Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№47, 19.11.2015

Мулоҳаза

БОЛАНГИЗГА АЛЛА ВА ЭРТАК АЙТАСИЗМИ?

Алла ва эртаклар орқали кичкинтойлар қалбига яхшилик уруғлари экилади, эзгулик сингдирилади.

Психологларнинг фикрига кўра, меҳр қўшиғи бўлган аллани тинглаб ухлаган гўдакнинг уйқуси тинч, юраги бақувват бўларкан. Алла ва эртаклар таъсирида улғайган боланинг ота-онасига, яқинларига, Ватанига, халқига бўлган меҳр-муҳаббати кучли бўлиши ҳаётда ҳам ўз исботини топгани ҳақиқатдир. Халқ оғзаки ижоди намуналари саналган алла ва эртак болажонлар руҳияти, феъл-атворида тўғрилик, дўстлик, оқибат, қатъиятлилик сингари инсоний фазилатларни тарбиялашга ёрдам беради. Шунингдек, уларнинг инсон камолоти ва тарбиясидаги ўрнини алоҳида таъкидлаш даркор.

Аммо яна бир масаладан кўз юмиб бўлмайди. Бугунги кунда аксарият ёш оналар дилбандларига алла ва эртак айтмасликлари, ҳатто баъзи келинларимизнинг алла айтишни билмасликлари ҳам бор гап.

Яқинда бир маҳалладошимиз шу мавзуда бир воқеани айтиб берганди. Уч ёшли қизалоғининг тиши қаттиқ оғрир, аммо қизча шифокорга боришга сира кўнмабди. Фарзандини врач ҳузурига боришга кўндира олмаган она охири унга "Қизил шапкача" эртагини қизининг ҳолатига мослаб айтиб беради. Эртакка кўра, жажжи қизил шапкачанинг ҳам тиши оғриганда, онаси уни шифокорга олиб борган ва оғриқдан қутилгач, алла тинглаб ухлаб қолган. Эртакни эшитган қизалоғи ўша куниёқ шифокорга боришга рози бўлган ва уйга қайтгач, онасидан алла айтиб беришини сўраган...

Бу воқеани келтиришимиздан мақсадимиз, болаларда алла ва эртакка бўлган муҳаббатни уйғота олиш ва уларнинг инжиқлигу қайсарликларини ана шу халқ оғзаки ижоди намуналарида келтирилган фазилатлар билан енгишни ўргатишдир. Эртакларни вазиятга қараб ўзгартириш, замонга мослаштириш орқали ҳам болажонлар руҳиятига кириб бориш мумкин.

Бугун қатор ижодкорлар замон билан ҳамнафас руҳдаги эртакларни болажонларга тақдим этиб улгуришган. Қуддус Муҳаммадий, Анвар Обиджон, Исажон Султон сингари шоирларнинг истиқлолни тараннум этган шеърий эртаклари аллақачон ўз ўқувчиларини топган.

Онажонларнинг фарзандларига алла ёки эртак айтиб беришлари учун ортиқча вақт ҳам, қийинчилик ҳам талаб этилмайди. Алла, эртак айтишни билмайдиганлар оналари, бувилари, хуллас, ёши улуғлардан маслаҳат олсалар, мақсадга мувофиқ бўлади. Қолаверса, ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари жамланган қатор адабиётлар исталганча топилади. Ёш оналаримиздан эса бунинг учун озгина уқув ва эътибор талаб этилади, холос.

Энг муҳими, фарзандларимиз тарбиясида алла ва эртакларнинг ўрни ниҳоятда катта эканлигина асло унутмаслигимиз лозим.

Муҳайёхон ҒОФУРОВА,Хўжаобод туманидаги 40- ДИМИ ўқитувчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди