамда 240 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди. Қисқа муддатда бино реконструкция қилиниб, капитал таъмирланди. Туркия ва Япония давлатларидан компьютерлашган махсус дастур асосида ишловчи энг замонавий тикув ва тўқув дастгоҳлари олиб келиб ўрнатилди. Ўша йили 200 нафар ишчи билан ўз фаолиятини бошлаган корхонада бир неча турдаги трикотаж маҳсулотлари тикила бошлади.

- Бугун корхонанинг кенг, ёруғ цехларида ишлаётган бир-бирларидан гўзал опа-сингилларимизни кўриб кўз қувнайди, - дейди Хонобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мухтасархон Хошимова. - Интилиш, изланиш бор жойда, шубҳасиз, юксалиш бўлади, Корхона фаолиятининг дастлабки даврлариданоқ ана шу ғояга амал қилиниб, қатъий тартиб асосида иш олиб борди, тайёрланаётган маҳсулотлар сифатига алоҳида эътибор қаратди. Натижада корхона маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёж ортди. Энг муҳими, бугунги кунга келиб 300 нафарга яқин опа-сингилларимиз шу ерда меҳнат қилмоқда. Улар меҳнатларига яраша даромад олиб, оилаларига кўмак бераётганликлари қувонарлидир.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга кўрсатилаётган эътибор, қолаверса, жамият раҳбариятининг саъйи-ҳарактлари, изланишлари, ички имкониятлардан унумли фойдаланишлари натижасида корхонада катта ўзгаришлар юз берди. Ўтган давр мобайнида янги тикув, тўқув ва матога гул босадиган дастгоҳлар олиб келиб, ишга туширилди.

Айни кунда корхонанинг тўқув, тикув, бўёқ, гул босиш, дазмоллаш, қадоқлаш участкаларида 300 дан зиёд дастгоҳлар ишлаб турибди. Ишлаб чиқариш биносига махсус иситиш, ҳаво тозалаш тизимлари ўрнатилганлиги қишин-ёзин бино ичида ҳаво ҳароратининг мўътадиллигини таъминлайди. Умуман, ишларнинг тўғри ва самарали ташкил этилганлиги натижасида корхона вилоятдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналар қаторидан жой олди.

Корхона бир неча йилдан буён турли савдо кўргазма ва ярмаркаларида, "Ташаббус" кўрик-танловида қатнашиб келмоқда. Танловнинг шаҳар, вилоят босқичларида муваффақиятли иштирок этди. Бундан ташқари, корхона ҳудудий ва республика саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси савдоларида ҳам ўз маҳсулотлари билан фаол иштирок этиб келмоқда.

- Айни кунда корхонамизда болалар, аёллар кийимлари, ўғил болалар учун футболкалар, умуман, 200 хилдан зиёд турдаги трикотаж маҳсулотлари тайёрланади, - дейди жамият директори Иномжон Раҳимов. - Маҳсулотларимиз ҳозирча фақат ички бозорда сотилмоқда. Жорий йилда маҳсулотларимизни экспорт қилиш бўйича хорижлик тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Корхонада ўтган 2015 йилда умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион сўм бўлган 700 минг донадан зиёд ҳар хил турдаги трикотаж маҳсулотлари тайёрланди. Жорий йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш кўзда тутилган. Ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда режалаштириш бўлими бошлиғи Одинахон Тўхтахўжаева, сифат назоратчиси Гуллола Ҳакимжонова, ишлаб чиқариш устаси Гулчеҳра Абдураҳимова, шунингдек, Хуршида Эргашева, Зебо Эшбоева, Ойдиной Абдумухторова, Меҳринисо Ўринбоева, Махпиратхон Юлдашева каби ишчилар фаолияти кўпчиликка намуна бўлмоқда.

- Корхона ташкил этилганидан буён ишлайман, - дейди ишлаб чиқариш устаси Гуллола Ҳакимжонова. - Ишчиларимизга бажарган ишларига қараб ойлик маош берилади. Умуман, самарали ишлашимиз учун корхонамизда барча шарт-шароитлар яратилган.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, корхона ишчи-хизматчиларининг аксариятини хотин-қизлар ташкил этади.

- Корхонамизда 280 нафар киши меҳнат қилади, - дейди хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Муҳаббатхон Абдуллаева. - Уларнинг деярли 95 фоизи хотин-қизлардир, айниқса, ёш қизларимиз кўпчиликни ташкил этади. Олиб борилаётган ишлар унуми ва самарадорлигини ошириш учун корхонада барча шароитлар яратилган. Ишчилар махсус кийимлар билан таъминланади, уларнинг ишга келиб кетишлари учун транспорт хизмати, бепул тушлик, барча қулайликларга эга дам олиш ҳамда тиббиёт хоналари ташкил этилган.

Корхонада Хонобод шаҳридаги қатор касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ўташлари йўлга қўйилган. Амалиёт жараёнида ишни пухта ўзлаштириб олаётган ёшлар эса доимий ишга қабул қилинмоқда. Биргина ўтган йили 24 нафар коллеж битирувчилари ишга қабул қилинди.

- Ишлаб чиқариш амалиётини ушбу корхонада ўтадим, - дейди Хонобод сервиз ва ижтимоий иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Меҳринисо Ўринбоева. - Замонавий тикув дастгоҳларида ишлашни пухта ўзлаштириб олганлигим учун ўтган йили тикув цехига ишга қабул қилиндим. Мана шундай кенг, ёруғ, барча шароитлар яратилган корхонада ишлаётганимдан беҳад мамнунман.

Эришилаётган муваффақиятларда меҳнатни ташкил этишда илғор иш услубларини қўллаш, ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, ишчи-хизматчиларни муносиб рағбатлантириш муҳим омил бўлмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

Суратларда корхона фаолиятидан лавҳалар акс этган.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди