Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№44, 29.10.2015

Намунали отинойилар

ҲАЁТ - ИБРАТ МАКТАБИДИР

- дейди Жалақудуқ тумани, Янгисор қишлоқ фуқаролар йиғини отинойиси Оқибатхон Шамсутдинова.

Отинойи - илм, одоб-аҳлоқ, маънавият тарғиботчисидир. У ўзининг диний, дунёвий билими, олиб бораётган хайрли ва эзгу амаллари билан юртдошларимиз ўртасида яхшилик уруғларини сочаётган жамиятимизнинг энг илғор вакилларидан биридир. Бугунги кунда маҳаллаларимизда маънавий муҳит барқарорлигини, оилалар мустаҳкамлиги ва таъминлаш, ёшлар тарбияси, аҳоли, айниқса, қиз-аёлларимиз маънавиятини юксалтириш, уларнинг фаоллигини оширишда отинойиларнинг алоҳида хизматлари бор.

Жалақудуқ туманидаги Янгисор қишлоқ фуқаролар йиғини отинойиси Оқибатхон опа Шамсутдинова ҳам намунали фаолият олиб бораётган отинойилардан биридир. Унинг маслаҳатчи, маҳаллалар фаоллари билан ҳамкорликда олиб бораётган саъйи-ҳаракатлари самараси ўлароқ, тўйлар, турли маросимлар ихчам, камчиқим ўтказилишига эришилмоқда. Қолаверса, кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари туфайли ҳудудда оилавий низолар, ажримлар, нотинч оилалар, хотин-қизлар билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар кескин камайган.

О. Шамсутдинова ўз фаолиятида, айниқса, ёшлар тарбияси, уларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Унинг ташаббуси билан қишлоқ ҳудудидаги мактаб ва коллежларда ўқувчи ёшлар, хусусан, қизлар иштирокида "оммавий маданият", турли мафкуравий таҳдидларнинг олдини олиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари мавзуларида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлар ижобий натижалар бермоқда.

- Оқибатхон опа қишлоғимиздаги ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этади, - дейди Янгисор қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Ойистахон Норматова. - Айниқса, ёшлар тарбияси билан боғлиқ жараёнларда унинг фаоллигини алоҳида эътироф этиш лозим. Ҳеч кимдан маслаҳатини, ёрдамини аямайди, ўз ишига катта масъулият билан ёндошадиган фидойи аёлларимиздан биридир.

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Оқибатхон опа ҳузурига ёрдам, маслаҳат сўраб келувчиларга имкон қадар ёрдам беради. Мавжуд муаммоларни, айрим оилалардаги низоларни бартараф этишга доимо бош-қош. Айниқса, ҳамқишлоқларига фарзанд тарбиясига, уларнинг маънавиятли, одоб-аҳлоқли бўлиб ўсишларига жиддий эътибор қаратиш зарурлигини уқтириб чарчамайди. Чунки ана шундай инсоний фазилатлар соҳиби бўлган инсон ҳеч қачон ёмон йўлга юрмаслигини опа яхши билади. Умуман, опа кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлаётганлиги, камтарлиги, ўз ишига масъулияти, фидойилиги туфайли ҳам одамлар ҳурмат-эътиборини қозона олган.

- Ҳаёт ибрат мактабидир, - дейди Оқибатхон опа. - Ибрат олиб яшаш, ҳар бир нарсага эътиборли бўлиш инсонни тўғри йўлдан адаштирмайди. Фаолиятим жараёнидаги бир воқеани мисол тариқасида айтиб ўтишим ўринлидир. Бир маҳалладошим ёнимга келиб, қизи коллеж ўқувчиси бўлишига қарамай, сира ўқишга хуши йўқ. Ўзи ҳам, ўқитувчилари ҳам унинг таълимга бўлган иштиёқини кўтаролмаётганини айтиб нолиди. Мен онасининг кўнглига таскин бердиму, қизнинг ўзи билан суҳбатлашдим. Ўқиб-ўрганиб турли соҳаларнинг етук мутахассислари бўлган аёлларнинг тақдири, ютуқларга тўла ҳаёт йўллари ҳақида гапириб бердим. Унга турли қизиқарли китоблар совға қилдим. Ўша қиз билан она-боладай суҳбатлашдим. Суҳбат асносида билдимки, онаси қизи билан сира кўнгилдагидай гаплашмас, уй-рўзғор ва ишидан ортиниб, фарзандининг қизиқишларига эътибор қаратмас экан. Қизни йўлга солгач, она билан алоҳида гаплашиб олдим, дакки ҳам бердим. Ахир фарзанд тарбияси жуда нозик масала, у вақтида тўғри шакллантирилмаса, тарбия кўнгилдагидек бўлмаслиги аниқ. Шунинг учун ҳам фаолиятимда, қолаверса, ота-оналар билан мулоқотларда фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўп таъкидлайман.

Опанинг фаолиятида унинг қирқ йиллик ўқитувчилик тажрибаси жуда қўл келмоқда. Шунинг учун ҳам устозлик машаққатларидан, эъзозларидан куч олган Оқибатхон опа нафақага чиққач ҳам тарбия борасидаги ишларни сидқидилдан давом эттирмоқда. Бу борада Оқибатхон опага одамлар ишончи, оиласи, айниқса, турмуш ўртоғи Шокиржон ака Шамсутдинов ҳамда фарзандларининг кўмаги катта куч бермоқда.

ЗИЛОЛА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди