Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№42, 15.10.2015

Бугуннинг гапи

ИСРОФ ВА УВОЛДАН ҚЎРҚАЙЛИК!

Яқинда дугонамникида меҳмондорчилик бўлди. Бундай пайтларда бир-биримизнинг ишларимизга қарашиб турамиз. Ўша куни дастурхонларни йиғиштириб, идишларни юваётганимизда дугонамнинг бувиси "Одамлар уволдан қўрқмай қўйишди. Бугунги маросимларнинг кўпи исрофгарчиликка айланиб кетяпти" дея ушатилган нонларни кўзига суртиб, алоҳида қилиб олиб қўйди.

Ота-оналаримиз болалигимиздан "нонни увол қилма, ушоғини тўкма", дея кўп насиҳат қилишган. Аммо уволдан қўрқиш, увол ва исрофгарчиликнинг гуноҳ эканлигини афсуски, кўпчилик, айниқса, аксарият ёшлар унутиб қўймоқда.

Қон-қонимизга сингиб кетган

Халқимиз қадимдан ҳар бир нарсани меъёр билан сарфлашга одатланган. Неъматларнинг эҳтиёждан ортиғини ишлатиш увол саналади. Жуда қадим замонлардан қолган битикларда ҳам табиат ато этган неъматларни беҳуда исроф қилмаслик ҳақида шеърлар, ривоят ва насиҳатлар мавжуд.

Халқимиз орасида "Ноннинг увоғи ҳам нон", деган гап бор. Кексалар ерга тушган нон ушоғини дарҳол кўзга суришади. Бу билан нон, неъматларнинг улуғи эканини эътироф этишади. Болаларга ҳам ёшлигиданоқ, исрофгарчилик яхшиликка олиб келмаслигини уқдириб боришади. Чунки халқимиз бугунги тўкин-сочин кунларга етиб келгунча, очликни ҳам, қаҳатчиликни ҳам, қимматчиликни ҳам бошидан ўтказган. "Қимматчилик бўлса-бўлсин, қаҳатчилик бўлмасин", деган ибора бежиз айтилмаган.

Қаҳатчилик нима дегани?

Бугунги ёшлар тўкин-сочинликда улғайишмоқда. Шунинг учун кимдир ерда ётган нон увоғини кўзига суртганини кўрса, уларга эриш туюлади. Уларнинг орасида "Ана дўконга чиқсанг нон, қоп тўла ун, истасанг бир тандир ёпиб олишинг мумкин. Энди бир тишлам ноннинг ерга тушганига шунча ваҳима қилиш керакми?" дейдиганлар ҳам бор. Ана шу тўкинликнинг қадрини эса қимматчилик ва қаҳатчиликни бошидан ўтказган, қийинчиликларни кўрган инсонлар яхши англайдилар.

Табиат инжиқлик қилса, ёмғир ёғмай қурғоқчилик бошланса, ердан дон унмайди. Дарахтлар қуриб кетади, мевалар бўлмайди. Ҳатто, ўт-ўланлар кўкармайди. Демак, чорвачиликдан умид қилмаса ҳам бўлади. Сув ва ўт-ўлан бўлмаган жойда сигир-қўй боқишнинг иложи йўқ. Сут-қатиқ, тухум-сариёқ, гўшт-ёғ деган нарсалар ҳам бўлмаслиги табиий. Натижада қаҳатчилик бошланади. Қаҳатчилик йилларида ейишга нон, ичишга сув топишнинг ўзи машаққатга айланган. Бундай йилларда одамлар ерни ковлаб, ўсимлик илдизларини топиб, шулар билан кун кўргани ҳақида кексалар кўп гапиришган. Қаҳатчилик йилларида қўлида тилло-ю зари бўлганлар ҳам ейишга нон тополмай очликдан жон берган экан.

Бугунги кунда неъматлар бисёр. Дастурхонимиз тўкин. Бозорлардан ҳамма нарсани топиш мумкин. Ҳатто, қишнинг қаҳратонида ҳам янги узилган помидор, бодринг егингиз келса, бозор растасидан топа оласиз.

Қадимдан халқимизнинг тўй-маърака, гап-гаштаклари дастурхони, турли-туман ноз-неъматлар билан безанган. Лекин уларда ҳамиша меъёр бўлган. Тўкин-сочин бугунги кунда маросимларимизда меъёр сақланяптими, неъматлар аввалгидек қадрланяптими, деган саволлар кўпчилигимизни ўйлантириши табиий. Келинг, бу саволга жавоб топиш учун халқимиз орасида кўп тарқалган зиёфатларни таҳлил этиб кўрайлик.

Гап-гаштаклар: кеча ва бугун

Бугун гап-гаштакка йиғилмайдиган одамлар жуда кам. Эркаклар жўралари ва улфатлари билан чойхонада йиғилишиб ўтирса, аёллар, қизлар ва ҳатто, кекса онахонларимиз ҳам ўз дугоналари билан зиёфат уюштирадилар. Дўстлар, кўнгил яқин инсонлар йиғилиб дийдорлашади, суҳбатлашиб кўнгиллар ғуборини тарқатишади.

Аввалги замонларда ҳам гап-гаштаклар бўлган. У вақтларда бундай зиёфатга йиғилганлар достонлар эшитишган, турли ривоят ва ҳикматлардан сўзлашишган. Зиёли кишилар шеърхонлик, ғазалхонлик қилишган. Гап ўтказаётган одам келганларнинг эҳтиёжига яраша ош-овқат пишириб, дастурхонга тортган. Хизматдаги ёш-яланглар ҳам чой ташиш баҳонасида ривоят ва ҳикматлардан, ўқилаётган достонлардан баҳраманд бўлишган.

Ҳозирги кунда эса гаплар янгича қиёфа касб этди. Унинг мазмун-моҳияти анча ўзгарди. Дастурхондаги ноз-неъматларнинг тури кўпайди. Сўнгги пайтларда айрим аёлларнинг гапларида дастурхонга ҳатто, спиртли ичимликлар қўйилаётгани ҳам бор гап. Гапга келганларнинг ривоят ва ҳикоят эшитишга умуман, тоқатлари йўқ. Агар кимдир бу ҳақда сўз очса:

- Бошимизни қотирма, насиҳат эшитишга келмадик, бир ўйнаб кулайлик, - дейишади. Турли мусиқаларни қўйиб, рақсга тушишади ёки бошқаларнинг ғийбатини қилишади.

Дастурхонга тортилаётган неъматларнинг сони ҳам ортиб бормоқда. Аввал суюқ, кейин сомса, манти, ош дегандай, ундан сўнг ширинликлар ва ҳакозо... Шу боис ҳам "Фалончи гапини зўр ўтказди", деган гаплар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолган.

Тўқликка шўхликми?

Юртимизнинг қайси ҳудудида ўтказилишидан қатъи назар, тўйми, маъраками эркаклар белгиланган вақтда бориб, ош-овқатини еб, юзига фотиҳа тортиб иш-ишига жўнаб кетишади. Аммо аёллар йиғиладиган зиёфатларнинг кўпи исрофгарчиликка айланиб кетмоқда. Ўтказилаётган тўй-ҳашамларнинг аёллар учун ёзилган дастурхонларида кўплаб неъматлар шунчаки хўжакўрсинга меҳмонлар олдига кириб чиқади.

Аввало шуни айтиш керакки, меҳмонлар келгунча, дастурхон усти қимматбаҳо қанд-қурслар, мева чевалар ва сарҳил салатлар билан безатиб қўйилади. Дастурхон устида очиқ жой қолмаслиги шарт. Айб бўлади.

Аёллар кириб ўтиргач, чойдан сўнг, камида икки хил сомса тортилади. Кейин суюқ овқат киради. Ундан сўнг хасип, қази-қарта, манти, қовурилган товуқ ва яна бир нечта таом дастурхон юзини кўради. Қуда холалар бу неъматларнинг ҳаммасини паққос туширади, деб ўйлаяпсизми? Йўқ, адашасиз, бугунги қуда холалар анча нозиктаъб, айримлари ҳатто, парҳезгар бўлишади. Улар олдига киритилган таомларнинг биттасини тановул қилсалар ҳам катта гап. Қолган таомлар меҳмоннинг олдига қўйилгач, унинг юзига термилиб, сарғаяди, совийди. Кейин музтар ҳолда, бош эгиб чиқиб кетади. Ўрнига бошқаси тортилади. Унинг тақдири ҳам худди шундай.

Охирги пайтларда бундай зиёфатларга хазмни тезлаштирадиган дориларни киссасига солиб бораётганлар ҳам йўқ эмас.

Шунча таомни тайёрлашнинг ўзи бўлмайди, албатта. Тўй эгасининг қўни-қўшнилари, опа-сингиллари, амма-хола, овсинлари машаққатлар билан меҳмон кутишади. Бу аёлларнинг кўпчилиги ишлашини инобатга олсак, вақт масаласи ҳам улар учун жуда қимматли. Таомларнинг увол бўлаётгани-ку, кундай равшан. Аммо қанча меҳнат, қанча ҳаракат, қанча харажатнинг ва мана шу таомларни тайёрлашга кетган вақтнинг исрофига ким жавобгар бўлади?

Ҳар сафар бундай зиёфатларга йиғилган аёллар тортилаётган таомлар сонини қисқартириш кераклигини таъкидлашади. Аммо зиёфат ўзларининг хонадонида уюштириладиган бўлса, меҳмонларни худди шундай кутиб олишаверади. Негаки, "Фалончи қуданинг уйида тўққиз хил таом тортилганди, бу ерда ддастурхонга ўнта таом киритилмаса, аёллар "гапириб" кетиши мумкин". Исрофгарчилик шу зайлда кун сайин ортиб бораётганлиги барчамизни ташвишга солиши, бундай ҳолатларга қарши қатъий иш олиб боришимиз керак. Токи кун келиб, бу каби ҳолатлар тузатиб бўлмас даражада урчиб кетмасин.

Уволи тутса нима бўлади?

Муқаддас китобларда, донолар ҳикматларида, қолаверса, тарих тажрибасида агар неъматлар ўз вақтида қадрланмаса, исроф қилинаверса, охир-оқибатда унинг камайиб кетиши ва одамлар айнан шу нарсага муҳтож бўлиши ҳақида битиклар, ҳикматлар жуда кўп.

Меҳмондўстлик - халқимизнинг энг улуғ қадриятларидан. Эшикдан кирган одамнинг олдига дастурхон ёзамиз. Топган-тутганимизни тўкиб соламиз. Урф-одатларимизнинг жуда кўпчилиги мана шу меҳмоннавозлигимиз билан боғлиқ. Лекин ҳамма нарсада меъёр бўлиши кераклигини унутмаслигимиз керак. Агар меъёрни билмас эканмиз, увол ва исрофга йўл қўйилаверади. Кексалар тинимсиз исрофгарчилик йўқчиликка йўл очилади, дейишади. Демак, бугунги тўкин-сочинликни сақлаб қолиш учун исроф ва уволдан сақланишимиз зарур.

Азиз муштарий! Юқорида бугунги кунда йўл қўйилаётган исрофгарчилик билан боғлиқ баъзи ҳолатлар хусусида сўз юритдик. Агар сизларда исроф ва уволнинг бошқа жиҳатлари борасида фикр-мулоҳазалар, айтмоқчи бўлган гапларингиз бўлса, ёзиб юборинг. Неъматларга шукроналик ва уларнинг қадр-қиммати ҳам удумларимиз каби қон-қонимизга сингиб кетган экан, бу борадаги ҳар бир фикр шубҳасиз, барчамизга сабоқ бўлади.

Ҳамрохон МУСУРМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди