Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№13, 25.03.2016

2016 ЙИЛ - СОҒЛОМ ОНА ВА БОЛА ЙИЛИ

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ СОҒЛОМ ВА БАРКАМОЛ ВОЯГА ЕТСИН

Ушбу саҳифада олтинкўл туманидаги 1- мактабгача таълим муассасаси фаолияти, наврўз байрамига баfишлаб ўтказилган тадбир хусусида сўз юритилади

Ойсулув Ҳамроқулова - 1965 йили Олтинкўл туманида зиёли оилада туғилган. 1990 йили Андижон давлат университетининг тарих факультетини тугаллаган. Узоқ йиллар туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимида фаолият кўрсатган. 2008 йилдан тумандаги "Ниҳол" номли 1- мактабгача таълим муассасасида мудира бўлиб ишлаб келмоқда. "Халқ таълими аълочиси" унвони, "Мустақилликнинг 20 йиллиги" нишони соҳибаси.

Оилали. Уч нафар фарзанди, бир нафар набираси бор.

Набирамни боғчага олиб кираётиб, оналардан бирининг шундай сўзини эшитиб қолдим:

- Онанинг кўнгли болада, дейишади. Лекин боғчада сиздек тажрибали мураббийлар бор экан, бизнинг фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ.

Миннатдор сўзлаётган аёл яқиндагина боласини боғчага берган аёллардан бири эди. Бундай сўзларни бошқа оналардан ҳам эшитиш мумкин.

Дарҳақиқат, Олтинкўл туманидаги 1 - мактабгача таълим муассасаси эътирофга арзийдиган маскан. Бу даргоҳ остонасига қадам қўйишингиз билан ўзингизни эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Турли хил эртак қаҳрамонлари, ўрмон, ҳайвонот боғини эслатадиган майдончани кўриб кўзингиз қувнайди. Турфа хил гулларнинг барқ уриб очилиб туриши эса кўнгилни яйратади.

Муассасада рус, инглиз тилларида ҳам машғулотлар олиб борилади. Ўнга яқин тўгараклар мавжуд. Турфа юмшоқ ўйинчоқлар, материаллардан ясалган эртак қаҳрамонлари, машғулотлар учун кўргазмали қуролларнинг ҳаммасини тарбиячиларнинг ўзлари тайёрлашади.

Хоналардаги қўл меҳнати билан ясалган гуллар ҳам ўзгача чирой, кўркамлик бахш этган. Бу ерда болалар ҳамиша турли машғулотлар билан банд. Миллий рақс тўгарагини Наргиза Собирова олиб боради. Кичкинтойларга рақс сирларини маҳорат билан ўргатади. Турли миллат вакилларининг миллий либослари ва санъатларига алоҳида эътибор қаратилади. Туман ва вилоятда ўтказиладиган кўплаб байрам тадбирлари ушбу муассаса тарбияланувчиларисиз ўтмайди, десак муболаға бўлмайди.

Бу йил болажонларнинг қизиқишларини инобатга олиб, муассасада каратэ ва гимнастика тўгараклари ҳам иш бошлади Уни спорт мураббийси Мадина Юсупова олиб бормоқда. 3 та группада 75 нафар кичкинтойлар спортнинг мазкур турлари бўйича шуғулланмоқдалар.

Бу боғчада ҳар бир кун ўзига яраша завқ, шавқ билан ўтади. Болажонлар зерикиш нималигини билишмайди. Деярли ярим асрдан буён фаолият юритаётган мазкур масканда айни кунда 220 нафар бола тарбияланмоқда. Замонавий, икки қаватли бинода кичкинтойлар учун барча шароитлар яратилган. Маскан ҳудудида гуллар, мевали дарахтларнинг кўплиги, резаворларнинг боғчанинг ўзидан чиқиши эса мудира Ойсулув Ҳамроқулова ва жамоанинг меҳнаткашлиги, ишнинг кўзини яхши билиши самарасидир.

- Болалар қувончини кўрсам яйраб кетаман,- дейди мудира. -Уларнинг табассуми қалб ободлигидир. Боғчамизга болажонлар ҳар куни кулиб кириб келадилар. Чунки бу ерда болажонларни қизиқтирадиган муҳит яратилган, бир кун боғчага келган бола, эртасига ўзи ошиқиб қолади...

Ойсулув Ҳамроқулова мазкур боғчада иш бошлаган пайтда 3 та гуруҳда 45 нафар бола тарбияланарди. Бугунги кунга келиб эса 10 та гуруҳда 220 нафар бола тарбияланмоқда.

- Жамоамизда 51 нафар ходим меҳнат қилади, уларнинг 26 нафари педагоглардир, - дейди О. Ҳамроқулова. - Уларнинг ҳаммаси ўз ишининг усталари. Вазифаларини сидқидилдан, маҳорат билан бажарадилар. Айниқса, мусиқа раҳбари Абдуманноп Араповнинг фаолияти алоҳида эътирофга лойиқ. Тарбиячи-услубчи "Халқ маорифи аълочиси" унвони соҳибаси Шоҳиста Ривожиддинова ўзининг изланувчанлиги билан ажралиб туради. Севара Тўйчиева, Наргиза Собирова, Альбина Аҳметова, Марҳабо Исақова, Шаҳзода Ҳалилова, Хилола Эргашева, Зарина Давлатова, Шодмоной Тожиддинова, Нодира Тиллабоевалар ўз ишларининг фидоийлари десам, янглишмаган бўламан. Муассасамизга билимли, ўз ишига масъулият билан ёндашадиган жамоа йиғилган.

Ҳар қандай ота-она учун ҳаётда боласининг қувончидан, унинг соғлом ва баркамол ўсиб улғайишидан муҳимроқ нарса йўқ. Шундан келиб чиқиб, болажонларнинг соғлом, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол ўсишларига жиддий эътибор қаратилади. Машғулотларни болаларга маъқул келадиган тарзда, уларнинг қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилади. Ҳеч қачон тарбияланувчиларни бўш қолдиришмайди.

Наврўз байрами арафасида муассаса томонидан туман маданият саройида "Соғлом она ва бола" йилига бағишланган "Фарзандлари соғлом юрт - қудратли бўлур" шиори остидаги байрам тадбири ўтказилди.

Боғча тарбияланувчиларнинг юрт мадҳини тараннум этувчи куй-қўшиқлари, рақслари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Ўзга сайёрадан келган меҳмонларнинг қаерга келиб қолганини сўраш асносида бошланган байрам тадбири тарбиячи ва тарбияланувчиларнинг Ўзбекистонимиз бўйлаб саёҳати давомида вилоятларнинг ўзига хос обидалари, қадриятларини тасвирлаш орқали жаннатмонанд юртимиз ҳақида уларга кенг маълумотлар берилди.

Халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олган "Андижон полкаси", "Хоразм лазгиси", "Наманганнинг лоласи", "Мустаҳзод" сингари қўшиқларга тайёрланган рақслар, шунингдек, турли вилоятларнинг ўзига хос кийимлари ва рақслари асосида ижро этилган чиқишлар байрам тадбирига ўзгача руҳ бағишлади.

- Ана шундай бадиий кўринишда Ўзбекистон тарихини болаларга тушунтириш орқали ўзимиз ҳам билимимизни бойитиб бордик, - дейди тадбир ташкилотчиларидан бири Ойжамол Деҳқонова. - Бу айниқса, болажонларимизнинг кўп нарсаларни билиб олишларига яқиндан ёрдам берди.

Жажжи қизалоқларнинг рақсга монанд кийимларининг дизайнери ва тикувчиси билан қизиқдик.

- Тикувчимиз Муҳаррамхон Сиддиқова ҳам жамоамизнинг ўзидан, - дейди мудира.

- Дизайнери мудира опамизнинг ўзлари, - дейди услубчи Шоҳистахон.

Дарҳақиқат, Ойсулув ўзининг моҳир тикувчи эканлиги билан ҳам кўпчиликка таниш. Бугун эса жажжи болажонларнинг байрам тадбирларида чиқишлари учун тайёрланаётган костюмлар, қизалоқларнинг либослари унинг чизмалари асосида тикилмоқда.

- Бу борада миллийликни биринчи ўринга қўяман, - дейди мудира. - Чунки болажонларимизни миллий либосларимизга, қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш уларнинг келажакда етук инсон бўлишларида муҳим аҳамият касб этади.

Боғчамизнинг ҳар бир гуруҳида "Зумрадойлар давраси" ташкил этилган. Гуруҳ машғулотларида жажжи қизларимиз меҳмон кутиш одоби, дастурхон тузаш сингари удумларни ҳам тарбиячи опаларидан ўрганиб боришади.

Тадбир давомида миллий кийимлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди. Унда аёллар ва болажонлар учун адрас ва атлас матоларидан замонавий кўринишда тикилган либослар меҳмонлар ва ота-оналар томонидан илиқ кутиб олинди.

Байрам тадбирига таклиф этилган уй мактабида ўқиётган меҳр-мурувватга муҳтож болажонларга шу куни совға-саломлар топширилди. Уларнинг банкда очилган жамғарма ҳисобларига шу куни хомийлар томонидан маблағлар ўтказилди.

Болажонларнинг севимли "Билимдон" журнали муҳаррири Кларахон Ҳамроқулова ҳам кичкинтойларга таҳририятнинг совғалари, шунингдек, "Билимдон", "Знайка" ҳамда " Ехсеllеnт" журналларидан тақдим этди.

Шу куни йиғилганлар болажонларнинг байрам тадбирига тайёрлаган қувноқ куй-қўшиқларидан олам-олам завқ олдилар.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур мактабгача таълим муассасасида фарзандларимизни соғлом, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол тарбиялаш, вояга етказиш борасидаги ишлар намунали олиб борилаётганлиги ҳар қанча таҳсинга муносибдир.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.

Суратларда: муассаса жамоаси ҳамда байрам

тадбиридан лавҳалар.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди