Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№43, 22.10.2015

Бизнинг суҳбат

АЁЛЛАРГА НАФОСАТ, НАЗОКАТ ЯРАШАДИ,

- дейди хўжаобод тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси

маъмурахон абдужабборова.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов Ватан равнақи, юрт келажаги ҳақида сўз юритганида, бу борада хотин-қизларнинг ўрни ва роли беқиёс эканлигини кўп эътироф этади. Ҳақиқатан ҳам, мамалакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида, кенг кўламли бунёдкорлик ишларида опа-сингилларимизнинг ҳиссаси ниҳоятда катта. Юрт равнақи, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлод тарбияси, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасидаги ишларда муҳтарама аёлларимизнинг фаол иштироки хусусида мухбиримиз Хўжаобод тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Маъмурахон Абдужабборова билан суҳбатда бўлди.

- Туман хотин-қизларининг фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлардан, улар эришаётган ютуқлардан кўнглингиз тўладими?

- Аёлларга табиат ҳусну малоҳат, назокат ва нафосат берган бўлса, Аллоҳ уларга яратувчилик сифатини берган. Аёл фарзандларни дунёга келтиради. Уларнинг камоли, келажаги учун жонфидо бўлади. Шу билан бирга, давлат ва жамоат ишларида ҳам иштирок этади. Тўғри, айни кунда юртимиз, вилоятимизнинг барча жойларида бўлгани каби туманимизда ҳам хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Бу борада ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар жуда кўп.

Бугун опа-сингилларимиз эришаётган ютуқлардан қувонмаслик мумкин эмас. Сенатор - Тожибархон Йўлдошева ташаббускорлиги, маслаҳатчи сифатидаги олиб бораётган ишлари билан элимиз ўртасида ҳурмат қозонди. 80 ёшли чевар онахонимиз - Раънохон Мамажонованинг нозик қадаб тиккан буюмлари ҳар қандай кишини лол қолдиради. Ёш тадбиркор Мадинабону Маматқулова томонидан тайёрланаётган аёллар ва болаларнинг бежирим либослари нафақат туманимиз, ҳатто қўшни вилоятларда ҳам анча харидоргир. 13- умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Зарнигор Абдураҳмонова эса белбоғли кураш бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. Истеъдодли қизимиз Юлдузхон Ўрмонова Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлди. Бундан ташқари, яна қанча-қанча аёлларимиз тадбиркорлик, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланишиб, халқимиз эҳтиёжи учун маҳсулотлар тайёрламоқда, янги-янги иш ўринларини яратишмоқда. Умуман, туманимиз хотин-қизлари эришаётган ютуқлар салмоғи йилдан-йилга ортиб бораётганидан қувонамиз.

- Маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда аёллар фаоллигини ошириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталсангиз?

- Маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари бизнинг асосий таянчимиздир. Уларнинг, қолаверса, бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари етакчилари ҳамда фаолларимиз саъй-ҳаракатлари билан опа-сингилларимиз фаоллигини ошириш, маҳаллалардаги маънавий муҳит барқарорлигини, хотин-қизлар, айниқса, коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлиги ва оилавий бизнесни ривожлантириш, улар ўртасида соғлом турмуш тамойилларини шакллантириш, тиббий, ҳуқуқий билимларини юксалтириш, шунингдек, турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли амалий ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жуда кўп тадбир ва мулоқотлар ўтказилди. Хусусан, "Маҳалламиз маликалари", "Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси", "Отам, онам ва мен - спортчилар оиласимиз" сингари кўрик-танловлар олиб бораётган ишларимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, тумандаги касб-ҳунар коллежлари, 2-, 11-, 28- умумий ўрта таълим мактабларида қизларни эрта турмушга беришнинг салбий оқибатлари, қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, рўмолни ўзбекона урф-одатларимизга мос ўраш, одам савдоси, гиёҳвандлик сингари иллатларга қарши кураш ҳар биримизнинг вазифамиз эканлиги тўғрисида суҳбатлар ўтказилди.

Ана шу тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, туманимизда истиқомат қилаётган 55 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг фаоллигини, уларнинг жамиятдаги нуфузи, ўрни ва ролини оширишга, тадбиркорлик, ижод ва бошқа соҳаларда ўз салоҳият, истеъдод ва маҳоратларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб беришга, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган.

- Олиб борилаётган ана шу ишларга қарамай, хотин-қизлар ўртасида салбий ҳолатлар ҳам юз бермоқда. Бунинг сабаблари нимада, уларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

- Бизнинг энг оғриқ нуқталаримиз ҳам шунда. Аёллик, оналик шаънига доғ тушириб, айрим аёлларимизнинг жиноятга қўл ураётганликлари барчамизни жиддий ташвишга солади.

Жорий йилда опа-сингилларимиз билан боғлиқ салбий ҳолатлар айрим йўналишларда камайган бўлса-да, айрим йўналишларда ортиб кетган. Бу нотинч оила вакиллари, жиноятчиликка мойиллиги юқори бўлган аёллар қатлами билан етарли даражада иш ташкил этилмаганлиги натижасидир. Ана шу ҳолатлар, уларнинг сабаблари туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан прокуратура, ички ишлар, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, ФҲДЁ ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиб, таҳлил қилинмоқда. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, зарур ишлар олиб борилмоқда.

Юқоридаги каби салбий ҳолатлар содир этилаётганлиги ана шу йўналишларда олиб борилаётган ишларимиз кўлами ва самарадорлигини янада оширишимизни тақазо этади. Демак, бундан буён маҳалла ва ташкилотларда ҳар бир оила, ҳар бир аёлга етиб бориш, уларнинг ҳар бири, айниқса, нотинч оилалар вакиллари билан жиддий иш олиб боришни йўлга қўямиз. Тарғибот ишларида таъсирчан усуллардан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратамиз. Ишонаманки, келгусида мана шу саъйи ҳаракатларимиз ўзининг ижобий самарасини беради.

Шу ўринда таъкидлаб ўтишим жоизки, туман ҳокимлиги қошида маслаҳатчилар, отинойилар, тарғиботчилардан ташкил этилган жамоатчилик штаби ҳам мунтазам иш олиб бормоқда. Штаб фаолиятида, айниқса, уйда ўтирган аёлларни иш билан таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, маънавиятини юксалтириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

- Сизнингча, бугунги кун аёли қандай бўлиши керак?

- Бугунги кун аёли хоҳ у уй бекаси бўлсин, хоҳ жамият ишида бўлсин, ҳамиша эзгуликка ҳамроҳ яшаши керак, одоб-аҳлоқли фарзандларни тарбиялаш, эл-юрт ишига камарбаста бўлиш орқали юрт равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши лозим. Оила хотиржамлиги, фарзанд тарбиясида аёлнинг, айниқса, унинг маънавиятли бўлиши муҳим роль ўйнайди. Шу маънода барча аёлларимиз оқ-қорани ажратадиган, маънавиятли бўлиш учун излансин, ўқисин, ўргансин, давримиз янгиликларидан хабардор бўлсин. Хусусан, аёл газета, китоб ўқиса, фарзандларини ҳам ана шу асосда тарбиялашга эътибор қаратса, унинг зурриётлари, албатта, элимизга нафи тегадиган, ёмон йўлга юрмайдиган инсонлар бўлиб вояга етади. Бу борада вилоятимиз хотин-қизларининг "Иқбол" газетаси ҳар бир хонадонга кириб боришини, яна опа-сингилларимизнинг ақлли, гўзал, тадбирли, оиласини ҳамиша муқаддас биладиган, нафосат ва назокат соҳибалари бўлишларини жуда-жуда истар эдим.

- Суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош: Раҳимахон АБДУРАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди